Ташкилот қайта ташкил этилса, ходимлар тақдири қандай бўлади?
Савол: Мен ишлаётган ташкилот яқинда қайта ташкил қилинар экан, унинг номи ҳам ўзгаряпти. Энди ходимлар ҳам ишдан бўшатиладими?
Саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгаши меҳнат-ҳуқуқ инспектори Машраб Мирзаев жавоб берди.
– Меҳнат кодексининг 156-моддасига кўра, ташкилотнинг мулкдори алмашганда, худди шунингдек, ташкилот қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилганда, қўшиб олинганда, бўлинганда, ажратиб чиқарилганда, ўзгартирилганда) меҳнатга оид муносабатлар ходимнинг розилиги билан давом эттирилади. Яъни, шу сабаб билан ходим ишдан бўшатилиши мумкин эмас.
Агар ходим бунга рози бўлмаса, яъни қайта ташкил этилган ташкилотда ишлашни хоҳламаса, унда меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин.
Ташкилот қайта ташкил этилиши натижасида штат сони қисқартирилган бўлса, унда фақат қисқартирилган штатдаги ходим билан тузилган меҳнат шартнома Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисми 2-бандига асосан бекор қилиниши мумкин. Ходим 156-модданинг биринчи ёки тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ишни давом эттиришни рад этганда, ходим билан тузилган меҳнат шартномаси ушбу Кодекснинг 173-моддасига мувофиқ тегишли ишдан бўшатиш нафақаси тўланган ҳолда бекор қилинади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0