Дастурий таъминотни тест қилишни ўргатувчи янги ўйин яратилди
“QA Simulator” – дастурий таъминотни тест қилиш (Quality Assurance – QA – сифат кафолати) асосларини интерактив тарзда ўргатишга мўлжалланган янги ўқув ўйини бўлиб, у қозоғистонлик IT-мутахассис Мурат Нуркасимов томонидан яратилган ва яқин кунларда Steam платформасида эълон қилиниши режалаштирилмоқда.
Ўйин ғояси ва мақсади шундаки, “QA Simulator”да фойдаланувчи ўзини реал иш шароитида ҳис қилади, тест муҳити ва вазифалар орқали амалий кўникмаларини ошириб боради. Бу ерда реал хатоликларни аниқлаш, турли тест методларини қўллаш, иш фаолиятини ҳужжатлаштириш имконияти мавжуд.
Ўйин энди бошловчиларга асосий тушунчаларни ўргатса, тажрибали мутахассислар учун эса автоматлаштирилган тестлар ва мураккаб вазифаларни такомиллаштириш имконини беради.
Симулятор фойдаланувчилари e-commerce дастурларини тест қилиш ёки омбор бошқарув тизимларини оптималлаштириш каби реал лойиҳаларда иштирок этишлари мумкин бўлади. Ҳар бир муваффақиятли топшириқ орқали тажриба баллари ва ютуқлар қўлга киритилади. Баъзи миссиялар жамоавий ҳамкорликда бажарилади — бу эса реал ҳаётдаги QA жамоалари каби ишлашга имкон беради.
Рисклар таҳлили, тест режаси тузиш ва хатоларни таҳлил қилиш жараёнлари орқали фойдаланувчилар реал тажриба орттирадилар. Ўйиндаги ҳар бир миссия олдинги билимлар асосида қурилади. Бундан ташқари, фойдаланувчилар ютуқлар асосида ўйин ичидаги сертификатларга эга бўлишлари ва амалий натижаларни портфолио сифатида ишлатишлари мумкин.
Ўйин яратувчиси Мурат Куркасимовнинг маълум қилишича, келгусида “QA Simulator”га сунъий интеллект, интернет қурилмалари ва блокчейн мавзуларини ўз ичига олган янги сценарийлар киритиш режалаштирилган. Шунингдек, таълим муассасалари ва технологик компаниялар билан ҳамкорликлар асосида расмий тан олинган курс ва сертификатлар ишлаб чиқилиши мумкин.
“QA Simulator – бу оддий ўйин эмас, балки интерактив ўқитиш платформаси бўлиб, бошланғич фойдаланувчилар ва тажрибали мутахассислар учун бирдек фойдали бўлиши мумкин. Реал ҳаётдаги вазифаларга асосланган бу ўйин ҳар қандай фойдаланувчига етук IT-мутахассис бўлиб етишишига кўмаклашишига ишонаман”, – дейди Мурат Нуркасимов.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0