Сенатор ажримлар кўпайишида ижтимоий тармоқлар таъсирини ўрганишни таклиф қилди

Сенатнинг 19-ялпи мажлисида мамлакатда оила институтини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Муҳокама давомида сенатор Ҳусан Эрматов Оила ва хотин-қизлар қўмитаси амалга ошираётган чора-тадбирлар самарадорлиги, ижтимоий тармоқлар ва сериалларнинг оилавий қадриятларга таъсири юзасидан фикр билдирди.

15:43 | 11.09.2026
30
Сенатор ажримлар кўпайишида ижтимоий тармоқлар таъсирини ўрганишни таклиф қилди
Катталаштириш

Сенаторнинг қайд этишича, ҳисоботларда бу йўналишда кўплаб ишлар амалга оширилгани кўрсатилган. Жумладан, 208 та туман ва шаҳарда Оила ва хотин-қизлар масканлари фаолияти йўлга қўйилган, 47 мингдан зиёд тарғибот тадбирида 593 минг нафар фуқаро қамраб олинган. Бироқ шу чораларга қарамай, жорий йилнинг биринчи ярмида ажримлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,3 фоизга ошган.

«Қилинган ишлар жуда кўп. Лекин маърузачининг ўзи ҳам таъкидлаяптики, жорий йилнинг 6 ойида ажримлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,3 фоизга кўпайган. Яъни натижа салбий бўлиб кетяпти», деди сенатор.

Эрматовнинг фикрича, ажримлар сабабларини таҳлил қилишда ижтимоий тармоқларнинг таъсирига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. У айниқса Instagram каби платформаларда оила, масъулият, ота-она ҳурмати каби қадриятларни тарғиб қилувчи контент етарли эмаслигини таъкидлади.

«Ижтимоий тармоқларда, айниқса Instagram’да кўрсангиз, оилани тарғиб қилиш, оиланинг муқаддаслиги тўғрисида деярли гап йўқ. Лекин жамиятни тарбиялашда уларнинг жуда катта салбий роли бўляпти», деди у.

Сенатор телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларида намойиш этилаётган сериаллар мазмунига ҳам эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, айрим сериалларда кўтарилаётган мавзуларнинг жамият ва оилавий муносабатларга таъсири етарлича таҳлил қилинмаяпти.

«Сериалларда кўтарилаётган мавзулар ва уларнинг жамиятга зарари тўғрисида биронта муносабатни ҳам кўрмаймиз. Ваҳоланки, асосий аудитория аёллар, оналар ва ёшлар», деди Эрматов.

У тарғибот ишларини фақат анъанавий тадбирлар билан чеклаб қўймасдан, ижтимоий тармоқлар учун замонавий ва таъсирчан контентлар яратиш зарурлигини таъкидлади. Сенатор оиладаги самимият, масъулият, ота ва она ҳурматини тарғиб қилувчи сифатли роликлар борлигини, аммо улар кўп ҳолларда тизимли давлат сиёсати натижаси эмас, ташаббускорларнинг шахсий ҳаракати билан яратилаётганини айтди.

«Биз тарғиботнинг шу йўлларига кўп қарамаяпмиз. Фақат эски усуллар билан ишлаяпмиз. Масаланинг келиб чиқадиган манбасига эмас, ўзимиз ўйлаган чора-тадбирларга кўпроқ таяняпмиз», деди сенатор.

Ҳусан Эрматов бу масалада Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, оммавий ахборот воситалари, маданият ва маънавият-маърифат соҳасидаги ташкилотлар ўртасида мувофиқлаштирилган иш тизими бўлиши кераклигини билдирди.

Шунингдек, у Қўмита раиси Дилноза Каттахоновадан Сенат ёки қонунчилик даражасида қандай ёрдам зарурлигини очиқ айтишни сўради ва сенаторлар бу борада тегишли ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

Муҳокамада Қўмита раиси ижтимоий тармоқлар ва телевидение учун оилавий қадриятларни тарғиб қилувчи контентларга давлат буюртмаси бериш, тарбиявий контентни кўришлар сонига қараб рағбатлантириш ҳамда инсон психологияси ва соғлиғига таъсир қилувчи айрим контентларни тартибга солиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ

Мақолага муносабат

2 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади