+27C

+27C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Сон муҳимми, сифат?

Мен ҳозир Қашқадарё вилояти ҳамда қашқадарёликлар ҳаёти билан боғлиқ гўшт ва чорва ҳақидаги латифа-ю, гурунглар ҳақида сўзлаб бермоқчи эмасман. Уларнинг қанчалик ҳақиқатга яқину узоқлигини тушунтиришга ҳам уринмайман. Аммо бир жиҳати ростки, азалдан Қашқадарё вилояти аҳлининг турмуш тарзи, иқтисодий ҳаёти чорвачилик билан уйқаш бўлиб келган.
41 21:51 | 20.08.2026 21:51

Бугун ҳам мазкур тармоқ вилоят қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотининг энг катта улушини таъминламоқда. Кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, наслчиликни яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ва ёшларни соҳага жалб этишга қаратилган ташаббуслар чорвачиликда янги босқични бошлаб берди. Бироқ бу ўзгаришлар ортида ҳали ҳал қилиниши лозим бўлган жиддий масалалар ҳам мавжуд.


Келинг, мутасадди ташкилотлар маълумотларига диққат қаратамиз: 2025 йил якунида Қашқадарё вилоятида 1 миллион 795 минг бош қорамол, 5 миллион 231 минг бош қўй-эчки боқилган. Бир йил давомида 347 минг тонна гўшт, қарийб 1 миллион 395 минг тонна сут, 583,8 миллион дона тухум, 2 минг 645 тонна асал ҳамда 4 минг 637 тонна балиқ етиштирилган.


Бу рақамлар соҳада ўсиш суръати сақланаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, аҳолининг гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланаётган бўлса-да, тухум ва балиқчилик йўналишида ҳали катта захиралар мавжуд.


Жорий йилда хориждан 1922 бош қорамол ва 24014 та қўй ва эчкилар олиб келинган. Чорва молларининг зотини яхшилаш мақсадида 190 минг бош сигир сунъий уруғлантирилган, наслчилик хўжаликлари томонидан аҳоли ва фермер хўжаликларига 1,1 минг бош наслли қорамоллар тайёрлаб берилган.


Вилоятдаги қорамолларнинг 89 фоизи, қўй ва эчкиларнинг 80 фоизи аҳоли хонадонларида сақланади. Бу бир қарашда ижобий ҳолатдек кўринади. Чунки аҳоли ўзини ўзи банд қилмоқда, даромад топмоқда. Аммо тармоқнинг энг оғриқли муаммоси ҳам айнан шу ерда бошланади. Кўпчилик хонадонларда ем-хашак етиштириш учун ер майдони чекланган. Ҳудуд учун сув танқислиги йилдан-йилга жиддий масалага айланиб бораётгани эса озуқа етиштириш имкониятларини янада қисқартирмоқда. Натижада ем-хашак нархи ошиб, маҳсулот таннархи юқорилаяпти.


Демак, бугун чорвачиликнинг келажаги энди мол бошини кўпайтиришда эмас, ҳар бир бош молдан олинадиган маҳсулдорликни оширишда. Давлатимиз раҳбари иштирокида ўтказилган йиғилишларда ҳам вилоятда озуқа базасини мустаҳкамлаш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва яйловлардан самарали фойдаланиш устувор вазифа сифатида белгиланган.


Ана шу нуқтаи назардан Чироқчи тумани тажрибаси эътиборга молик. Гап шундаки, сўнгги йилларда ҳудудда Қирғизистон ва Мўғулистондан юқори маҳсулдор қўйлар олиб келиниб, маҳаллий наслни яхшилаш ишлари кенгайди. Тумандаги соҳа мутахассиси Мойли Ҳайдаровнинг маълум қилишича, ўтган йили туманга қарийб 3 минг бош қорамол ва 4 минг бошга яқин майда шохли чорва хориждан олиб келинган. Жумладан, «Паканди» маҳалласида яшовчи чорвадор Тўлқин Омонқулов ҳам бу имкониятдан унумли фойдаланган тадбиркорлардан.


– Қирғиз Республикасидан «Эдилбой» зотли 40 та қўй олиб келдик, – дейди у. – Натижа эса кутганимиздан ҳам яхши. Бу зот иқлимимизга ҳам тез мослашди. Ҳозир ҳар бир совлиқдан бир йилда икки-уч бошгача қўзи оляпмиз. Ҳолати кўнгилдагидек. Шу сабаб уларни яна кўпайтириш ниятимиз бор.


Чорвачиликни ривожлантиришнинг муҳим жиҳатларидан бири унинг ёшлар бандлигига хизмат қилаётганидир. Косон туманида Президентнинг ёшларга ер ажратиш бўйича қарори асосида юзлаб ёшлар ўз тадбиркорлигини бош­лади. «Майдаёбу» маҳалласи бугун ана шу ислоҳотларнинг амалий натижасини яққол кўрсатаётган ҳудудлардан бирига айланди.


Илҳом Эшқобилов аввал хорижда меҳнат қилган. Унга ҳам бир гектар ер ажратилгач, қишлоғига қайт­ган. Имтиёзли кредит ҳисобига қудуқ қаздириб, қуёш панели ўрнатган, ем-хашак етиштиришни йўлга қўйиб, қўйчиликни ривожлантиришга киришган.


– Аввал 15 бош қўй олдим. Бугун улар кўпайиб, мазкур соҳа мен учун барқарор даромад манбаига айланди, – дейди у.


Бугун «Майдаёбу» маҳалласида эллик нафардан ортиқ ёшлар айнан шу йўл орқали ўз тадбиркорлигини изга тушириб олишди.


Бу бир ҳудуддаги кўриниш, албатта. Аммо таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, вилоят чорвачилиги ҳали тўлиқ саноатлашган тармоққа айланмаган. Асосий маҳсулот хомашё кўринишида сотилмоқда. Гўштни қайта ишлаш, сут маҳсулотлари, жун ва тери саноатини ривожлантириш, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш каби йўналиш­ларда ҳали ишга солинмаган имкониятлар бисёр.


Мутахассисларнинг фикрича, агар ем-хашак етиштириш, наслчилик, ветеринария хизмати ва қайта ишлаш занжири бир тизим сифатида ривожлантирилса, соҳанинг иқтисодий самарадорлиги бир неча баробар ортиши мумкин. 2026 йил якунига бориб вилоятда қорамоллар сонини 1 миллион 840 минг, қўй-эчкиларни эса 5 миллион 363 минг бошга етказиш режалаштирилган. Лекин бугунги кунда энг муҳим вазифа янада кўпроқ чорва боқиш эмас, балки ҳар бир бош молнинг маҳсулдорлигини оширишдир.


Қашқадарё чорвачилиги айнан шу танлов олдида турибди. Агар эътибор фақат сонга қаратилса, муаммолар ҳам шунча кўпаяди. Аксинча, сифат, илм-фан, инновация ва иқтисодий самарадорлик устувор бўлса, воҳа нафақат мамлакатнинг етакчи чорвачилик ҳудуди сифатида мавқеини сақлаб қолади, балки экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган замонавий агросаноат марказига дўниши мумкин.


Баҳодир ҲАЛИМОВ
«ISHONCH»



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид