Олмаота яшаш қимматлиги бўйича Марказий Осиёнинг барча шаҳарларини ортда қолдирди
Тадқиқотларга кўра, Олмаотада ҳаёт кечириш нархи Тошкент, Бишкек ва Душанбе шаҳарларига нисбатан анча юқори, ҳаттоки айрим соҳаларда Шарқий Европа пойтахтларига яқинлашиб қолган.
Олмаотада бир кишининг ўртача ойлик харажати (ижарасиз) 750–800 АҚШ доллари атрофида. Шу билан бирга, марказда жойлашган бир хонали квартирани ижарага олиш нархи 500–600 долларни ташкил этади.
Таққослаш учун:
Тошкентда шу турдаги уй учун ўртача ижара ҳақи 350–400 доллар,
Бишкекда 300 доллар,
Душанбеда эса 250 доллар атрофида.
Маҳсулот нархларида ҳам фарқ сезилади. Масалан, 1 кг. мол гўшти Олмаотада ўртача 10–12 доллар, Тошкентда эса 8-9 доллар атрофида. Транспорт, коммунал хизматлар ва умумий истеъмол саватчаси бўйича ҳам Қозоғистон шаҳри минтақада етакчилик қилмоқда.
Иқтисодчилар фикрича, Олмаотадаги нархларнинг тез ўсишига бир нечта омиллар сабаб бўлган:
1. Уй-жой бозоридаги босим. Сўнгги уч йил ичида шаҳар аҳолиси 2 миллиондан ошди. Талаб ортгани сари янги турар-жойлар қурилиши ҳам тезлашди, аммо уларнинг аксарияти юқори даромадли қатламга мўлжалланган.
2. Хизматлар сектори кенгайган. Банк, IT, таълим ва тиббиёт соҳаларидаги хусусий хизматлар кўпайса-да, уларнинг нархи ҳам ошиб бормоқда.
3. Инфляция ва валюта курси. Қозоғистон миллий валютаси — тенге 2024 йил давомида 10 фоизга қадрсизланди. Бу эса импорт товарлари ва ижара нархларига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатди.
Бу эса, айниқса, ўрта синф ва бюджет соҳаси вакиллари учун янги синовларни келтириб чиқармоқда.
Феруза Раҳимова,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0