Далиллар биз томонда, қарор эса…
ёхуд 14 оила тақдири кимнинг қўлида?
Бизни 2022 йилдан буён бир масала қийнаб келяпти. У ҳақда тегишли тартибда кўп идора-ташкилотларга мурожаат қилдик, аммо фойдаси бўлмади.
Масаланинг қисқача мазмуни шундаки, Тошкент вилояти, Паркент тумани, «Бойқозон» МФЙ ҳудудидаги ерларга аҳоли 2000 йиллардан буён эгалик қилиб келаётган эди. 2006 йилга келиб, шу жойларга туташ бўлган ферма сотувга қўйилди. 2022 йилга қадар аҳолини ҳеч ким безовта қилмади. Бу орада одамлар ўзига тегишли ерларга уй солиб, айримлари кўчиб чиқди.
2022 йилга келиб, фермернинг феъли айниб қолди. Аҳолига тегишли ерларга даъво қила бошлади. Шундан бери ҳақиқат қарор топиши учун курашиб келяпмиз. Қўлимизда етарлича далил ва ҳужжатлар бор.
«Ishonch» газетаси обуначилариданман. Охирги йилларда газета саҳифаларида аҳолининг муаммолари кенг ёритилиб, ижобий ечим топаётганига гувоҳман. Шу боис умид билан таҳририятга мурожаат йўллаяпман. Муаммомиз газетада ёритилиб, масъуллар эътиборига ҳавола этилса, ижобий ечим топади, деган умиддаман.
Хўш, ер кимники?
Шу вақтгача ушбу низоли ҳолат битта жиноий, бир нечта маъмурий судда кўрилди. Аммо «Сўқоқ сут булоқ» фермер хўжалиги раҳбарияти талашаётган ер майдони унга тегишли эканини тасдиқловчи биронта ҳужжат тақдим этмади, ҳисоб. Ваҳоланки, Паркент тумани «Бойқозон» МФЙ ҳудудидаги ферма аукционга қўйилган пайтдаги ҳужжатларда бино-иншоотлар жойлашган ер майдони 10,8 гектар деб кўрсатилган. Туман ҳокимининг 401-қарорига илова қилинган чизма ёки лойиҳа мавжуд эмас. Жиноий суд жараёнида буни фермер хўжалиги раҳбари С.Ҳусановнинг ўзи ҳам тан олган. Хусусан, 2006 йилда сут товар фермаси сотиб олинган пайтда ер майдони чегаралари аниқ кўрсатилмаганини, кадастр ходимларига мурожаат қилингани билан масала ҳал этилмаганини билдирган. Шунингдек, ушбу ер майдони фермер хўжалигига эмас, балки туман ер захира фондига тегишли экани Паркент тумани кадастр бўлими томонидан прокуратурага берилган маълумотномада ўз аксини топган.
6 ойлик муддат нега ўтказиб юборилди?
Хўп, агар, даъво қилинаётган ер майдони, ҳақиқатан ҳам, фермерга тегишли бўлса, у ҳолда нега ўз ҳуқуқлари бузилганини қонунда белгиланган тартибда, яъни 6 ойлик муддат ичида суд орқали ҳимоя қилмади? Фермер хўжалиги вакили бу саволдан аввалги судларда «Биз билмагандик», деган мужмал жавоб билан қутулиб қолган. Аммо ушбу иддаога зид бир нечта ҳолат мавжуд.
Биринчидан, аҳоли ушбу ерларга 2006 йилдан буён эгалик қилиб келяпти. 2012 йилда эса, туман ҳокимининг тегишли қарори ва бошқа ҳужжатлар асосида захира ер майдони ҳисобидан бир деҳқон хўжалигига 20 сотих, бир фермер хўжалигига 50 сотих ер ажратилган. Бу ҳужжатлар судга тақдим қилинган. Ерлар ўралган, дарахтлар экилган, бинолар қурилган. Буни кўрмаслик, билмаслик мантиққа зид эмасми? Ҳар ҳолда фуқаролар ерга кўп йиллар мобайнида очиқ-ойдин эгалик қилиб келишган ва ҳеч кимдан яширмай, уй-жой солишган.
Иккинчидан, 2015 йилда фермер хўжалиги ерлари «Ўздавлат ер лойиҳа» институтининг Тошкент вилояти бошқармаси мутахассислари иштирокида хатловдан ўтказилган. Далолатномада ер майдони 16,93 гектар, деб қайд этилган. Фермер ўша ҳужжатга ўз қўли билан имзо чеккан ва муҳр босган. Демак, ер ҳажми ўшандаёқ аниқ ва равшан бўлган.
Учинчидан, 2019 йилда туман ҳокимлиги ва МФЙ ташаббуси билан давлат бюджети ҳисобидан 500 метр йўл асфальт қилинди. Аҳоли маблағлари ҳисобидан 200 метрлик электр линияси ва 380 метрлик газ қувури тортилди. Ичимлик суви келтирилди. Бу ишларда фермер хўжалиги вакиллари ҳам бош-қош бўлишган. Ҳатто қисман ҳомийлик ҳам қилишган. Ўша пайтда фермернинг фуқароларга нисбатан ҳеч қандай даъвоси бўлмаган.
Ширкат хўжалигини хусусийлаштириш жараёнида иштирок этган ва ер чизмаларини тайёрлаган Б.Эргашовнинг судда берган кўрсатмасига кўра, фермерга ажратилган ер майдони чегаралари аниқ белгиланган, фуқаролар уй-жой қурган ҳудуд эса, фермерга алоқадор эмас.
