Афсоналарда яшаб келаётган орол: Атлантида ҳақиқатда мавжуд бўлганми?
Атлантида ороли ҳақида кўплаб афсона ва ҳикоялар тўқилган, у ҳақда ҳатто фильмлар ҳам ишланган. Ривоятларга кўра, у Атлантика океанида, ҳозирги Гибралтар бўғози яқинида жойлашган.
Орол ерлари серҳосил, аҳолиси эса зич яшаган, қисқаси бу ерда тараққий топган цивилизация яшаган. Аммо тахминан 9 минг йиллар аввал даҳшатли сув тошқини Атлантидани Ер юзидан супириб ташлагани айтилади. Бу инсониятнинг шунчаки хаёлотими ёки тарихда кузатилган ҳолатми, ҳануз фанда аниқ гап айтилмаган.
Сирли орол ҳақида ёзишмалар ва маълумотлар қадимги юнон олими Платон даврига бориб тақалади. Ривоят ва афсоналарга кўра, Атлантида аҳолиси — атлантлар жуда жанговар халқ бўлиб, кучли армияга эга эди. Уларнинг армияси 1000 та кемадан ташкил топган флот ва 700 000 кишилик қуруқликдаги армиядан иборат эди. Атлантидаликлар бошқа ерларни осонгина босиб олишди, аммо Афина уларнинг йўлида тўсиқ бўлиб қолди.
Платон бу икки кучли цивилизацияни деярли тенг рақиблар деб, таърифлайди. Бир мунча вақт ўтгач, атлантидаликлар ва афиналиклар ўртасида адоват авж олди. Афина ғалаба қозониб, босиб олинган ҳудудларни қайтариб олди.
Атлантидаликларнинг очкўзлиги ва бузуқлиги айнан оролга бало келишига сабабчи бўлган илоҳий сабаб ўлароқ кўрилади.
Платоннинг ёзишмаларидан бирига кўра (қадимги файласуф ўзининг учта асарини — “Республика”, “Тимей” ва “Критий”ни Атлантида тарихига бағишлаган), Атлантида жуда бой давлат бўлган. Олтин ибодатхоналар, улуғвор филлар, унумдор ерлар... Аввалига улар назари тўқ, аҳлоқли кишилар бўлишган, аммо вақт ўтиши билан бу фазилатлардан мосуво бўлиб боришди, деб ёзганди машҳур грек олими.
Платоннинг ворислари у тасвирлаган сирли дунё ҳақида турлича тасаввурга эга эдилар: баъзилари унинг мавжудлигига ишонишмаган (масалан, Аристотел, у Атлантида жойлашган ҳудуд табиий омиллар туфайли кемалар ҳаракати учун яроқсиз эканлигини таъкидлаган), бошқалари эса, аксинча, сирли орол назариясини ишлаб чиқдилар (масалан, Плутарх). Ўрта асрларда Атлантида Янги Дунёни мустамлака қилиш режалари туфайли Америка билан боғлиқ дея кўрилди. Шунга қарамай, атлантидаликларнинг сирли маскани ҳақидаги афсона бугунги кунгача сақланиб қолгани ва бизни илҳомлантиришда давом этаётгани диққатга сазовордир.
Платон Атлантидани ёрқин тасвирлаб берган. У уни улкан орол, пойтахти эса улкан сув ҳалқасида жойлашган деб, таърифлаган. Бироқ, файласуфларнинг ҳикояларидан ташқари, Атлантиданинг мавжудлиги ҳақида ёзма далиллар йўқ, шунинг учун унинг аниқ жойлашуви сирлигича қолмоқда.
Олимлар ва мифологлар Атлантиданинг жойлашуви ҳақида турли хил назарияларни таклиф қилишди, аммо бу жойларнинг барчаси ҳам сирли оролнинг тавсифига тўғри келмайди. Турли даврларга қараб, одамлар нафақат Атлантиданинг мавжудлигига, балки унинг жойлашувига ҳам турлича муносабатда бўлишган. Тадқиқотчилар сирли ер Америка ва Евроосиё ўртасида жойлашган (Атлантика океанининг Европа ва Африкага яқин қисмида) ёки қутбларга қараб тортилган ёки ҳатто қитъага туташган деган, назарияни илгари сурдилар. Ҳатто оролнинг Гибралтар бўғози яқинида жойлашгани ҳақида талқинлар мавжуд.
Эҳтимолий жойлардан бири, Азор оролларидир. Платон Атлантида қадимги Ўрта ер денгизи халқлари билан уруш олиб борган ва кейин милоддан аввалги 9400 йилда чўкиб кетган деб, ҳисоблаган мисрлик руҳонийларнинг иқтибосларига таянган.
Атлантида Атлантика океанидаги катта орол бўлгани учун, у океаннинг ўртасида жойлашган деб, ишонилган. Атлантидаликларнинг Греция ва Шарқий Ўрта ер денгизи халқлари билан урушини ҳисобга олсак, Атлантида чўкиб кетганидан кейин фақат Азор ороллари каби майда ороллар қолган бўлиши эҳтимоли катта.
