Депутатлик сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинди
2024 йил 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтди. Парламент сайлови мамлакат тарихида илк бор аралаш сайлов тизими — мажоритар ва пропорционал сайлов тизими асосида ўтказилди.
Бугун, 28 октябрь куни бўлиб ўтган Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказида МСК Раиси З.Низомхўжаев иштирокидаги тадбирда сайлов якунининг дастлабки натижалари эълон қилинди.
Унга кўра, сайловда 15 миллион 27 минг 529 нафар сайловчи ёки жами сайловчиларнинг 74,72 фоизи овоз беришда иштирок этди.
Пропорционал сайлов тизими бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси — 5 милллион 194 минг 41 та овоз билан 26 та депутатлик ўрни, “Миллий тикланиш” демократик партияси — 2 миллион 812 минг 493 та овоз билан 14 депутатлик ўрни, Ўзбекистон Экологик партияси — 1 миллион 960 минг 764 та овоз билан 10 та депутатлик ўрни, Халқ демократик партияси — 2 миллион 558 минг 16 та овоз билан 13 та депутатлик ўрни, “Адолат” социал-демократик партияси — 2 миллион 420 минг 857 та овоз билан 12 та депутатлик ўрнига эга бўлди.
Мажоритар тизим бўйича эса Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси — 38 та, “Миллий тикланиш” демократик партияси — 15, Ўзбекистон Экологик партияси — 6, Халқ демократик партияси — 7, “Адолат” социал-демократик партияси — 9 та депутат сайланган.
Жами ҳисобда Қонунчилик палатасига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 64 нафар, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 29 та, “Адолат” СДП жами 21 та, ХДП 20 та, Экология партиясидан 16 та депутат сайланди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0