Даъво муддати ва жиноий иш
Шу тариқа 10 йил ўтказиб юборилган даъво муддати Нурафшон туманлараро маъмурий суди томонидан жиноий суд ҳукмига асосланиб тикланди. Ўша пайтдаги жиноий ишда туман кадастр палатаси раҳбари Ф.Жўрабоев Жиноят кодексининг 207-моддаси биринчи қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган. Аммо Жиноят кодексининг 64-моддаси биринчи қисми «а» бандига асосан, жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани сабабли жазо тайинланмаган.
Эътиборлиси, суд уй-жойларни бузиш ҳақида ҳеч қандай қарор қабул қилмаган. Фақат бу ҳақда маъмурий судга мурожаат қилиш тавсия этилган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, шахс ўз ҳуқуқлари бузилганини билган ёки билиши керак бўлган вақтдан бошлаб, 6 ой муддат ичида судга мурожаат қилиши шарт. Мансабдор шахснинг вазифасини билмаслиги ёки уни вақтида бажармаслиги узрли сабаб ҳисобланмайди.
Ер, солиқ ва рақамлар…
Ер талашаётган фермер хўжалигининг ер майдони тегишли ҳужжатларда 248 гектар, деб кўрсатилган: 195 гектари Паркент тумани Сўқоқ қишлоғида, 53 гектари эса «Бойқозон» МФЙ ҳудудида жойлашган. Аммо Тошкент вилояти солиқ бошқармасининг 2025 йил 16 июндаги 21-9265-маълумотномасига кўра, 2022 ва 2023 йилларда 243,97 гектар, 2025 йилда эса 215,66 гектар ер майдони бўйича ҳисобот тақдим этилган. Ер майдони турли йилларда турлича кўрсатилган фермер хўжалигининг ер солиғидан қарийб 90 миллион сўм қарздорлиги ҳам мавжуд. Бундан ташқари, 10 гектардан зиёд ер майдони қаровсиз қолиб, тиканзорга айлангани ҳақида далолатнома тузилган.
14 оила тақдири
Ҳозирги кунда низоли ҳудудда 14 та хонадон 4 сотихдан 10 сотихгача ерда уй-жой қурган. Айримлар 2006-2008 йиллардан буён бу жойларга эгалик қилиб келмоқда. Кимлардадир ер ўзига тегишли экани ҳақида туман ҳокимининг тегишли қарори бор. 7 нафарининг уй-жой кадастр ҳужжати тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган. Улар 8-9 йилдан буён ер ва мол-мулк солиғини ўз вақтида тўлаб келишмоқда. 5 та оила шу ерда муқим яшамоқда. Ҳар бирининг 3-4 нафар боласи бор. Қолганлар суд ишлари туфайли кўчиб келишни кечиктиряпти.
Ферма хусусийлаштирилганига 20 йил бўлди. Лекин ер майдони ўралмаган, қаровсиз қолиб кетган. Бу ердан 200-300 нафар ўқувчи мактабга қатнайди.
Қонун ҳаммага баробар эмасми?
Хўш, 20 йил давомида ердан самарали фойдаланилмаган, қарздорлик юзага келган, даъво муддати ўтказиб юборилган бўлса-да, булар инобатга олинмай, бир томоннинг манфаати ҳимоя қилинишини қандай изоҳлаш мумкин? Аслида туман ҳокимлиги фермер ва фуқаролар ўртасидаги низони ижобий ҳал қилиши керак эмасми? Фермер ўз мажбуриятларини қай даражада бажарди? Давлатга қанча сут маҳсулотлари ёки гўшт топширди? Ахир, у ерни олаётган пайтда зиммасига бир қатор мажбуриятларни олган-ку! Нима учун туман прокуратураси мана шу ҳолатларни холислик билан, қонуний тартибда ўрганиб чиқмаяпти?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев инсон қадрини улуғлаш, айниқса, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шарт-шароитларини яхшилаш зарурлигини бот-бот таъкидлаб, адолатли фармон ва қарорлар чиқармоқда. Хусусан, 2018 йил 20 апрелда давлатимиз раҳбарининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган тураржойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ҳужжат доирасида минглаб кадастр ҳужжати йўқ уй-жойлар эътироф этилиб, уларга эгалик ҳуқуқи берилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан 2024 йил 9 апрелда Қонунчилик палатаси томонидан «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Мамлакатимизда инсонпарварлик тамойили асосида мана шундай ишлар олиб борилаётган бир пайтда фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклолмай, идорама-идора, судма-суд сарсон-саргардон юриши адолатданми?
Биз, яъни «Бойқозон» МФЙда яшовчи бир гуруҳ фуқаролар масъуллардан бизни 4-5 йилдан бери қийнаб келаётган мазкур масалага эътибор қаратишини, ҳақиқий ҳолатни холислик билан, инсон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ўрганиб, аҳолининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашини сўраб қоламиз.
Зеро, адолат фақат қоғозда эмас, инсон тақдирида ҳам намоён бўлиши керак!
Раҳматилла МУЗАФФАРОВ
Паркент тумани
Таҳририятдан: Фуқаронинг мурожаати шундайлигича мутасаддилар эътиборига ҳавола этилмоқда. Ҳақиқатан ҳам, унда кўтарилган муаммо долзарб бўлиб, жиддий ўрганишни тақозо этади. Зеро, гап кўплаб оилалар, инсонлар тақдири ҳақида бормоқда.
Мазкур масала юзасидан таҳририят масъул идора ва ташкилотларга ҳам минбар беришга тайёр.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0