«Гап»дан чиқиб, «Гап»га бораётганлар улар ўзларига ўзлари дард орттириб олишмаяптими?
Бугунги кунда қаерга қарамайлик, ёмғирдан кейин бодраб чиққан қўзиқориндай кўпайиб бораётган дорихоналар ва шифохоналарга кўзимиз тушади. Деярли бепул шуғулланиш мумкин бўлган стадионлар, спорт майдончалари ва сузиш ҳавзалари эса ҳувиллаб қолган...
Ажаб, нега бундай? Нега саломатлигимизни асрашга ва мустаҳкамлашга хизмат қилувчи, барча шарт-шароитларга эга иншоотларнинг мижозлари камайиб, дорихоналару пулли хусусий шифохоналар гавжумлашиб бораяпти?
Тасаввур қилинг, кутилмаганда тобингиз қочиб қолади. Оила аъзоларингиз сизни тезда шифокорга олиб бормоқчи бўлишади. Сиз эса, ота-боболаримиздан мерос одатга кўра, «Шошмай туринглар», деб уларнинг таклифини рад этасиз. Лекин енгил машинангизнинг бирор детали носоз ҳолатга келса, дарҳол устахонага олиб бориб, тузатиш пайида бўласиз. Ҳовлингизда боқилаётган мол-ҳолингиз касал бўлганда ҳам зудлик билан ветеринария шифокорини чақирасиз.
Бу гаплар барчамизга тааллуқли. Бор ҳақиқат шуки, биз кўпинча соғлиқнинг қадрига етмаймиз, уни ҳар доим бирдек асраб-авайлаш учун ҳаракат қилмаймиз. Жумладан, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш кони фойда эканлигини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.
Дунё миқёсида оладиган бўлсак, World Health Organization маълумотларига кўра, катта ёшли аҳолининг тахминан 31 фоизи жисмоний фаоллик бўйича тавсия этилган меъёрларга риоя қилмайди. 11–17 ёшдаги ўсмирларнинг 80 фоиздан ортиғи етарли даражада ҳаракатда бўлмайди. Ҳолбуки, камҳаракатлилик (гиподинамия) эрта ўлимга олиб келувчи асосий хавфли омиллардан бири саналади ва ҳар йили 5 миллионга яқин ўлимга сабабчи бўлади.
Organisation for Economic Co-operation and Development таҳлиллари натижасида аниқланишича, жисмоний фаолликнинг етишмаслиги соғлиқни сақлаш тизимига кучли босим ўтказиб, келгуси ўн йилликларда миллионлаб қўшимча касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Чунки Европа давлатларида ўрта ҳисобда аҳолининг 40–50 фоизи спорт билан мунтазам шуғулланмайди. Айрим мамлакатларда бу кўрсаткич янада юқори.
АҚШдаги Centers for Disease Control and Prevention маълумотига қараганда, катталарнинг фақат 24 фоизга яқини ҳам аэроб, ҳам мушак машқлари бўйича тавсия этилган меъёрни тўлиқ бажаради.
Яна бир гап. Дунёда урбанизация ва технологиялар таъсирида кундалик ҳаракат ҳажми кескин камайган. Масалан, кунлик юриш масофаси ўтган асрдагига нисбатан бир неча баробарга қисқарган.
Юқорида келтирилган маълумотлардан кўриниб турибдики, одамлар ўз саломатлигига нисбатан анча бепарво бўлиб қолишган. Шу боис жорий йил 7 апрелда Президентимиз раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, селекция ва тайёргарлик тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида сўнгги тўққиз йилда юртимиздаги 1,5 мингдан зиёд маҳаллада 1 минг 774 та замонавий спорт майдончаси қурилгани, жойларда 200 дан зиёд йирик спорт иншоотлари, 4 мингга яқин хусусий спорт клублари иш бошлагани таъкидланди. Бироқ спорт базаларига бойлиги жиҳатидан пойтахтдан кейин ўринда турадиган Самарқандда 100 минг нафар ёшни профессионал шуғуллантирса бўладиган спорт масканлари қувватининг атиги учдан бир қисмидан, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида эса ярмидан фойдаланилаётгани ачинарли ҳолдир. Таъбир жоиз бўлса, давлатимиз аҳоли саломатлиги учун қайғураётган бир пайтда биз туну кун ишлайдиган чойхона, ошхона, сомсахона ва бошқа тамаддихоналарда тансиқ таомлар тановул қилиш билан бандмиз. Ошна-оғайнилар, синфдошлар, қариндошлар, маҳалладошлар ва ишхонадагилар билан «гап»ларимизнинг ҳам сон-саноғи йўқдек. Ана шу жараёнда меъёридан ортиқ овқатланиш ва кам ҳаракатлилик турли касалликлар урчишига олиб келмоқда. Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов фаоллар билан учрашувда бу муаммога алоҳида тўхталиб, «гап»дан чиқиб, «гап»га бораётган хотин-қизлар ўртасида қандли диабет хасталиги кўпаяётганини афсус-ла тилга олганди.
Бинобарин, ҳар биримизнинг соғлиғимиз, аввало, ўз қўлимизда. Эрта тонгдан машқ майдонига, стадион ва бассейнга бориб, спорт ёки жисмоний тарбия билан шуғуллансак, фойдадан холи бўлмайди. Саломатлик ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайдиган бебаҳо бойлик ҳисобланади.
Анваржон ҲАЛИМОВ
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0