“Хориждаги ватандош”: АҚШда ҳуқуқшунослик қилаётган жиззахлик қиз ҳикояси
“Хориждаги ватандош” лойиҳамизнинг бугунги меҳмони — Жиззахда туғилиб вояга етган, бугун эса Америка Қўшма Штатларида ҳуқуқ соҳасида фаолият юритаётган, эндигина 26 ёшда бўлишига қарамай катта ютуқларга эришиб улгурган иқтидорли юртдошимиз Азиза Ражабова. У ўз олдига қўйган мақсадлари сари ҳаракат қилиб, билим ва меҳнат орқали халқаро майдонда ўз ўрнини топа олган ёш мутахассислардан бири. Унинг ҳаёт йўли, таълим ва касбий тажрибаси кўплаб ёшлар учун илҳом ва мотивация манбаи бўла олади.
– Азиза, сиз билан авваламбор яқиндан танишиб олсак. Асли қаерликсиз, ёшингиз нечада?
– Мен Жиззах вилояти, Жиззах шаҳрида туғилганман ва шу ерда вояга етганман. Ҳозир 26 ёшдаман.
– Ҳуқуқ соҳасини танлашингизга нима сабаб бўлган?
– Ҳуқуқ соҳасини танлашим тасодиф бўлмаган. Аслида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ўқиш нияти менда жуда эрта, тахминан 5-синфлигимдан пайдо бўлган. Ўша пайтларданоқ онамга шу университетга кириб, ҳуқуқ соҳасида таҳсил олишни орзу қилишимни айтардим. Шунинг учун мактаб давриданоқ ўқишга жиддий ёндашганман.
Мактабда адабиёт, шеърият, китоб ўқиш ва ижодий чиқишларни жуда яхши кўрардим. Бир тадбирда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асари асосида саҳналаштирилган суд кўринишида қатнашганман. Мен у ерда Зайнабнинг адвокати ролини ижро этган эдим. Ўша пайтда ролга шу қадар киришиб кетганманки, ўзимни гўё ҳақиқий суд залида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилаётгандек ҳис қилганман. Ўшанда 8-синфда ўқирдим. Шу воқеа ҳам ичимдаги қизиқишни янада кучайтирган. Шунинг учун ҳуқуқшунос бўлишимда ҳам ички иштиёқ, ҳам тақдирнинг ўрни бор, деб ўйлайман.
– Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидаги таълим сизга қандай асосий билим ва кўникмаларни берди?
– Аввало, менга таълим берган барча устозларимга чуқур миннатдорчилик билдираман. Университетда биз нафақат ҳуқуқнинг назарий асосларини, балки ҳуқуқшунос учун жуда муҳим бўлган фикрлаш маданияти, нутқ сўзлаш, мунозара олиб бориш, таҳлил қилиш ва муаммога ҳуқуқий ечим топиш кўникмаларини ҳам ўргандик. Айниқса, дипломатик муҳит, кенг фикрлаш ва масалага турли нуқтаи назардан қараш қобилияти кейинги фаолиятимда жуда катта асқотди. Менимча, бу университет менга нафақат билим, балки касбий дунёқараш ҳам берди.
– АҚШдаги магистратура босқичи сизнинг дунёқарашингиз ва профессионал ривожингизга қандай таъсир кўрсатди?
– Бу ерда ҳуқуққа, таълимга ва профессионал масъулиятга ёндашув ўта юқори даражада эканини кўрдим. Турли давлатлардан келган талабалар билан бирга ўқиш, уларнинг фикрлаши ва тажрибаси билан танишиш менга халқаро нуқтаи назардан қарашни ўргатди.
Профессионал жиҳатдан эса бу босқич мени янада интизомли, мустақил ва пухта ишлашга ўргатди. Айниқса, ҳуқуқий ёзиш кўникмаси, таҳлилий фикрлаш ва вақтни тўғри бошқариш билан ишлаш борасида катта тажриба берди.
– Penn State университетида ўқиш жараёнида энг катта қийинчилик ва ютуқларингиз нималардан иборат бўлди?
– Энг катта қийинчиликлардан бири, албатта, ватан соғиничи бўлган. Олдин ота-онамдан бунчалик узоқда яшамаганман, шунинг учун янги муҳитга мослашиш мен учун осон бўлмаган. Бир томондан ўқиш босими, иккинчи томондан янги ҳаётга кўникиш, учинчи томондан эса юрт ва оилани соғиниш — буларнинг барчаси бир даврда тўғри келган.
Бундан ташқари, ҳуқуқ тизимларидаги фарқ сабаб ўқиш жараёни мен кутганимдан ҳам мураккаброқ кечган. Чунки Ўзбекистонда асосан ёзма қонунлар ва кодексларга таянадиган “civil law” тизими амал қилади ва биз ҳам шу асосда таълим олганмиз. АҚШда эса “common law” тизими устувор бўлиб, бу ерда суд амалиёти ва аввалги суд қарорлари ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боис мутлақо бошқа ҳуқуқий ёндашувни ўрганиш катта меҳнат, сабр ва мослашув талаб қилган.
Ютуқ сифатида эса шуни айтиш мумкинки, мен бу босқични муваффақиятли ўтиб, нафақат академик, балки шахсий жиҳатдан ҳам анча кўп тажриба ва билим орттирдим. Бу давр мени янада кучлироқ қилди.
– АҚШда ҳуқуқий имтиҳонлардан ўтиш жараёни ҳақида гапириб бера оласизми?
– АҚШда ҳуқуқшунос сифатида фаолият юритиш учун бир неча босқичдан ўтиш керак бўлади. Аввало, хорижда олинган диплом ва академик фанлар алоҳида тартибда текширилади. Бу жараён анча вақт олиши мумкин. Шундан кейин “bar” имтиҳонига рухсат берилади.
АҚШда ҳуқуқшунос бўлиб фаолият юритиш учун бир неча мураккаб босқичлардан ўтиш талаб этилади. Бу жараён узоқ вақт, кучли тайёргарлик ва катта сабр талаб қилади. Аввало, хорижда олинган диплом ва ўқилган фанлар махсус тартибда текширилади.
Шундан кейин асосий касбий синов ҳисобланган Bar имтиҳонини (Bar Exam) топширишга рухсат берилади. Бу имтиҳон жуда мураккаб бўлиб, унда фақат қонунларни билишнинг ўзи кифоя қилмайди — уларни берилган ҳуқуқий вазиятларда тез, аниқ ва тўғри қўллай олиш ҳам талаб этилади. Бундан ташқари, ҳуқуқшуноснинг касбий одоби ва этик меъёрларига оид алоҳида имтиҳон — MPRE (Multistate Professional Responsibility Examination), шунингдек Нью-Йорк штати қонунчилигига оид NYLE (New York Law Exam) имтиҳонларидан ҳам муваффақиятли ўтиш зарур. Имтиҳонлар якунлангач эса pro bono (Pro Bono), яъни бепул юридик ёрдам кўрсатиш бўйича белгиланган соатлар, амалий тажриба ва бошқа расмий қабул талаблари бажарилади. Мен ушбу босқичларнинг барчасидан биринчи уринишдаёқ муваффақиятли ўтганман ва ҳозир адвокатликка қабул қилиниши жараёнидаман.
– Ҳозирги иш фаолиятингизда асосан қандай ҳуқуқий масалалар билан шуғулланасиз?
– Бугунги кунда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри, Манҳэттен ҳудудидаги “Ballon Stoll P.C.” хусусий юридик фирмаси жамоасида фаолият юритмоқдаман. Ушбу фирма ҳуқуқнинг кўплаб йўналишларини қамраб олган бўлиб, арбитраж, банкротлик, корпоратив ҳуқуқ, фуқаролик ҳуқуқлари, кўнгилочар индустрия ва спорт ҳуқуқи, оилавий ҳуқуқ, интеллектуал мулк, иммиграция, суғурта низолари, меҳнат ва бандлик, суд ишлари, қўшиб олиш ва қўшиб юбориш битимлари, кўчмас мулк, солиқ режалаштириш ҳамда мерос ва ишончли бошқарув соҳаларида юридик хизматлар кўрсатади. Мен эса ҳозирда ушбу фирмада юрист ёрдамчиси сифатида ишлаб, айниқса ҳуқуқий тадқиқот, ҳужжатлар тайёрлаш ва айрим мураккаб жараёнлар билан ишлаш орқали амалий тажриба орттирмоқдаман.
Бундан ташқари, илмий қизиқишларим орасида шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Айниқса, АҚШда яшаётган ва инглиз тилини етарли даражада билмайдиган аҳоли қатламлари учун хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатлар устида алоҳида изланиш олиб бораман. Жумладан, айрим инсонларнинг мазмунини тўлиқ англамаган ҳолда турли веб-сайтлар, иловалар ёки ишончсиз тизимларга ўзининг шахсий ва нозик маълумотларини киритиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқий ҳамда амалий хатарларни ўрганаман.
Шунингдек, сунъий интеллект ривожи билан боғлиқ ҳолда шахсий маълумотлар дахлсизлиги, маълумотлар хавфсизлиги ва фойдаланувчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ҳам илмий изланишларимнинг асосий йўналишларидан бирига айланган.
– Манҳэттендаги юридик фирмада ишлаш қандай тажриба бермоқда?
– Бу тажриба мен учун жуда муҳим мактаб бўляпти. Энг аввало, кўп йиллик тажрибага эга ҳуқуқшунослар билан ишлаш, уларнинг фикрлаш услуби ва ёндашувидан ўрганиш катта имконият. Ҳар бир мураккаб масала устида ишлаш жараёни янги сабоқ беради.
Бундан ташқари, турли миллат ва маданият вакиллари билан бир жамоада ишлаш дунёқарашимни кенгайтирмоқда. Манҳэттен каби тезкор ва профессионал муҳит инсондан доимий ўсишни талаб қилади.
– Халқаро ҳуқуқ ва маҳаллий ҳуқуқ ўртасидаги асосий фарқлар нимада деб ўйлайсиз?
– Менимча, халқаро ҳуқуқ билан маҳаллий ҳуқуқнинг шакли ва қўлланиш доираси турлича бўлса-да, уларнинг асосий мақсади бир — адолатни таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.
Халқаро ҳуқуқ билан маҳаллий ҳуқуқнинг шакли ва қўлланиш доираси турлича бўлса-да, уларнинг асосий мақсади бир — адолатни таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Маҳаллий ҳуқуқ кўпроқ битта давлат ичидаги тартибни бошқарса, халқаро ҳуқуқ давлатлар ўртасидаги муносабатлар ва умумий тамойиллар билан ишлайди. Аммо ҳар икки соҳада ҳам марказда инсон, унинг ҳуқуқлари ва қадр-қиммати туради. Шу жиҳатдан улар бир-биридан узоқ эмас, аксинча, бир-бирини тўлдиради.
– Сунъий интеллект билан боғлиқ ҳуқуқий муаммоларни қандай баҳолайсиз?
– Сунъий интеллект ҳаётимизни енгиллаштиряпти, янги имкониятлар яратмоқда ва кўплаб соҳаларда самарадорликни оширмоқда. Лекин у билан бирга жиддий ҳуқуқий саволлар ҳам пайдо бўляпти. Масалан, шахсий маълумотлар дахлсизлиги, фойдаланувчи розилиги, алгоритмик хатолар, камситиш хавфи, муаллифлик ҳуқуқи ва жавобгарлик масалалари бугунги кунда жуда долзарб.
Шунинг учун AI’га фақат технологик ютуқ сифатида эмас, балки ҳуқуқий ва ахлоқий масъулият билан ёндашиш керак, деб ҳисоблайман.
– AI ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш учун қандай чоралар зарур?
