Давлат ва жамият ҳамкорлиги: ННТлар янги босқичда

Бугунги кунда давлат бошқаруви ўз моҳиятига кўра тубдан ўзгариб, ваколатларни тақсимлаш ва жамият билан ҳамкорлик қилиш тамойилларига асосланган янги босқичга ўтмоқда. Мазкур жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни тобора ортиб бормоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа фуқаролик институтлари жамият манфаатларини ифода этиш, аҳоли муаммоларини кўтариш ва уларни ҳал этишда муҳим субъект сифатида майдонга чиқмоқда.

14:55 | 05.05.2026
159
Давлат ва жамият ҳамкорлиги: ННТлар янги босқичда
Катталаштириш

Айниқса, давлат ижтимоий буюртмаси ва аутсорсинг механизмлари орқали ННТларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш масаласи бугунги ислоҳотларнинг марказий йўналишларидан бирига айланмоқда. Ушбу механизмлар давлат функцияларини самарали тақсимлашга хизмат қилиб, давлат ва жамият ўртасида ишончли ҳамкорлик муҳитини шакллантиради.

Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан
қўллаб-қувватлаш – айрим ижтимоий вазифаларни амалга оширишни ННТларга ишониб топшириш орқали жамият ресурсларини сафарбар этиш механизми ҳисобланади. Бу орқали давлат ўз вазифаларини бажаришда жамоатчилик салоҳиятидан самарали фойдаланади, нодавлат сектор эса ўз ташаббуслари ва тажрибасини амалиётга татбиқ этиш имконига эга бўлади.

Президентимизнинг шу йил 16 февралдаги ПФ–22-сон фармони билан тасдиқланган Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ҳамда “Ўзбекистон–2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурида ижтимоий буюртма ва аутсорсинг механизмлари орқали нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.

Мазкур ҳужжат давлат органлари томонидан бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролик жамияти институтлари учун давлат ижтимоий буюртмаси бўйича мажбурий квоталар белгилаш, аутсорсингга ўтказиладиган давлат функциялари рўйхатини шакллантириш ҳамда айрим давлат функцияларини ННТларга босқичма-босқич ўтказиш ҳажмини кенгайтиришни назарда тутади. Шунингдек, аутсорсингга берилган функциялар ижроси самарадорлигини баҳолаш, натижалар асосида квоталар ва механизмларни такомиллаштириб бориш ҳам кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, давлат ижтимоий буюртмалари учун мажбурий квоталарни белгилашда бандликни таъминлаш, таълим сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш, экологик барқарорликни таъминлаш, шунингдек, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари каби устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Мазкур соҳалар аҳолининг кундалик ҳаёти, ижтимоий фаровонлиги ва инсон капитали ривожи билан бевосита боғлиқ бўлиб, давлат ижтимоий буюртмалари орқали улардаги муаммоларга манзилли ва самарали ечимлар топиш имконини беради.

Ушбу ёндашув нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат бошқарувидаги иштирокини тизимли равишда кенгайтиришга хизмат қилади. Давлат ижтимоий буюртмаси ва аутсорсинг механизмлари орқали ННТлар давлат қарорларини шакллантириш ва амалга ошириш жараёнларида фаол иштирок этувчи субъектга айланади. Бу эса давлат ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, бошқарув самарадорлигини ошириш ҳамда аҳоли манфаатларини таъминлашда очиқлик ва шаффофликни кучайтиришга замин яратади.

Шу билан бирга, маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ушбу йўналишларда амалга оширилаётган лойиҳалар уларнинг амалий тажрибаси ва институционал салоҳияти етарли эканини кўрсатмоқда.

Хусусан, аҳолини касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш йўналишидаги лойиҳалар амалий самарадорлиги билан алоҳида эътиборга лойиқ. Қашқадарё вилоятида “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази ҳамда “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциациясининг ҳудудий бўлинмалари томонидан давлат ижтимоий буюртмаси ва бошқа лойиҳалар доирасида минглаб ишсиз ёшлар, эҳтиёжманд хотин-қизлар, кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳамда меҳнат мигрантлари турли касб йўналишлари бўйича ўқитилиб, уларнинг бандлиги таъминланган.

Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини
қўллаб-қувватлаш йўналишидаги лойиҳалар ҳам самарали натижалар берган. Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси вилоят бўлими томонидан амалга оширилган лойиҳа доирасида Кўкдала туманидаги “Торжилға”, Шаҳрисабз туманидаги “Ғелон”, Муборак туманидаги “Пахтакор” ҳамда Чироқчи туманидаги “Қуруқсой” маҳаллаларида ижтимоий кўмакка муҳтож аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган амалий ишлар амалга оширилган.

Ўзбекистон аёллар ва қизлар уюшмаси вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан амалга оширилган лойиҳа доирасида эса Ғузор туманидаги “Ярғунчи”, “Янгикент”, Шаҳрисабз туманидаги “Қумқишлоқ” ва “Кўл”, Косон туманидаги “Гулбоғ”, “Равот”, Муборак туманидаги “Геолог”, “Бешариқ” ҳамда Касби туманидаги “Мустақилобод” маҳаллаларида эҳтиёжманд аҳоли доимий даромад манбаига эга бўлиш имкониятига эга бўлган.

Соғлиқни сақлаш йўналишида ҳам ННТларнинг иштироки аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, Шифокорлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан Касби туманидаги “Пандирон”, Яккабоғ туманидаги “Қайрағоч” ҳамда Шаҳрисабз шаҳридаги “Заргарлик” маҳаллаларида соғломлаштириш ва даволаш тадбирлари ташкил этилган.

Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси вилоят бўлими лойиҳаси доирасида эса Яккабоғ туманидаги “Ўрта”, Китоб туманидаги “Бешариқ” ва Деҳқонобод туманидаги “Бозортепа” маҳаллаларида ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар соғломлаштириш тадбирларига қамраб олинган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишидаги лойиҳалар ҳудудларнинг барқарор ривожига хизмат қилмоқда. “Экосфера” нодавлат нотижорат экология маркази ташаббуси билан Кўкдала туманида иқлим шароитига мос, сув танқислигига чидамли дарахт турларини экиш масалалари ўрганилиб, ижтимоий соҳа объектларида кенг кўламли кўчат экиш акциялари ўтказилган.

Ёшларнинг тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантириш йўналишида ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилган бўлиб, “Ёшлар - келажагимиз” жамғармаси томонидан вилоятдаги иш билан банд бўлмаган ёшлар ва ёш тадбиркорлар қамраб олинган, улар учун маҳорат дарслари ташкил этилиб, тадбиркорликка йўналтирилган.

Албатта, бу каби ташаббуслар ННТларни давлат билан ҳамкорликда ижтимоий ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланаётганини намоён этади. Шу боис, келгусида мазкур фаолиятни давлат ижтимоий буюртмаси ва аутсорсинг механизмлари орқали изчил қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш мақсадга мувофиқдир. Бу бир томондан аҳолининг долзарб ижтимоий муаммоларига манзилли ва самарали ечимлар топиш имконини берса, иккинчи томондан нодавлат нотижорат ташкилотларининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаб, уларни давлат бошқаруви жараёнларида барқарор ҳамкор сифатида шакллантиради. Шунингдек, мазкур механизмлар орқали амалга оширилаётган лойиҳа ва дастурлар устидан жамоатчилик назоратини тизимли равишда кучайтириш ҳамда фуқароларнинг қарорлар қабул қилиш ва уларнинг ижросини баҳолаш жараёнларида иштирок этиш имкониятлари ошади.

Баҳром ЭШҚУВАТОВ,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ

Мақолага муносабат

744 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади