Улуғбек хазинаси Ҳазрати Баширда(ми?)
Бу қишлоқ қадимда Косатарош деб аталган. Пурвиқор тоғлари, осмонга бўй чўзган чинорлари, 200-300 йиллик ёнғоқлари салобат тўкиб, табиатига ўзгача чирой бахш этган бу мўъжаз маскан юқоридан қараганда худди дуога очилган қўлга ўхшайди.
Юзлаб булоқлардан чиққан зилол сувларидан ичсангиз, танангиз роҳатланади. Қишлоқнинг чап тарафидаги тоғлар Тахтиқорача довонига уланиб кетади. Аслида шу тоғлар биз таърифини келтираётган масканни Самарқандвилоятининг Ургут туманидан ажратиб туради. Бу ерда Пойи Темур номи билан аталувчи тоғлар орасидан ўтган йўл ҳам бор. Маҳаллий аҳолининг айтишича, темурийлар даврида Буюк Ипак йўлининг бир тармоғи .
– Тахтиқорача довони йўлининг сўқмоқларидан бири шу қишлоқдан ўтган.
Биз қишлоққа етиб борганимизда соат тонгги саккизлар атрофида эди. Марказдан ўтган йўлдан ўқувчилар мактаб томон ошиқишарди. Қишлоқ ўртасидан тўлқинлари тошларга урилиб оқаётган дарёнинг шовуллаши эшитилади. Маҳаллий аҳолидан бири билан салом-алик қилиб, ҳол-аҳвол сўраймиз. Ундан қишлоқ ҳақида, дарё ҳақида нималарнидир билиб олгимиз келади.
Номи нега Қашқадарё?
– Дарёнинг номи – Қашқадарё. Дарё бизнинг қишлоғимиздан бошланган. Қишлоқ, унинг тарихи ҳақида тўғриси, бир нима дейишим қийин, – дея йўлида давом этади у.
Биз ҳам бироз атрофга аланглаганча, унинг изидан йўрғалаймиз. 50-60 қадам одимлашимиз билан кимдир томоқ қириб, соя беради. Ўзини Парвозхон Иброҳимов деб таништирган бу кишини ҳам суҳбатга тутамиз. Бизни дастлаб қизиқтиргани дарёнинг номи бўлди.
– Тожикистоннинг Фороб қишлоғидан бир сой келади, – дейди у. – 3 чақиримча юқорида Қорабулоқ номли чашма бор. Баҳор, ёз ойларида катта ҳажмда сув чиқади. Тепасида минг йиллик чинори бор. Шу чинорлар орасидан сизиб чиқадиган сув Форобдан бошланган сойга қўшилади ва оппоқ тўлқинлар ҳосил қилади. У худди отнинг қашқасидай кўринади. Шунга нисбат берилиб, дарёнинг номи Қашқадарё деб аталган.
Шундан сўнг Парвозхон Иброҳимов ҳамда шу ерлик Нозим Бобоев ҳамроҳлигида булоқ бошига борамиз.
– Қишлоғимиз қадимий маскан, – дейди Нозим Бобоев булоқ бошида туриб ва қўли билан бир тепаликка ишора қилади. – Бу тепалик қадимдан Қўрғон деб аталади. У ердан кулолчилик буюмлари топилган, сопол қувур парчалари чиққан. Демак, қайсидир даврларда у ерга обиҳаёт чиқарилиб, обод қилинган. Ҳунармандлар учун бир гўзал маскан бўлган.
Бу қишлоқ айни пайтда Ҳазрати Башир номи билан машҳур. Бу ерда Ҳазрати Султон Саид Аҳмад Башир таваллуд топган ва яшаб ўтган.
Ҳазрати Башир ким?
Ривоятларга кўра, Амир Темурнинг пирлари Мир Саид Барака ва у кишининг укаси Саид Неъматуллоҳ Валий саройда уларга нисбатан тарқалган турли фитналардан қочиб, Самарқандни тарк этиш мақсадида йўлга отланишади. Бундан хабар топган Соҳибқирон уларни ортга қайтариш учун боради. Тахтиқорача довонида Саид Баракани учратган амир уни қайтариб, саройга олиб кетади, бироқ Саид Неъматуллоҳ йўлида давом этади. Йўлда, Косатарош қишлоғида Хожа Ҳасан ва унинг рафиқаси Биби Малоҳатни пиёзни ўтоқ қилаётган ҳолатда учратади.