– Бунинг учун бир неча йўналишда ишлаш керак. Аввало, қонунчилик технология ортидан эмас, у билан ёнма-ён ривожланиши керак. Иккинчидан, фойдаланувчиларнинг розилиги, махфийлиги ва хавфсизлиги реал ҳимояга эга бўлиши лозим. Учинчидан, AI тизимлари устидан инсон назорати сақланиб қолиши жуда муҳим.
Менимча, технология инсон манфаатларига хизмат қилиши керак, инсон эса технология олдида ҳимоясиз қолмаслиги керак.
– Келажакда AI ҳуқуқи алоҳида мустақил соҳа сифатида шаклланадими?
– Менимча ҳа. Бу йўналиш келажакда алоҳида ва мустақил ҳуқуқ соҳаси сифатида янада шаклланади. Чунки сунъий интеллект бугун фақат битта соҳа билан чекланмаяпти — у меҳнат, тиббиёт, таълим, молия, хавфсизлик, муаллифлик ҳуқуқи ва шахсий маълумотлар ҳимояси каби жуда кўп соҳаларга кириб бормоқда.
Шу сабабли AI билан боғлиқ масалалар келажакда янада чуқурроқ махсус тартибга солинишига эҳтиёж ортади.
– Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бугунги кунда қанчалик долзарб масала?
– Бу бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири. Чунки инсонлар ҳар куни ўзлари сезмаган ҳолда жуда кўп маълумот улашади — телефон рақами, манзил, локация, молиявий маълумот, биометрик маълумот ва бошқалар. Агар бу маълумотлар нотўғри қўлланса ёки ишончсиз тизимларга тушиб қолса, одамнинг хавфсизлиги, обрўси ва ҳуқуқларига зарар етиши мумкин.
Шунинг учун data privacy энди тор доирадаги мутахассислар мавзуси эмас, балки ҳар бир фойдаланувчига тегишли масалага айланган.
– Сизнингча, қайси давлатлар data privacy бўйича энг илғор тажрибага эга?
– Бу борада Европа давлатлари, айниқса Европа Иттифоқи тажрибаси жуда муҳим, деб ўйлайман. Чунки у ерда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш масаласига тизимли ёндашув мавжуд. Шу билан бирга, АҚШда ҳам бу йўналишда катта амалий тажриба ва тез ривожланаётган ёндашувлар бор.
Менимча, энг тўғри йўл — турли давлатлар тажрибасини ўрганиб, ҳар бир жамият учун мос ва самарали модел яратишдир.
– Оддий фойдаланувчилар ўз маълумотларини ҳимоя қилиш учун нималарга эътибор беришлари керак?
– Аввало, ҳар бир ҳавола, илова ёки сайтга ишониб шахсий маълумот киритмаслик керак. Иккинчидан, кучли пароллар, икки босқичли ҳимоя ва ишончли платформалардан фойдаланиш жуда муҳим. Учинчидан, фойдаланувчилар “розиман” деган тугмани босишдан олдин ҳеч бўлмаганда асосий шартларни тушунишга ҳаракат қилишлари керак. Энг муҳими, инсон ўз маълумотининг ҳам қадри борлигини ҳис қилиши керак. Чунки шахсий маълумот ҳам ҳимоя қилиниши керак бўлган бойликдир.
– Сизни илҳомлантирадиган инсонлар ёки ҳаётий тамойиллар борми?
– Мени энг кўп илҳомлантирадиган инсонлар — ота-онам. Уларнинг меҳнатсеварлиги, сабри ва менга бўлган ишончи мен учун катта куч манбаи. Ҳаётий тамойилим эса бир нарсада қатъий: инсон қийинчиликлардан қўрқмаслиги, ўз устида тинимсиз ишлаши ва ниятида собит бўлиши керак.
– Чет элда муваффақият қозониш учун ёшлар нималарга эътибор беришлари керак?
– Энг аввало билимга, тилга, интизомга ва руҳий барқарорликка эътибор бериш керак. Фақат орзу қилишнинг ўзи етмайди — доимий меҳнат бўлиши шарт. Қийинчиликлар, ёлғизлик, мослашиш даври албатта бўлади. Лекин инсон мақсадида собит қолса ва ҳар куни оз бўлса ҳам олдинга ҳаракат қилса, натижа албатта келади.
