Амалга ошмаган тарихий имконият: декабристлар қўзғолони
Инқилоб ва давлат тўнтаришлари ҳақида гап кетганда кўпчилик чор Россиясини жаҳон харитасидан ўчириб ташлаган февраль инқилоби ва октябр тўнтаришларини ёдга олади. Афсуски, бу инқилоблар Россияга катта тараққиёт ва фаровонлик олиб келмади. Аслида ҳар иккала воқеа подшо Россиядаги қашшоқлик ва инқироздан келиб чиққанди.
Бундан роппа-роса икки аср аввал бир гуруҳ шахслар декабристлар номи остида майдонга чиқди. Уларнинг амбициялари чакана эмасди: бу гуруҳ тузумни ўзгартирмоқчи ва мамлакатни жаҳоннинг ривожланган давлатлари сафида кўрмоқчи эди. Агар исён муваффақиятли амалга ошса, бу нафақат Россия, бир неча ўн йилдан сўнг истило қилинадиган Туркистон халқлари тақдирига ҳам таъсир этиши мумкин эди. Агар кейинги исёнларда камбағаллар асосий куч бўлган эса, декабристларнинг кўпчилиги ўзига тўқ, бой ва маърифатпарвар кишилар эди. Улар ичида ҳатто императорга яқин одамлар ҳам бўлган.
XIX аср бошларида Россия Ғарбий Европа давлатларига қараганда қолоқ мамлакат эди. Асрнинг биринчи чорагида крепостнойликни бекор қилиш ва конституцияни жорий этиш ғояси рус жамиятининг юқори табақалари орасида кенг тарқалди. 1812 йилги уруш қаҳрамонлари Россия армиясининг ташқи юриши пайтида маърифатли ва ривожланиб бораётган Европада кўзлари билан кўрганларини ўз ватанларига кўчиришни орзу қилишди. Офицерлар яширин жамиятларга бирлаша бошладилар, уларнинг фаолияти давлат тўнтаришига уриниш – декабристлар қўзғолони билан якунланди. Декабристларнинг мақсадлари фақат битта ғоя билан чекланмаган, балки мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий тузумини тубдан ўзгартиришга қаратилган эди. Уларнинг режалари иккита асосий ҳужжатда — Никита Муравёвнинг “Конституцияси” ва Павел Пестелнинг “Русская правда” (Рус ҳақиқати) дастурида баён этилган.
Крепостнойлик ҳуқуқини бекор қилиш барча декабристларнинг энг биринчи ва қатъий талаби эди. Улар деҳқонларнинг шахсий эркинлигини таъминлашни, уларни тирик товар сифатида сотишни тақиқлашни ва инсоний қадр-қимматини тиклашни мақсад қилганлар. Подшо ҳокимияти борасида эса радикал ва мўътадил қараш мавжуд бўлган, мўътадиллар императорни қолдириб, конституциявий тузумни ёқласа, радикал ўзгаришлар тарафдорлари Россия республика тузумини ўрнатишни истаган. Демократик эркинликлар эса барча декабристлар истаган асосий талаблардан бири эди.

1825 йил 1 декабрда император Александр I вафот этди ва қўшинлар 1823 йилда меросхўрликдан яширинча бош тортган акаси Константин Павловичга содиқликка қасамёд қилдилар. Константин давлатни бошқаришдан бош тортгач, бошқа бир валиаҳд, Николай император бўлиши керак эди. 26 декабрда (14 декабрь, эски санада) Сенат унга содиқлик қасамёд қилиши керак эди. Фитначилар сенаторларни бу қарорни бекор қилишга ва “Россия халқига манифест”ни қабул қилишга ишонтиришга умид қилишган. Ушбу дастурий ҳужжат Муваққат ҳукуматни жорий этиш, крепостнойликни бекор қилиш ва демократик эркинликларни ўрнатишни талаб қилди. Бироқ, фитначилар бошчилигидаги иккита полк аскарлари ва Гвардия денгиз флотининг денгизчилари Сенат майдонига этиб келишганида, сенаторлар аллақачон қасамёд қилиб, тарқалиб кетишган бўлади. Қўзғолон раҳбари княз Сергей Трубецкой эса умуман кўринмади. Ҳукумат қўшинлари майдонга тўпланди. Ҳарбий генерал-губернатор Михаил Милорадович қўзғолончиларни Николай I га содиқликка қасамёд қилишга чақирди, аммо бунга жавобан ўқ еб, ҳалок бўлди. Шундан сўнг янги император ўт очишни буюрди. Ўша куниёқ кечга яқин қўзғолон бостирилди. Расмий маълумотларга кўра, қўзғолон пайтида тахминан 80 киши ҳалок бўлган, аммо узоқ вақт давомида бошқа рақам ҳам келтирилди - 1270 киши ўлгани бўйича маълумотлар бор. Замонавий тарихчилар расмий талқинга амал қилишади ва юзлаб одамларнинг ўлдирилгани ҳақидаги гапларни халқ фолклорида боғлашади.

Ўша куниёқ ҳибсга олишлар бошланди. Яширин жамиятлар - Шимолий ва Жанубий ва Бирлашган славянлар жамияти аъзолари қидирилди. Кейинчалик “декабристлар” тоифасига 1826-1827 йилларда Ҳарбий дўстлар жамияти, Оренбург ва Астрахан махфий жамиятларининг фитначилари ҳам кирди.
Жиноятчилар содир этган жиноятининг оғирлигига қараб 11 тоифага бўлинган. Энг оғир жиноят подшога суиқасд қилиш эди. Беш декабрист - Павел Пестел, Сергей Муравёв-Апостол, Кондратий Рилеев, Пётр Каховский ва Михаил Бестужев-Рюмин ўлимга ҳукм қилинган. Улар том маънода қўзғолоннинг энг кўзга кўринган етакчилари ва қаҳрамонлари эди.
Николай I исёнчиларнинг 31 нафарига тайинланган ўлим жазосини каторга (узоқ Сибирь ҳудудларига сургун) билан алмаштирди. Жами 121 киши айбдор деб топилиб, унвонлари ва зодагонликларидан маҳрум қилинди. Тўқсон тўққиз нафар исёнчилар Сибирда оғир меҳнатга сургун ҳукм қилинган, қолганлари оддий аскар сифатида Кавказга юборилган. Баъзилар бутун ҳукм даврларини Пётропавловск ва Шлисселбург қалъаларида бир кишилик камерада ўтказдилар. Қўзғолончи полкларнинг аскарлари ва гвардия экипажининг денгизчилари ҳам жазоланди – улар жами 3000 дан ортиқ киши эди. Жазоланганлар ичида саккиз княз, икки граф ва уч барон ҳам бор эди. 1826 йилнинг ёзида биринчи саккиз маҳкум Нерчинскдаги Благовацкий конига юборилди. Улар фақат бир йилдан сўнг Читага кўчирилди ва кейинги гуруҳлар дарҳол Чита қамоқхонасига жойлаштирилди. Бу ерда маҳбуслар тупроқ ишларида ишлаган, ун тортган, казармалар қурган ва сабзавотлар парвариш қилган. Павел Бобришчев-Пушкин кесувчи ва дурадгор бўлиб ишлаган, Николай Бестужев эса соат таъмирлаган, пойабзал тиккан, ёғочдан ҳайкалчалар ясаган. Маълумотларга кўра, улар оёқлари кишанланган ҳолда юришга мажбур эди.
Айниқса хавфли жиноятчилар сифатида декабристларни бошқа маҳбуслардан алоҳида сақлаш режалаштирилган эди. Шу мақсадда Петровский заводида махсус қамоқхона қурилган. 1830 йилда у ерга 71 киши кўчирилди. Собиқ фитначилар ўз қарашлари билан ишчиларга “юқтириш”дан қўрқиб, заводнинг ўзига киритилмади. Декабристлар биринчи навбатда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш билан шуғулланган. Қизиғи шундаки, маҳбуслар ҳам “Жиноят академияси” деб аталган жойда бир-бирларидан сабоқ олишган. Константин Торсон механика, молия ва денгиз экспедициялари тарихидан, Фердинанд Вольф эса физика, кимё, анатомия ва физиологиядан маъруза ўқирди. “Давлат жиноятчилари” орасида олий математика, фалсафа, адабиёт, астрономия, бир қанча тиллар ва бошқа кўплаб фанлар ўқитувчилари бор эди.

Эътиборли томони, сургун қилинган қўзғолончиларнинг аёллари, оналари ва бошқа аёллар ҳам уларга қўшилишган. Қўзғолон қатнашчилари асосан анча ёш бўлиб, улардан 20 га яқинигина турмуш қурганди. Ўн саккиз аёл - хотинлар, келинлар, оналар ва опа-сингиллар - жазони ўташга киришдилар. Улар орасида Мария Волконская ва Екатерина Трубецкаяларни мисол қилиб келтириш мумкин. Ўша пайтда оилалар жиноятчиларни қамоқхона лагерларига кузатиб боришлари одатий ҳол эди: уларнинг хотинлари ва болалари мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланишлари мумкин эди.
Декабристлар исёни ҳарбий жиҳатдан мағлубиятга учраган бўлса-да, унинг Россия жамияти ва сиёсий фикрига таъсири жуда чуқур бўлди. Бу воқеа мамлакат тарихида “сиёсий уйғониш” нуқтаси деб қаралади. Исён янги император Николай I ни қаттиқ қўрқитиб қўйди. У мамлакатда тартиб ўрнатиш учун “сиёсий полиция”(учинчи бўлим)ни ташкил этди ва цензурани кескин кучайтирди. Жамиятда ҳар қандай эркин фикрлаш таъқиб остига олинди. Бироқ қаршилик кучлари тўлиқ бостирилмади.
Декабристларнинг ҳаммаслаклари яширин тўгаракларга бирлашиб, ўз фаолиятларини давом эттирдилар. 1855 йилда ҳокимият тепасига Александр II келди. У сургундаги декабристларга нисбатан жазо чораларини юмшатди, 1861 йилда крепостнойлик ҳуқуқини бекор қилди. Бироқ жамиятдаги энг асосий муаммолар ҳал қилинмай қолиб кетди. Бу эса ўз навбатида мамлакатда аҳволнинг оғирлашуви ва империянинг таназзулини келтириб чиқарди.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0