«Кўпчилик бу дорилар қарамлик келтириши мумкинлигини ўйламайди ҳам» – нарколог шифокор
Илгари гиёҳвандлик дейилганда кўпчилик ноқонуний гиёҳвандлик моддаларини тасаввур қилган. Ҳозир эса хавф анча яширин кўринишда намоён бўлмоқда. Айниқса, оғриқ қолдирувчи, тинчлантирувчи ҳамда уйқуга ёрдам берувчи дорилар билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар тобора кўп учрамоқда.
Мавзу юзасидан нарколог шифокор Рамзиддин Султонов билан суҳбатлашдик. Мутахассиснинг таъкидлашича, бундай ҳолатлар сўнгги йилларда ёшлар орасида кўпайган. Амалиётда рецепт асосида берилиши керак бўлган, бироқ нотўғри қўлланилаётган дорилар туфайли юзага келган қарамлик ҳолатлари сезиларли ошган. Энг кўп мурожаат қилаётганлар 18–25 ёш оралиғидагилар. Баъзан 40 ёшдан ошган беморлар ҳам учрайди.
Қарамликнинг пайдо бўлиши кўпинча бир нечта омиллар билан боғлиқ. