Илтимос, кейинроқ қўнғироқ қилинг!..
Яқинда телефонимдаги Road24 иловасига Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Маъмурий амалиёт бўлими томонидан расмийлаштирилган жарима ҳақида қарор келди. Жарима кам эмас – 1 миллион 236 минг сўм.
Қарорга илова қилинган видеони очиб кўрдим. Автомобиль светофорнинг сариқ сигналида ҳаракатни тугатгандек кўринди. Аммо менинг номимдаги машинага қизил чироқда ўтилгани учун жарима расмийлаштирилган.
Шу пайт «ҳуқуқий жамият фуқароси» эканим ёдимга тушди. Қарорнинг ўзида ҳам: «Мазкур қарор устидан эътирозингиз бўлса...» деган жумла бор экан. Таваккал, деб my.gov.uz орқали шикоят юборишга аҳд қилдим. Нима жин урди-ю, шу ишга қўл урдим, билмадим. Ундан кўра, тинчгина тўлаб қўя қолсам бўларкан...
Тўғри, Йўл ҳаракати қоидаларининг 41-бандига кўра, ҳайдовчи тақиқловчи ишора ёқилганда тўхташ чизиғи олдида тўхташи шарт. Лекин шу қоидаларнинг 42-бандида яна бир муҳим норма бор: агар яшилдан кейин сариқ ёқилган пайтда ҳайдовчи кескин тормоз бермасдан тўхташга улгурмаса, унга ҳаракатни давом эттиришга рухсат берилади.
Менга айнан шу жойи адолатсизликдек туюлди. Чунки видеода машина қизил чироқ ёнган пайтда тўхташ чизиғидан 3-4 метр ўтиб бўлгани яққол кўриниб турибди. Шунинг учун ҳам «қизилга ўтди», деган тайёр хулоса асосида қарор чиқарилган, ҳолат эса тўғри баҳоланмаган, деган фикрга келдим.
Қани энди my.gov.uz орқали шикоят юбора олсам?! Шикоят саҳифасида қарор рақами киритиладиган жойни тўлдиришнинг умуман иложи бўлмади. Аслида шикоят қилинмоқчи бўлган қарор рақами автоматик тарзда чиқиши керак экан. Аммо уч кун давомида неча бор уринсам ҳам, рақам юкланмади. Ваҳоланки, барча катакларни тўлдирмагунингизча, эътироз ёзилган мурожаатни юбориб бўлмас экан..
Қайта кирдим, яна уриндим, турли вақтларда синаб кўрдим – кошки натижа бўлса! Шундан сўнг қарорнинг ўзида кўрсатилган тўртта телефон рақамига қўнғироқ қила бошладим. Лекин у ерда ҳам бир хил манзара:
«Абонент банд, илтимос, кейинроқ қўнғироқ қилинг».
Кейинроқ қўнғироқ қилавериб, нақ уч кун вақт сарфладим. Рости, ақалли чақирув овози кетиб, у томонда ҳеч ким кўтармаса ҳам бунчалик алам қилмасди.
Хуллас, ҳафсалам пир бўлди.
Агар фуқаро «мен рози эмасман, ҳолат қайта кўриб чиқилсин» деса, лекин портал қарор рақамини қабул қилмаса, телефонлар ишламаса, у ўз ҳуқуқидан қандай фойдаланади? Қоғозда бор ҳуқуқ амалда ишламаса, ҳуқуқлиги қоладими?
Бундай вазиятда ҳар қандай ҳуқуқий давлатда энг оддий механизм ишлаши керак: фуқаро эътироз билдиради, ваколатли орган уни қабул қилади, кўриб чиқади ва жавоб қайтаради. Назария шундай. Амалиётда эса бунинг аксини кўряпмиз.
Жарима чиқариш механизми швейцар соатидек ишлаяпти: қарор ўз вақтида келади, сумма кўринади, тўлов қилиш имконияти ҳам бор. Аммо фуқаро «Бу қарор тўғрими ўзи?» деган заҳоти эшиклар тақа-тақ ёпилади.
Муаммонинг кўлами битта сайт тўлиқ ишламаётганидан-да каттароқ. Муаммо – фуқарога муносабатда.
Энг ачинарлиси, жаримани тез чиқаришга мослашган тизим уни қайта кўриб чиқишга келганда оқсай бошлайди. Балки, ҳақиқатан ҳам, бу техник носозликдир. Лекин фуқаро учун бунинг қизиғи йўқ. Жарима чиқариш механизми ишласа-ю, эътироз билдириш механизми ишламаса, демак, фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқи поймол бўляпти.
Мен жаримадан қочаётганим йўқ. Имтиёз ҳам сўрамаяпман. Агар қонун шундай белгилаган бўлса, албатта, жарима тўланади. Лекин фуқаро чиқарилган қарордан норози бўлса, унинг эътирозини қабул қиладиган, аниқ ва ишончли ишлайдиган механизм бўлиши шарт. Акс ҳолда, яратилаётган «рақамли давлат» тизимига одамларда ишонч қолмайди.
Жаҳонгир НАҲАНОВ
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0