– Ўшанда Хожа Ҳасан 90, Биби Малоҳат эса 80 ёшда бўлган, – дейди Ҳазрати Башир зиёратгоҳи раҳбари Азамат Ҳайитов. – У киши каромат кўрсатиб, дуо қилганида пиёзлар орасидаги ёввойи ўтлар ўз-ўзидан йўқолади. Буни кўрган Хожа Ҳасан у кишига фарзандлари йўқлигини, қартайган чоғларида ҳам ўзлари деҳқончилик билан тирикчилик қилишлари ҳақида сўзлаб беради. Саид Неъматуллоҳ Валийнинг дуоси билан уларга Аллоҳ фарзанд ато этади. Унга Саид Аҳмад Али деб исм қўйишади. Оналари қари бўлгани учун ҳазрат сутсиз катта бўлади ва уни Башир, яъни сутсиз дея атай бошлашади. Косатарош ҳам Ҳазрати Баширнинг вафотидан сўнг унинг номи билан аталадиган бўлади.
«Қашқадарё қишлоқномаси» китобида эса Башир қадимий этноним, ўзбек уруғларидан бири экани ҳақида фикрлар келтирилган.
Саид Аҳмад Али, яъни Ҳазрати Башир 1368 йилда туғилиб, 1464 йилда вафот этган. У шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат бобида каромат эгаси бўлиб етишгач, таърифларини эшитиб, бир томони Миср, бир томони Мўғулистонгача бўлган мусулмон оламининг турли бурчакларидан кўплаб кишилар келиб, Ҳазрати Султон Саид Аҳмад Башир отага шогирд тушадилар. Нақшбандия таълимотида Баҳоуддин Балогардондан кейинги буюк сиймо бўлган бу зотга 360 нафардан зиёд шогирди бўлгани учун Шайх Бузруквор Ҳазрати Султон номи берилган.
У кишининг қолдирган мероси ва тариқатлари Ислом оламида муҳим аҳамиятга ҳамда ўз ўрнига эга.
Мирзо Улуғбек ва Ҳазрати Башир
Ҳазрати Башир даврида Башир қишлоғи маърифат ўчоғига айланган. У кишининг зиёратига ўз даврининг илм-маърифат ҳомийси, улуғ давлат арбоби Мирзо Улуғбек ҳам тез-тез келиб турган. Ҳазрати Баширни ўзига пир билиб, у кишининг суҳбатлари ва маслаҳатларига эҳтиёж сезган.
1449 йили Ҳаж сафарига отланган Мирзо Улуғбек Ҳазрати Баширнинг дуосини олиб кетишни ихтиёр этади. Бироқ қишлоқдан узоқ бўлмаган масофада жойлашган Падаркуш тоғида қатл этилган. Ушбу машъум ҳодисадан сўнг Мирзо Улуғбекнинг бой илмий мероси ва шогирдлари ҳаёти ҳам таҳлика остида қолади. Ҳазрати Баширга зиён етказолмасликларини англаган Али Қушчи эса Тахтиқорача довони орқали Косатарош қишлоғига, шайхнинг ҳузурига келади. Баъзи маълумотларга қараганда, Мирзо Улуғбек вафотидан кейин у қурдирган расадхона вайрон қилингач, Али Қушчи расадхона секстантини Башир қишлоғидаги Ниёзтепага кўчиради. Шу ерда қурилган, «пойирасад»да юлдузлар устида сўнгги кузатув ишларини олиб боради.
– Мирзо Улуғбек бобомизнинг бой илмий кутубхоналарини Самарқанд шаҳридан шогирди Али Қушчи олиб чиқиб кетгани ҳақида манбалар бор, – дейди Азамат Ҳайитов. – Айтилишича, олим у меросни ғорга яширган. Қишлоғимизда ва қишлоғимизга келгунча ҳам ғорлар кўп. Ҳазрати Баширнинг ўзлари ҳам ғорда яшаган. Лекин ўтган асрнинг 30-йилларида чўққилар этагида аҳолига номаълум бўлган ғорга ўхшаш жой топилган. Одамлар машъалалар билан унинг ичкарисига киришганида, кишини ваҳимага солувчи овоз эшитилган. Эҳтимол, у сувнинг товуши бўлгандир. Ўша давр одамлари «Бу ғорда аждарҳо бор», деб унинг оғзини ёпиб ташлашган. Айни пайтда у ғорнинг оғзи аҳолининг уй-жойлари остида қолиб кетган. Мутахассислар изланиш олиб боришса, эҳтимол, Улуғбек хазинаси ёки у билан боғлиқ маълумотлар шу қишлоқдан топилиши мумкин.
Ҳазрати Башир қишлоғи Китоб тумани марказидан 35 чақирим масофада жойлашган. Бу манзилдан битта олдинги қишлоқ эса олимнинг яшаб ўтган жойи ҳурматига Али Қушчи деб номланган.
Варганза анорига «дуо кетган»ми?
