Форишда 37 нафар бола заҳарланди: Тошкентдаги ҳодиса масъулларга сабоқ бўлмадими?
Жиззах вилояти Фориш туманидаги 1, 3, 5 ва 7-сонли давлат боғчаларида 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 37 нафар бола овқатдан заҳарланди. Болаларда иситма, кўнгил айниши, қорин оғриғи, ич кетиши ва ҳолсизлик белгилари кузатилган.
Маълумотларга кўра, заҳарланишдан бир кун олдин, яъни 8 октябрь куни болалар биокефир, сариёғ ва сир маҳсулотларини истеъмол қилишган. Эпидемиологик текширув натижасида аниқланишича, боғчаларда озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш, сақлаш ва ишлов беришда санитария қоидалари бузилган.
Жиззах вилояти санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси хулосасига кўра, бу ҳолат болаларнинг ошқозон-ичак тизимида оғир бузилишларга сабаб бўлиши мумкин.
Ҳозирда Фориш туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси (хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Саволлар эса очиқ қолмоқда:
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу ҳолат юзасидан қандай чоралар кўряпти?
Нега озиқ-овқат маҳсулотлари сифат назорати доимий равишда таъминланмаяпти?
Тошкент вилоятидаги заҳарланиш воқеасидан кейин нима учун тизимдаги камчиликлар бартараф этилмади?
Бола ҳаёти билан боғлиқ ташкилотларда жавобгарлик нега ҳали ҳам суст?
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, шунингдек СЭС раҳбариятидан ушбу вазият бўйича расмий баёнот беришини кутамиз.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Тошкент вилоятида ҳам болаларнинг оммавий заҳарланиш ҳолати қайд этилган эди. Аммо бу воқеа масъуллар учун сабоқ бўлмаганга ўхшайди...
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0