Ўрта Чирчиқ тумани ҳокими ҳам айтади, ҳам қайтади(ми?)
«Ташаббусли бюджет»да ғолиб бўлган Ўрта Чирчиқ туманидаги боғча биноси сотувга қўйилди. Ҳокимлик масъуллари эса ўзини гўлликка солмоқда.
Ishonch.uz сайтига келган мурожаатга кўра, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ тумани «Ўртаовул» маҳалласида жойлашган эски боғча биноси сотувга қўйилган. Аҳоли эса уни сақлаб қолиш пайида…
Маълум бўлишича, ушбу боғчанинг капитал таъмири учун аҳоли 2023 йилнинг 7 апрель куни «Ташаббусли бюджет»да ғолиб бўлган.
Хусусан, ижтимоий тармоқлардаги каналида бу ҳақда қуйидагича маълумот берилган:
«Ташаббусли бюджет»нинг жорий йил 1-мавсуми якунланди. Энг кўп овоз тўплаб, ғолиб чиққан маҳаллаларда, мактабларда байрам қилиняпти. Эришилган ғалаба карнай-сурнай билан нишонланяпти. Ғолиб бўлган 1666 та ташаббусни амалга оширишга 1,6 триллион сўм ажратилган».
Хуллас, аҳоли ушбу ғалабани нишонлаб, шодумон юрган кунларининг бирида тўсатдан боғча сотувга қўйилгани ҳақида хабар топади.
– «Ташаббусли бюджет»нинг биринчи мавсумида ютиб чиққан эдик, – дейди ўзини Шерзод деб таништирган йигит. – Бироқ, ҳа деганда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланмади.
Хавотирга тушиб, туман мутасаддиларидан вазиятни суриштирдик. Улар эса «тендерга қўйилган», «қурувчи аниқлансин», каби важлар билан бизни овутди.
Куни кеча эса боғча биносига «Аукцион орқали сотилади», деган тамға босиб кетди.
Дарҳол тамғада кўрсатилган рақамларга қўнғироқ қилдик. Таассуфки, бу ўз тасдиғини топди. Уларга боғчани таъмирлатиш бўйича «Ташаббусли бюджет»да ғолиб бўлганимизни тушунтирдик, улар туман ҳокимлиги бинони сотиш бўйича хат берганини рўкач қилди.
Ҳокимга учрашсак, «сотилмайди, аукциондан ҳам олинади», деди. Давлат активи идорасидагилар эса аукционга қўйилган буюм ёки бинони сотувдан олишнинг иложи йўқлигини, бу ишлар Президентнинг тегишли қарори асосида юритилишини айтяпти.
Очиғи, кимга ишонишни ҳам билмай қолдик. Минг машаққат билан овоз тўплаганмиз. Маҳалламизда бундан бошқа боғча йўқ. Шу ҳам сотилиб кетса, болаларимиз қаерга боради? Нега ҳеч ким додимизни тингламаяпти?
Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Давлат активлари бошқармаси билан боғландик.
Ўзини Камол Жуланов деб таништирган мутахассиснинг айтишича, ушбу боғча биноси Президентнинг 2022 йил 18 мартдаги «Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига биноан кимошди савдосига қўйилган.
Масалага Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлигидан ҳам изоҳ сўрадик. Қурилиш масалалари бўйича масъул ходимнинг жавоби қуйидагича бўлди:
«Билмадим, сиздан эшитяпман, менинг ҳеч нарсадан хабарим йўқ».
– Боғча сотилмаяпти, адашиб эълон берилган, – дейди Халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ туман кенгаши депутати Абдурасул Тўйчиев. – Аксинча, ушбу боғчага туман ҳокими яна уч миллиарддан ортиқ маблағ йўналтириш ҳаракатида юрибди. Сабаби, бу бино жуда мустаҳкам. Қолаверса, 180 нафар болани сиғдира оладиган боғчани сотиш тўғри қарор эмас.
Таъмирлаш ишлари бошланиши учун Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси хулосаси керак, ўшани кутяпмиз. Бу ишларнинг якуни ва бинонинг тўлиқ фойдаланишга топширилиши эса 2024 йилнинг иккинчи чорагига мўлжалланган.
Қизиқ, туман ҳокимлиги мутасаддисининг ҳолатдан хабари йўқ. Депутатнинг иддао қилишича, ҳаммаси жойида, гўёки бу англашилмовчилик. Давлат активлари бошқармасининг бу бўйича хулосаси ва мақсади аниқ. Уларнинг ортга қайтиш нияти йўқ.
Хўш, бу ерда ким ёлғон гапиряпти. Ҳокимликми, депутатми ёки Давлат активлари бошқармаси..? Туман ҳокими ҳақиқатан ҳам бинони сотиш учун хат чиқарган бўлса, нега буни тан олмаяпти? Ёки ҳокимбува ҳам айтадиган, ҳам қайтадиганлар тоифасиданми?
Нима бўлган тақдирда ҳам, мазкур масала фуқаролар фойдасига ҳал бўлишидан умидвормиз.
Холида ЭГАМБЕРДИЕВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0