Саҳрои Кабир. Жазоирдаги Тассили тоғлари ҳам кўпинча Атлантиданинг аввалги жойлашуви контекстида тилга олинади. Франция Шимолий Африкани мустамлака қилганида, улар Жазоирнинг жанубида йўқолган дунё мавжудлигини ва қадимги Карфаген порти Миср руҳонийлари томонидан тасвирланган Атлантика пойтахтининг аниқ нусхаси эканлигини айтганлар.
Мальта. Мальтада ҳозирда 9000 йил ёки ундан кўпроқ ёшга эга деб, тахмин қилинадиган улкан қадимий иншоотлар мавжуд. Археологларнинг таъкидлашича, булар дунёдаги энг қадимги тош харобалар. Шунингдек, оролнинг флора ва фаунаси бир вақтлар кўп бўлган, аммо у вайрон қилинган деб, ишонилади. Оролнинг ўзи Атлантида бўлиш учун жуда кичик эканлигини ҳисобга олсак, у катта империянинг бир қисми бўлган бўлиши мумкин. Атлантиданинг жойлашуви ҳақидаги назариялар кўп. Баъзилар унинг Қора денгизда бўлганини даъво қилишади (Зигфрид ва Кристиан Шоппе), бошқалари унинг Испаниянинг жанубида бўлганига ишонишади (Вернер Викбольдт). Кўплаб тадқиқотчилар Атлантида тарихи бобилликлар, Троя ва Тера оролидаги вулқон отилишига ўхшаш деган, фикрни қўллаб-қувватлайдилар.
2011 йилда АҚШдан бўлган тадқиқот гуруҳи афсонавий йўқолган оролни топганини даъво қилди. Олимлар Испаниянинг жанубидаги лой қатламлари остида жойлашган империя пойтахтининг жойлашувини аниқлаганликларини айтишди. Археологлар ва геологлар жамоаси цунами туфайли сув остида қолган Атлантида Испаниянинг Кадис шаҳридан шимолда жойлашган денгиз суви остида эканлигини тахмин қилишди.
Платон Атлантида тузилишининг энг батафсил тавсифини тақдим этади. Оролнинг марказида ернинг қолган қисмидан икки қатор тўғонлар ва учта сув ҳалқаси билан ажратилган катта тепалик бор эди, улар “компас каби марказдан тенг масофада тортилган”. Қироллик мулки эҳтиёткорлик билан ажратилган ва бунинг яхши сабаби бор: босқинчиликка мойиллиги билан атлантидаликлар ўз бойликларини қўриқлашган.
Дарҳақиқат, Платоннинг фикрига кўра, ҳандақлар билан ўралган марказ “вилоятлар” билан кўприклар орқали боғланган ва асосий ибодатхоналар ва оролнинг беҳисоб бойликлари Атлантиданинг марказида жойлашган эди.
Швейцариялик археолог Цанггер Атлантидани 4000 йил давомида мавжуд бўлган Троя билан таққослайди. У жуда кўп ўхшашликларни топади. Масалан, Платоннинг Атлантидасида 1200 та кема бўлган, Гомернинг Троясида эса 1186 та кема бўлган. Ҳатто Гомер томонидан тасвирланган шаҳарнинг ўзи ҳам Атлантида марказига жуда ўхшаш: асосий бинодан нур сочадиган бир хил истеҳком доиралари. Атлантида ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлган деб, тахмин қилиш учун асос бор.
Шунчаки океанда эмас ва бу ном остида ҳам эмас. Атлантидада иккита булоқ бор эди: илиқ ва совуқ. Гомер Трояда оқаётган шунга ўхшаш булоқларни эслатиб ўтган. Қадимги даврларда мис фақат битта жойда — Троядан 80 километр жануби-шарқда жойлашган Эдремитда ишлаб чиқарилган. Ниҳоят, Платон Атлантис шаҳрининг марказий қисмини “беш стадия” (900 метр) деб таърифлайди. Троя саройи ҳам шунга ўхшаш ўлчамда бўлган. Лекин бошқа олимлар Троя Атлантидага алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида лом-лим дейишмаган.
Бугунги кунда сайёрамиздаги 40 дан ортиқ жой Атлантидаги алоқадор ўлароқ кўрилади. Бироқ, илмий далилларга таянадиган кўпчилик тадқиқотчилар Атлантида афсонасига шубҳа билан қарашади. Муайян назария тарафдорлари қанчалик ишончли далиллар келтирмасин, кўпчилик олимлар Атлантида ҳикояси уйдирма деб, ҳисоблашади. Уларнинг фикрича, Платон Атлантидани илоҳий кучлар одамларни мағрурлиги учун қандай жазолашини кўрсатиш учун ўйлаб топган. У цивилизациянинг идеал қиёфасини яратмоқчи эди. Бу фақат адабий, ахлоқий вазифа.
Бошқа қадимий матнларда Атлантида ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Ҳатто замонавий технологиялар ҳам чўкиб кетган цивилизациянинг ҳақиқий изларини топа олмади.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0