“Ўзбекистон Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлишига бир неча ой қолди, – аъзолик жараёни бўйича ишчи гуруҳи раиси”
Ўзбекистон Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлса, нималар ўзгаради?

– Бозорда рақобат кучайиб, айрим маҳсулотлар арзонлашиши мумкин.
– Импорт маҳсулотлари, янги брендлар ва товарлар хилма-хиллиги ортади.
–Телекоммуникация, молия, логистика ва бошқа соҳаларда хизматлар сифати яхшиланиши мумкин.
– Экспортга йўналтирилган корхоналарда янги иш ўринлари яратилади, айрим рақобатбардош бўлмаган корхоналарда эса қисқариш кузатилиши мумкин.
– Ўзбекистон маҳсулотларининг халқаро бозорларга чиқиш имкониятлари кенгаяди.

Тошкент шаҳрида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнининг жорий ҳолати ва навбатдаги устувор вазифаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлида амалга оширилаётган музокаралар, эришилган натижалар ва келгусидаги режалар муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, 2024-йилда ЖСТ Ишчи гуруҳининг 12- ва 13-йиғилишлари ўтказилган. Ушбу жараёнда аъзо давлатларнинг 400 дан ортиқ саволларига жавоблар ва 30 дан зиёд ҳужжат тақдим этилган.
Шунингдек, товарлар ва хизматлар бозорларига кириш бўйича икки томонлама музокараларда сезиларли натижаларга эришилган.
Хусусан, ташқи савдони либераллаштириш, давлат корхоналарининг эксклюзив ҳуқуқларини бекор қилиш, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари ҳамда божхона тартиб-таомилларини халқаро талабларга мослаштириш бўйича муҳим ислоҳотлар амалга оширилган.
«Умуман олганда, Ўзбекистон марра чизиғига жуда яқин. Шу сабабли мамлакатнинг ташкилотга аъзо бўлишига эндиликда йиллар эмас, балки ойлар қолди. Бироқ музокаралар давом этаётгани сабабли аниқ муддат ҳозирча ноаниқ», — деди Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни бўйича Ишчи гуруҳи раиси Сунг Ё Чои.
Матбуот анжумани якунида журналистлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш истиқболлари, бу жараённинг мамлакат иқтисодиёти ва ички бозорга таъсири юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Жамият





