АҚШдаги эгизак бинолар портлаганига 24 йил бўлди

2001 йил 11 сентябрь. Соат 8:46.
Нью-Йоркдаги оддий иш куни бир неча дақиқада тарихдаги энг машҳур саналардан бирига айланди. «American Airlines»нинг 11-рейси Жаҳон савдо марказининг Шимолий минорасига урилди. Орадан 17 дақиқа ўтиб, иккинчи самолёт Жанубий минорага келиб урилди. Ўша куни 4 та йўловчи самолёти террористлар томонидан эгаллаб олинган эди. Иккитаси эгизак минораларга, учинчиси Пентагонга бориб тегади. Тўртинчи самолёт эса Пенсильвания штатидаги далага қулайди. Ундаги йўловчилар ва экипаж аъзолари самолётни бошқариш учун террористларга қарши чиққани маълум.
11 сентябрь ҳужумларида 2 977 киши ҳалок бўлди. Улар орасида 90 давлат фуқаролари бор эди. Нью-Йоркда 2 753, Пентагонда 184 ва Flight 93 бортида 40 киши ҳаётдан кўз юмди. Лекин бу рақамлар воқеанинг кўламини тўлиқ ифодалай олмайди. Эгизак минораларнинг ҳар бири 110 қаватли эди. Улар Нью-Йорк манзарасининг ажралмас қисми бўлиб, ҳар куни ўн минглаб одамлар бу биноларга ишлаш ёки сайёҳ сифатида ташриф буюрарди. Қизиғи, самолётлар урилганидан кейин бинолар дарҳол қуламаган. Жанубий минора самолёт зарбасидан кейин тахминан 56 дақиқа тик турган ва 9:59 да қулаган. Шимолий минора эса зарбадан кейин 102 дақиқа ўтиб, 10:28 да вайрон бўлган.
Flight 93 самолёти Вашингтон томон учиб бораётган эди. Йўловчилар бошқа самолётлар билан нима содир бўлганини телефон орқали билиб олишган. Шундан кейин улар самолёт кабинасига киришга уринишади. Шунга қарамай оқибат аянчли тугайди. Самолёт Пенсильваниядаги далага қулайди. Расмий маълумотларга кўра, самолётдаги 40 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси ҳалок бўлган. Аммо уларнинг қаршилиги ҳаво кемасининг эҳтимолий нишонга етиб боришига йўл қўймаган. Энг қудратли давлатда мисли кўрилмаган бундай ҳодисанинг юз бериши бутун дунё аҳлини огоҳликка чақирди ва шундан кейин АҚШда хавфсизлик тизими, авиация қоидалари ва терроризмга қарши курашда бутунлай янги босқичга ўтилди.
Энг қизиқ жиҳати, бу фожиани ўрганиш натижасида қурилиш соҳасида ҳам катта ўзгаришлар қилинди. NIST маълумотларига кўра, кейинчалик халқаро қурилиш стандартларига 40 дан ортиқ ўзгартиш киритилди. Чиқиш йўлаклари, ёнғинга чидамли конструкциялар, ёнғиндан ҳимоя тизимлари ва фавқулодда эвакуация масалалари қайта кўриб чиқилди. Яъни 11 сентябрдан кейин АҚШда одамларнинг биноларга кириши, самолётга чиқиши ва хавфсизлик талаблари ҳам ўзгарди.
Орадан 24 йил ўтди. Аммо ҳар йили 11 сентябрда Нью-Йоркда қурбонларнинг исмлари бирма-бир ўқиб эшиттирилади. Расмий хотира маросимида эса ўша куннинг энг муҳим олти лаҳзасида сукут сақланади. Самолётларнинг минораларга урилгани, уларнинг қулаши, Пентагонга қилинган ҳужум ва Flight 93 ҳалокати. 11 сентябрь ана шундай тарихга кирган муҳим саналардан бири бўлиб қолди.
Зебо НАМОЗОВА
Ишонч.уз







