1 июндан электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўзгаради
Ҳукуматнинг ўтган йилги қарорида ҳар йили 1 майдан электр ва табиий газ нархлари йиллик инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда 10 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда индексация қилиб борилиши белгиланган эди.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурслари нархларини белгилаш тўғрисида”ги қарори билан 2026 йил 1 июндан электр энергияси ва табиий газнинг янги тарифлари тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, I ва II гуруҳ истеъмолчилари учун электр энергиясининг 1 кВт соати 1 100 сўм этиб белгиланди. IV гуруҳ истеъмолчилари учун ҳам электр энергиясининг 1 кВт соати 1 100 сўмни ташкил этади.
III гуруҳ, шу жумладан аҳоли учун табақалаштирилган тарифлар сақлаб қолинди.
Хусусан, овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталар билан жиҳозланган кўп квартирали уйлар ва ётоқхоналарда яшовчи аҳоли учун:
— ойига 200 кВт соатгача — 325 сўм;
— 201 кВт соатдан 500 кВт соатгача — 450 сўм;
— 501 кВт соатдан 1 000 кВт соатгача — 550 сўм этиб белгиланди.
Қолган маиший истеъмолчилар учун эса:
— ойига 200 кВт соатгача — 650 сўм;
— 201 кВт соатдан 500 кВт соатгача — 900 сўм;
— 501 кВт соатдан 1 000 кВт соатгача — 1 100 сўм бўлади.
Юқори ҳажмдаги истеъмол учун оширилган коэффициентли тарифлар сақланиб қолади.
Табиий газ бўйича барча истеъмолчилар учун (алоҳида тоифалардан ташқари) 1 куб метр газ нархи 2 000 сўм этиб белгиланди. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари учун тариф 1 куб метр учун 2 750 сўмни ташкил этади.
Аҳоли учун табиий газ тарифлари ҳам табақалаштирилган тартибда сақланиб, иситиш мавсумида ойига 500 куб метргача, бошқа мавсумларда эса 100 куб метргача истеъмол учун 1 куб метр газ 1 100 сўмдан ҳисобланади.
Қарор билан энергия ресурсларини етказиб беришдаги йўқотишларни қисқартириш, энергия самарадорлигини ошириш ва хизматлар сифатини яхшилаш бўйича қўшимча вазифалар ҳам белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Ҳукуматнинг 2025 йил 31 мартдаги қарорига мувофиқ, электр энергияси ва табиий газ нархлари ҳар йили 1 майдан бир маротаба йиллик инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда 10 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда индексация қилиб борилади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0