Ўтган йили банкдан кредит олган аҳоли сони 4,7 млн кишига етган – Марказий Банк
Марказий банк томонидан 2024 йил молиявий барқарорлик бўйича ҳисоботда қайд этилишича, ўтган йилнинг якунида ҳар 1000 кишига банклар олдида қарз мажбурияти мавжуд 224 та меҳнатга лаёқатли ёшдаги доимий аҳоли тўғри келиб, 2023 йилга нисбатан 31 кишига ортган.
Шунингдек, 2024 йил якунида банкдан кредит олган жисмоний шахслар сони 4,7 млн кишини ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 18 фоизга ошган. Таъкидланишича, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган давлат дастурлари кўламининг ортиши ҳамда банк хизматлари қамровининг кенгайиб бориши аҳоли ўртасида банк кредити маҳсулотлари оммалашишига туртки бўлмоқда.
Ўз навбатида, Марказий банк 3 546 нафар респондент иштирокида аҳолининг банк ва банкдан ташқари қарз мажбуриятлари бўйича жами қарз юки даражасини аниқлаш мақсадида сўровнома ўтказган. Респондентларнинг ярмида оила аъзолари сони 4 ёки 5 кишидан иборат бўлиб, улар ва оила аъзолари банд бўлган асосий иш фаолияти турларининг катта қисми молия, таълим, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, савдо ва бошқа соҳаларга тўғри келади.
Жами респондентларнинг 73 фоизи ўзи ёки оила аъзоларидан бирида банк ёки банкдан ташқари кредит ёки қарз мажбуриятлари борлигини айтишган. Бундан ташқари, жами респондентларнинг 64 фоизи банклардан қарз мажбуриятлари борлигини маълум қилган. Банкдан қарздор респондентларнинг 19 фоизи банкдан ташқари бошқа қарз мажбуриятлари ҳам мавжудлигини қайд этишган.
Қарз мажбуриятлари асосан кўчмас мулк сотиб олиш ёки таъмирлаш, автомобил ҳамда истеъмол товарларини харид қилиш мақсадларида жалб этилган. Хусусан, респондентларнинг 43 фоизи қарз маблағларини уй-жой сотиб олиш ёки таъмирлаш ҳамда автомобил харид қилишга йўналтирган. Респондентларнинг 70 фоизида банк ва банкдан ташқари жами қарзлари бўйича ойлик тўлов миқдори 6 млн сўмдан кам миқдорни ташкил этмоқда. Шунингдек, қарз мажбуриятига эга респондентларнинг чорак қисмида ойлик тўлов миқдори 2–4 млн сўм оралиғига тўғри келмоқда. Респондентларнинг 55 фоизи қарз мажбуриятлари бўйича 2–3 йил, 5 йил ва ундан ортиқ муддатли тўловлар қолаётганлигини таъкидлашган. Респондентларнинг 64 фоизи қарз мажбуриятларини ўз вақтида тўлашда қийинчиликларга дуч келмоқда. Қарз мажбуриятига эга респондентларнинг деярли ярми кейинги 6 ой давомида тўлов қобилиятлари бўйича ижобий ўзгаришлар бўлишини кутишмоқда.
Шу билан бирга, респондентларнинг 20 фоизи ўзи ёки оила аъзолари томонидан кейинги ярим йил давомида қарзга эҳтиёж борлигини қайд этишган. Мазкур қарз мажбуриятлари асосан уй-жой сотиб олиш ёки таъмирлаш мақсадида жалб қилиниши режалаштирилган.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0