Аёллар пул жамғаришда эркаклардан олдинда
Марказий банк илк бор мамлакатдаги молиявий оммабоплик ҳолатини миллий кўрсаткичлар асосида баҳолади. Шу пайтга қадар Ўзбекистонда молиявий оммабопликни баҳолашда асосан халқаро ташкилотларнинг кузатувлари ва индексларидан фойдаланиб келинган. Янги миллий индекс эса аҳолининг молиявий хизматлардан фойдаланиш имконияти, улардан амалда фойдаланиш даражаси ва хизматлар сифатини мамлакатнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб баҳолаш имконини беради.
Мазкур ҳисоб-китоблар аёлларнинг молиявий хизматлардан фойдаланишида мамлакат бўйича умумий кўрсаткичларга яқин натижалар қайд этилаётганини кўрсатди. Айрим йўналишларда эса аёллар юқорироқ кўрсаткичларга эга.
Хусусан, катта ёшли аёлларнинг 86 фоизи банк ҳисобварағига эга. Бу мамлакат бўйича катта ёшли аҳолининг умумий кўрсаткичига тенг. Бироқ жамғаришга ихтисослашган маҳсулотлардан фойдаланишда аёллар улуши юқори: аёлларнинг 6 фоизида жамғарма ёки муддатли ҳисобварақ мавжуд бўлса, мамлакат бўйича умумий кўрсаткич 4 фоизни ташкил этади.
Яъни аёллар банкда пул сақлаш ва жамғаришга мўлжалланган маҳсулотлардан фойдаланиш бўйича умумий аҳоли кўрсаткичидан олдинда.
Кредит хизматларида эса ҳолат бироз бошқача. Аёлларнинг банк кредит ҳисобварағига эга бўлган қисми 19 фоизни ташкил этиб, катта ёшли аҳоли бўйича умумий кўрсаткичдан 1 фоиз пунктга паст. Шу билан бирга, ҳисобот даврида ажратилган янги чакана кредитларнинг 35 фоизи, чакана кредит портфели қолдиғининг эса 38 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келган.
Таҳлиллар аёлларнинг молиявий тизимга базавий киришида сезиларли гендер тафовути қолмаганини кўрсатмоқда. Аммо кредит ресурсларидан амалий фойдаланишда айрим тафовутлар ҳануз сақланиб қолмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0