Ғассоллик - ҳаёт билан охират ўртасидаги хизматдир
— Ғассоллик — фақат танани поклаш эмас. Бу инсоннинг ҳаёт билан охират ўртасидаги сўнгги чегарасида хизмат қилишдир, — дейди навоийлик Мирзо бобо Кенжаев.
— “Нима иш қиласиз?” деган саволга “Ғассолман”, деб жавоб берсам, одамларга жуда ғалати туюлади. Кўп жойларда майитни ўз қариндош-уруғлари поклаб беришади. “Ўзимизники-ку”, дейишади. Аммо бу иш унчалик осон эмаски, хоҳлаган одам бажара олса. Умримнинг 35 йилини шу ишга бағишладим. Бу иш менга отамерос. Аслида ғассоллик — касб эмас. Бу — юк. Руҳий, маънавий, жисмоний юк. Ва айнан шу жиҳати билан ғассолликда катта синоат бор.Охирги йўлга кузатилаётган инсонни покловчи киши аввало ўзи руҳан, маънан тайёр бўлмоғи керак. Калимани билмаган, дуонинг маъносини тушунмаган одам гоҳида “ўзимники” деган мажбурият билан майитни поклашга кириб кетади. Қурқув, ачиниш, изтироб — булар табиий. Айниқса, майит яқин қариндош бўлса, бу ҳислар юракни эзиб юбориши мумкин.
Ҳа, Мирзо бобонинг айтганларида жуда катта ҳикмат бор. Яқинда турли қишлоқларда бўлиб ўтга икки воқеани эшитдим. Бирида — тоғасига, иккинчисида — амакисига поклаш учун кирган одамлар. Ҳар икки ҳолатда ҳам майит чиқиб кетгунча, покловчиларнинг қон босими кўтарилиб, инсульт бўлиб йиқилишган. Ва икки кун ичида ўзлари ҳам оламдан ўтишган. Албатта, бу — Аллоҳнинг иши. Аммо бундай тасодифлар инсонни ўйлантиради. Демак, бу ишга ҳар қандай эҳтирос, ҳис-туйғу билан кириб бўлмайди.
– Ғассолликнинг яна бир оғир, аммо кўп гапирилмайдиган томони бор. Маҳаллада ғассол аёл ёки эркакка майитнинг кийган-киймаган кийимлари, кўрпа-кўрпачалари “савоб бўлсин” деб берилади. Удум шундай. Ғассол олиб кетади. Лекин кейин ўша кийимни кийиб кўчага чиқса, одамлар негадир унга бошқача қарашади, –дея суҳбатни давом эттиради Мирзо бобо Кенжаев. – Ғассол майитни ювиш жараёнида кўрганларини ҳеч кимга айтмаслиги керак.
Баъзида поклашга кирган қариндошлар турли гапларни тарқатганлигини ҳам эшитиб қоламиз. Ҳамма ҳам ҳар куни майит билан юзма-юз келиб, ўз қалбини синдирмай сақлаб юра олмайди.
Умид Худойқулов.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0