Эндиликда ота-онасиз болаларнинг омонат ҳисоб рақамига давлат томонидан 500 АҚШ доллар қўйилади
Анъанавий янги йил совғаларига қўшимча равишда, болалар учун омонат депозит ҳисоб рақамларини очиш тўғрисида қарор қабул қилинди, бу эса давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлашнинг уларнинг эртанги куни учун илк ва кичик, бироқ муҳим қадам бўлишини таъминлайди.
0 дан 17 ёшгача бўлган 8 минг нафардан ортиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун омонат депозит ҳисоб рақамлари очилди. Ҳар бир бундай ҳисоб рақамига давлат томонидан 500 АҚШ доллари миқдорида маблағ жойлаштирилди. Ушбу маблағлар йилдан-йилга капитализация ҳисобига жамғарилиб боради. Бола 18 ёшга тўлгач, ушбу маблағлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, мустақил ҳаётга қадам қўйиш учун илк қарорларини қабул қилиши мумкин.
9 ёшдан юқори бўлган болалар ва уларнинг қонуний вакилларига ижтимоий карталар берилди. Бу қулайлик, хавфсизлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида амалга оширилди. Ижтимоий карта бугуноқ фойдали: у орқали жамоат транспортидан имтиёзли шароитларда фойдаланиш, харидлар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш, шахсни тасдиқлаш, шунингдек ижтимоий ёрдам ва хизматларни олиш ҳуқуқини тасдиқлаш мумкин. Барча операцияларни Барака мобил иловаси орқали кузатиш ва назорат қилиш мумкин.
Ушбу қўллаб-қувватлаш давлат ғамхўрлигига алоҳида муҳтож бўлган болалар учун мўлжалланган:
- маҳаллаларда истиқомат қилувчи етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
- меҳрибонлик уйлари, оилавий ва кичик ҳажмли болалар уйлари ҳамда СОС болалар қишлоқлари тарбияланувчилари;
- ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш чоғида ҳалок бўлган болалар;
- “Таскин” болалар хосписи ҳузуридаги болалар онкология шифохонасида даволанаётган болалар.
“Таскин” болалар хосписида даволанаётган болалар учун алоҳида тартиб белгиланган: депозит ҳисоб рақамидаги маблағлар заруратга кўра ва қонуний вакиллар мурожаати асосида исталган вақтда банк картасига ўтказилиши мумкин.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0