+17C

+17C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

103 ёшли Анажон буви ҳикматлари

– На бир оғир замонларни, қоттичилик (қийинчилик)ни, уруш йилларидаги даҳшатли қаҳатчиликни, очликдан кунжара еб шишиб ўлганларни ўз кўзим билан кўрганман, болам, – деди ҳазин ўйларга толиб. – саккиз ёш эдим, чамаси. Бир куни отамни қамаб қўйишди. Ҳукумат отамнинг 1000 бош қўйини мусодара қилиб, атиги 8 тасини ўзимизда қолдирди.
62 09:14 | 10.05.2026 09:14

Китоб жавонига яқинлашган ҳам эдимки, қўл телефоним жиринглади. Дугонам, ижодкор аёл Қурбонбика Ўрозметова билан узоқ суҳбат қурдик. Икковлон эртага урганчлик кекса онахоннинг ҳолидан хабар олишга келишиб, гўшакни жойига қўйдик.
Анажон ана Аҳмедова шаҳар марказида истиқомат қилар экан. Биз билан юмшоқ ўриндиқда ўтириб, ўзи мустақил овқатланди, чой ичди. Таомланиб бўлгач, ён дафтарчамни очиб ёзишга шайландим. Онахон бисотида биз билмайдиган, эслашга арзигулик, кўпчиликка ибрат бўларли хотиралар бўлиши табиий.


У 1923 йили Қорақалпоғистонда таваллуд топган. Афсуски, момонинг паспортида туғилган санаси қайд этилмаган. 14 ёшдан 16 ёшгача колхозда ишлаган. 1937 йили бошланган қатағон даҳшатларига ҳам, Иккинчи жаҳон урушининг азоб-уқубатларига ҳам гувоҳ бўлган.


У шу тариқа икки йилча колхоз даласида қишнинг аёзли, ёзнинг жазирама кунларида меҳнат қилади. Маълум муддат қўриқлаш хизматида ҳам ишлайди. Кейинчалик почта – алоқа бўлимига ишга ўтиб, ўша ерда то пенсияга чиққунича фаолиятини давом эттиради.
Кўзи ёшланган онахон ўтмишни қийналиб эсларди. Ахир осонми, 80-90 йил бурунги воқеаларни ёдга олиш?!


– На бир оғир замонларни, қоттичилик (қийинчилик)ни, уруш йилларидаги даҳшатли қаҳатчиликни, очликдан кунжара еб шишиб ўлганларни ўз кўзим билан кўрганман, болам, – деди ҳазин ўйларга толиб. – саккиз ёш эдим, чамаси. Бир куни отамни қамаб қўйишди. Ҳукумат отамнинг 1000 бош қўйини мусодара қилиб, атиги 8 тасини ўзимизда қолдирди. Айтганча, отамнинг исми Аҳмадбой, онамники Шарофат эди. Отам жуда маърифатпарвар, тадбирли киши бўлган. Мен 6-синфгача мактабда ўқидим. Ёдимда, қишнинг совуғида пахтали гуппи (фуфайка) билан жон сақлардик. У замоннинг қиши суякдан ўтадиган даражада совуқ бўларди, болам. Ҳунармандлар тиккан қўлбола кавушларни кўзимизга суртиб киярдик. Онам 107 ёшида оламдан ўтган, раҳматли чалпак, буламиқ (атала) пиширишга уста эди.


Суҳбатнинг давомини Анажон бувининг қаровчиси – невараси Ақлжон Примова билан давом эттирдим. Унинг айтишича, 16 ёшида урганчлик Хударган Худойбергановга турмушга чиққан Анажон ана 8 фарзандни дунёга келтирган. Ҳозир улардан 3 нафаригина ҳаёт. Иброҳим 80, Гулбаҳор 70, кенжатой Фотима 65 ёшдан ошган.


– Унни уйга яширинча олиб келардик. У асосан макка, жўхори уни бўларди. Буғдой уни отлиққа ҳам йўқ эди, деб кўп гапириб бераркан, бобом, – дея суҳбатга қўшилади яна бир невара Жабборган Примов.


– Айтганча, ёдимга тушди, келинлик уйимга мени от-аравада олиб боришган, – деди онахон бир вақт. – Берунийдан Урганчга довур йўл босганмиз. Бисотимда 3 дона кўйлак бор эди. Улар оддий мато – бўздан тикилганди. Рўзғоримизда бор-йўғи 1 дона кўрпа-тўшак, 2 та кўрпача, 1 тадан чойнак-пиёла бўлган. Шунгаям шукур қилардик. Яна бир гап. Биз олти келин бир ҳовлида яшаганмиз. Биримизнинг боламиз йиғласа, бошқамиз қараб турмасдик. Қўлимизга олиб овутиб кетаверар эдик. Узоқ йил бирга ҳаёт кечириб, ҳеч қачон сан-манга бормаганмиз. Биримиз хамир қорсак, биримиз нон ёпар, биримиз сигир соғсак, биримиз овқат қилардик. Балки шундандир, уйимизда файз-барака бор эди. Хоналарга екан (бўйра) тўшалар, қиш кунлари кунгура печга кўмир ёқиб иситиларди. Уйлар ҳам шунга монанд кичкина, шифтлари пастаккина бўларди. Қишда уйимиз иссиқ бўлиб, егани нонимиз бўлса, қора қозонимиз қайнаб турса, шунинг биз ўзи биз учун катта давлат эди, болам.
Нур юзли онахоннинг гапларини тинглар эканман, данғиллама уйларда яшаб, қимматбаҳо машиналарга, ҳисобсиз бойликка эга бўлиб ҳам шукурни билмайдиган, ўзини бахтсиз ҳис қиладиган инсонлар ҳақида ўйладим.


Менга қолса, Анажон ананинг узоқ ва бахтли ҳаёт кечираётгани сабабини унинг руҳий ҳолати билан боғлаган бўлар эдим. Инчинун, руҳий хотиржамлик, қалбни покиза сақлаш узоқ умр кўриш гаровидир. Шу ёшдаям музқаймоқни хуш кўриб ейдиган онахонга чин дилдан ҳавас қилдим. Бир донишманд таъбирича, «Соғлом одам табиатнинг энг бебаҳо асаридир».


Сайёра СОЛАЕВА,
журналист


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид