Хоразмда 300 фоизлик натижа
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши IХ Конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппарати раҳбари Олимжон Салиев, Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати касаба уюшмаси республика кенгаши раиси ўринбосари Иброҳим Исоқов, ҳамкор ташкилотлар ва иш берувчилар вакиллари, конференция делегатлари иштирок қилди.
Вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов конференция ишига муваффақият тилаб, кейинги йилларда мамлакатимизда касаба уюшмалари фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, уларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида қатор муҳим ташаббуслар амалга оширилганлигини эътироф қилди.
Касаба уюшмалари – халқ ва давлат ўртасидаги ишончли кўприк, меҳнаткашлар овозининг ифодаси сифатида ижтимоий барқарорлик ва бирдамликни таъминлашда муҳим рол ўйнамоқда. Хоразм вилоятида ҳам сўнгги беш йилда мазкур тузилманинг фаолияти кенгайиб, жамиятда ўз ўрнини янада мустаҳкамлади.
Конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоева ўтган беш йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди.
Таъкидланганидек, ўтган 5 йил давомида вилоятда касаба уюшмаларига жалб қилинган ташкилотлар сони 547 тага ортиб, жами 2544 тага етди. Аъзолар сони эса 140 минг 17 нафарга ёки 34,1 фоизга ошиб, ҳозирда жами 410 минг 847 нафардан зиёд.
Жамоа шартномалари шартларини бажариш учун ҳар бир ходимга 2020 йилда ўртача ҳисобда 2 млн426 минг сўм маблағ сарфланган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 6 млн 523 минг сўмни ташкил этиб, 300 фоизга ошишига эришилди.
Жамоа келишувлари ва шартномалари орқали давлат дастурлари доирасида жами 23 минг 921нафар ходимларга 16 млрд.527млн. сўмдан зиёд ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди.
Ҳисобот даврида меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 156 та суд мажлисларида мутахассис сифатида иштирок этилди ва 240 нафар касаба уюшмаси аъзоларининг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Ходимлар фойдасига жами 1 млрд. 87 млн. сўмдан ортиқ пул маблағлари ундириб берилди.
Шу давр мобайнида 263 та ташкилотда меҳнат муҳофазаси соҳасидаги ишлар ўрганилиб, 3112 та меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қонун, қоида ва меъёрлар бузилишлари ҳолатлари аниқланди ҳамда уларнинг аксарияти бартараф этилишига эришилди.
Санаторийларда 12 минг 941 нафар ходимлар имтиёзли равишда, шунингдек, Давлат дастурлари доирасида 1 минг 183 нафар ходимлар, ишлаётган кексалар бепул соғломлаштирилди.
Ташкилотлардаги ёш ходимларнинг ташаббус ва қизиқишларини яқиндан ўрганиш ҳамда ёш ходимларнинг раҳбарият билан тўғридан-тўғри очиқ мулоқотини йўлга қўйиш мақсадида “Раҳбар ва ёш ходимлар”, “Раҳбар, фаоллар ва ёшлар” мавзусида учрашувлар ўтказилди ва унда 1 минг 920 нафар ёшлар иштирок қилдилар.
Кучли касаба уюшмаси бу бақувват, пойдевори мустаҳкам, ҳар ишга қодир бошланғич касаба уюшма ташкилотидир. Бунга устав талаблари, қабул қилинган қарорларни бажармасдан, ижрони назорат қилмасдан, энг муҳими, иш натижаси учун барча даражадаги касаба уюшма органларининг ўзаро масъулияти ва ҳамжиҳатлигисиз эришиб бўлмайди. Шу мақсадда ҳисобот даврида жамоа келишувлари ва жамоа шартномаларини тузиш, унинг ижросини назорат қилиш ва таъминлаш бўйича жойларда 120дан ортиқ ўқувлар, семинарлар, касаба уюшмалари фаолиятидаги долзарб муаммоларга бағишланган 70дан ортиқ давра суҳбатлари ташкил этилди.
Конференцияда шунингдек, тафтиш комиссияси ҳисоботи тингланди.
Музокарада сўзга чиққанлар ўтган беш йилда амалга оширилган ишларни эътироф қилган ҳолда, олдда турган вазифалар юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Шундан кейин делегатлар орасида муқобиллик асосида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раислигига ва раис ўринбосарлигига номзодлар кўрсатилди. Яширин овоз бериш натижаларига кўра Гулсара Қурбонбоева кенгаш раислигига, Камолжон Бекжонов раис ўринбосарлигига сайланди.
Кун тартибидаги барча масалалар тегишли тартибда кўриб чиқилди ва қарорлар қабул қилинди.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0