Ўзбекистонга хориждан пул жўнатмалари ўтган йили қарийб 15 млрд долларга етган
2024 йилда Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ўтган йилга нисбатан 30 фоизга ёки 3,4 млрд долларга кўпайиб, 14,8 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банкнинг жисмоний шахсларнинг валюта операциялари бўйича қисқача шарҳида маълум қилинди.
Қайд этилишича, маблағларнинг 77 фоизи Россиядан (11,5 млрд долл) келиб тушган бўлиб, 2023 йилга нисбатан 29 фоизга ошган. Мазкур трансфертларнинг қолган қисми Қозоғистон (795 млн долл), АҚШ (577 млн долл), Жанубий Корея (534 млн долл), Туркия (405 млн долл), Буюк Британия (135 млн долл) ва бошқа мамлакатлардан ўтказилган.
2024 йилда Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ҳажмининг 2023 йилга нисбатан ўсиши меҳнат миграцияси йўналишида кузатилган ижобий тенденциялар, хусусан мигрантларни қабул қилувчи мамлакатларда иқтисодий фаоллик, ишчи кучига талаб ва иш ҳақларининг ошиши ҳамда миграция географияси таркибида юқори даромадли мамлакатлар улушининг ортиши билан изоҳланган.
2024 йилда Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмида 2023 йилга нисбатан Буюк Британиядан 83 фоизга, Жанубий Кореядан 56 фоизга, АҚШдан 35 фоизга ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларидан 32 фоизга ўсиш кузатилди.
Шунингдек, 2024 йилда Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 2,8 млрд долларни (2023 йилга нисбатан ўсиш 19 фоиз) ташкил қилди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0