Варганзаликлар етиштирган анор ўз таъми ва кўриниши билан нафақат Қашқадарёда, балки республикамизда ҳам машҳур. Бу ерлик боғбонлар етиштирган анор халқаро бозорда ҳам харидоргир. Китобликлар эса Варганзанинг анорини бошқа жойга экса, бундай ҳосил олиб бўлмаслигини айтиб, «Варганза анорларига дуо кетган», дейишади.
Хўш, бу меванинг айни шу қишлоқда ширин ва сархил бўлиб етилишининг сабаби борми?
Ҳазрати Башир қишлоғидагилар буни Ҳазрати Баширнинг каромати билан боғлашади.
– Қишлоғимизда Қизил қоя ғори бор, – дейди Парвозхон Иброҳимов. – У ерни Ҳазрати Башир макон тутиб, яшаганлар. Ғорга кириш жойида ўша пайтда тошларни ёриб, бир туп анор ўсиб чиқади. Ўша дарахт ҳозиргача бор. Ҳазрат тошни ёриб чиққан бу анорда бир каромат бўлиши керак деган ўйда унинг новдаларини олиб, пастга тушадилар. Кўп жойларга экиб кўрадилар. Лекин айнан шу Варганза қишлоғига ўтқазилгани мева беради. Ҳосили мўл-кўл ва бетакрор ширин таъмга эга бўлгани учун маҳаллий аҳоли анорчиликни тез ўзлаштиради.
Айни пайтда қишлоқда 2 минг гектарга яқин анорзорлар бор.
Гавжум зиёратгоҳ ва туризм имкониятлари
Ҳазрати Башир қишлоқдаги Ниёзтепада дафн этилган. Қабри олдидаги арча дарахти у кишининг ҳассаси бўлган. Ҳазрати Башир ота ҳассасини улоқтириб, «Қаерга бориб тушса, ўша жой менинг қабрим бўлади», деган экан. Ҳасса йўғон томони билан ерга қадалиб қолган ва шунинг учун бошқа дарахтлардан фарқли ўлароқ унинг пастки томони ингичка, юқори томони йўғон кўринади. Ҳазрати Башир «Менинг сўнгги манзил-маконим шу Ниёзтепа бўлади», деб, у ерга юздан зиёд писта дарахтларини экиб, парваришлаган. Ушбу дарахтлар асрлар силсиласи ва табиатнинг турфа ҳодисаларига чидаб, ҳамон салобат тўкиб турибди. Зиёратгоҳда Шайх ҳаётлиги даврида мўғул хони – Ҳазрати Баширга шогирд тутиниб шу ерда қолган, Саид Жамолиддин номи билан аталган авлиё томонидан экилган чинор ва унинг остидан сизиб чиқувчи булоқ бор. Саид Жамолиддин қабри ҳам шу зиёратгоҳ ҳудудида жойлашган. Айни пайтда Кофлотун деб аталувчи Ҳазрати Башир маҳалласи таркибига кирувчи қишлоқда Ҳазрати Баширнинг отаси Хожа Ҳасаннинг қабрига ҳам мақбара ўрнатилиб, зиёратгоҳга айлантирилган.
– Саид Хожа Ҳасан шу ерда яшаган ва дафн этилган, – дейди Азамат Ҳайитов. – Шу ерда деҳқончилик қилиб, тасаввуф илми билан шуғулланган комил шахслардан бири бўлган. Қуйида бир булоқ бор. Ҳазрати Башир ота туғилганларида оналаридан сут келмаганида ўша булоқ сувини ичиб улғайганлар.
Кейинги йилларда қишлоқда зиёрат туризмини ривожлантириш, сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда қишлоқда 20 га яқин меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилган.
– Туризмни ривожлантиришга эътибор қаратилганидан кейин одамларнинг муқаддас қадамжоларга бўлган қизиқиши ортди, – дейди Азамат Ҳайитов. – Баҳор, ёз ойларида кунига 10 минглаб зиёратчилар келди. Мақсадимиз бу кўрсаткичларни янада ошириш. Қишлоқда меҳмон уйларини кескин кўпайтириш ва замонавий меҳмонхоналар қуришни режалаштирганмиз.
Ҳа, юрган дарё, дейди халқимиз. Қашқадарёнинг бошланиш қисми – Ҳазрати Башир қишлоғида бўлиб, унинг гўзал табиати билан яқиндан танишдик. Қашқадарё соҳиллари бўйлаб кезар экансиз, бу каби бетакрор манзаралар беҳисоб эканига гувоҳ бўласиз. Насиб бўлса, улар ҳақида ҳам сизга ҳикоя қилиб берамиз.
Баҳодир ҲАЛИМОВ
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0