Озарбайжонда Габала халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади
Бу ёзда Озарбайжоннинг Габала шаҳри яна бир бор жаҳон мусиқаси марказига айланади. 2025 йил 24–29 июл кунлари бўлиб ўтадиган XIV Габала Халқаро Мусиқа Фестивали мусиқасеварларга унутилмас лаҳзаларни тақдим этади. Фестивал Ҳайдар Алиев жамғармаси ташаббуси ва ташкилотчилиги, шунингдек, Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги, Узейир Ҳожибеков номидаги Боку мусиқа академияси ва “Гилан” компанияси кўмагида ўтказилади.
2009 йилдан бери ўтказиб келинаётган бу катта мусиқа байрами нафақат классик мусиқа анъаналарини асраб-авайлаб келаётган, балки дунёнинг турли бурчакларидан санъаткорлар ва ёш истеъдодларни бир саҳнада жамлайдиган халқаро маданий майдонга айланган.
Бу йилги фестивалда Озарбайжон, Лотин Америкаси, Литва ва Грузиядан таниқли ижрочилар иштирок этади. Улар томонидан тақдим этиладиган дастурда Озарбайжоннинг миллий мусиқий мероси ҳамда жаҳон мусиқа маданияти акс этади.
Озарбайжонда 2025 йилнинг “Конституция ва суверенитет йили” деб эълон қилиниши, шунингдек, Озарбайжон профессионал мусиқасининг асосчиси Узейир Ҳожибековнинг туғилганига 140 йил тўлиши бу йилги фестивалнинг маънавий ва тарихий аҳамиятини янада оширади. Фестивал доирасида Халқ артисти Рауф Атакишиевнинг 100 йиллиги ва атоқли бастакор Васиф Адигёзаловнинг 90 йиллиги муносабати билан махсус концерт дастурлари ҳам тақдим этилади.
Габала Халқаро Мусиқа Фестивали 2025 йилнинг энг эсда қоларли воқеаларидан бири бўлиши кутилмоқда.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0