– Қийинчиликларга дуч келган пайтингизда ўзингизни қандай руҳлантирасиз?
– Бундай пайтларда менга энг катта далда берадиган инсонлардан бири — онажоним. У доим менга чекинмасликни, катта мақсадлардан қўрқмасликни эслатади. Ота-онанинг дуоси ва ишончи инсон учун жуда катта куч, деб ўйлайман. Бундан ташқари, ҳаётий тажриба ҳам одамни чиниқтиради. Олдин енгиб ўтилган қийинчиликлар кейинги синовларда сабрлироқ ва бардошлироқ бўлишга ёрдам беради. Мен ўзимга қийин даврлар ҳам ўткинчи эканини эслатиб тураман.
– Ўзбекистонда ҳуқуқ соҳасини ривожлантириш учун нималар қилиш керак деб ўйлайсиз?
– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳуқуқ соҳасида катта ўзгаришлар бўлаётганини кўряпмиз. Бу жуда қувонарли. Айниқса, аёллар, болалар ва умуман жамият хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, бугунги замон талаб қилаётган янги йўналишларга — киберхавфсизлик, шахсий маълумотлар дахлсизлиги, рақамли ҳуқуқлар ва сунъий интеллект билан боғлиқ ҳуқуқий масалаларга янада кўпроқ эътибор қаратилиши керак, деб ўйлайман.
– Келажакда Ўзбекистонга қайтиб, ўз тажрибангизни улашиш ниятингиз борми?
– Албатта. Мен бугуннинг ўзида ҳам илмий ишларим, мақолаларим ва учрашувлар орқали тажрибамни улашишга ҳаракат қиляпман. Имкон бўлса, семинарлар, суҳбатлар ва турли лойиҳалар орқали ёшлар билан фикр алмашиш мен учун ҳар доим муҳим.
Келажакда ҳам орттирган билим ва халқаро тажрибамни юртимиз ёшларига фойдали тарзда улашишни истайман.
– Келгусида қандай илмий ёки профессионал мақсадларингиз бор?
– Келгусида профессионал жиҳатдан янада чуқурроқ тажриба орттириш, айниқса шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, сунъий интеллект ва инсон ҳуқуқлари йўналишида илмий изланишларимни давом эттиришни истайман. Шу соҳаларда янада жиддийроқ тадқиқотлар олиб бориш, мақолалар ёзиш ва фойдали ташаббуслар яратиш ниятим бор.
– Ўзингизни 5–10 йилдан кейин қаерда тасаввур қиласиз?
– Яқин йилларда ўзимни кучли ҳуқуқшунос, ёзувчи ва халқаро майдонда фикри тингланадиган мутахассис сифатида тасаввур қиламан. Мен фақат касбий муваффақият эмас, балки жамият учун фойдали ташаббуслар билан ҳам эсда қолишни истайман.
Айниқса, AI, махфийлик, фойдаланувчи ҳуқуқлари ва ҳуқуқий ҳимоя масалаларида ўз позициясига эга бўлган мутахассис бўлишни хоҳлайман.
– AI ва data ҳуқуқи соҳасида қандай ўзгаришларни кутяпсиз?
– Келажакда бу соҳада янада аниқроқ қонунчилик, халқаро стандартлар ва фойдаланувчини ҳимоя қилишга қаратилган амалий механизмлар кучаяди, деб ўйлайман. Айниқса, сунъий интеллектдан фойдаланишда шаффофлик, жавобгарлик ва маълумотлардан фойдаланиш чегаралари муҳим мавзуга айланади.
Бундан ташқари, оддий фойдаланувчилар ҳам ўз ҳуқуқлари ҳақида кўпроқ хабардор бўлишади. Менимча, AI ва шахсий маълумотлар ҳуқуқининг келажаги айнан технология билан инсон ҳуқуқлари ўртасидаги соғлом мувозанатни топишда бўлади.
Суҳбатдош: Феруза РАҲИМОВА
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0