Тошкент аэропортида 8,5 тонна наркотик модда ушлаб қолинди
Ўзбекистонга ҳаво йўллари орқали келтирилган 25 тонна оғирликдаги қандолат кўкнориси орасида йирик миқдордаги гиёҳвандлик моддаси аниқанди.
Божхона қўмитаси берган маълумотга кўра, қўмита ва ДХХ томонидан “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комлексининг “Авиаюклар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳаво йўллари орқали республикамизга хориждан олиб келиниб, сўнгра юк автотранспорт воситаси орқали транзит тарзида олиб ўтилиши режалаштирилган 1000 қоп қандолат кўкнориси уруғлари озиқ-овқат маҳсулоти белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилган.
Аммо, божхона кўриги давомида ҳужжатларда қандолат кўкнориси деб кўрсатилган 25 тонна уруғ ва сомонлар таркибида қарангки, ҳақиқий гиёҳвандлик воситаси ҳисобланган 8,5 тонна кўкнори сомони борлиги аниқланди.
Ҳукуматнинг 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сон қарорига биноан кўкнори сомони муомаласи тақиқланган гиёҳвандлик моддаси ҳисобланади.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.
Маълум қилинишича, битта ҳолатда 8,5 тонна гиёҳвандлик воситасининг фош қилиниши сўнгги 30 йиллик тарихда илк бор қайд этилмоқда.
Маълумот ўрнида: турли пишириқларга қўшиладиган ёки юзасига сепиладиган қандолат кўкнориси кўкнори гиёҳвандлик воситасидан тубдан фарқ қилади. Яъни, қандолат кўкнориси ушбу оилага мансуб ўт ўсимликларнинг махсус тайёрланган ва қайта ишланган уруғлари ҳисобланади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0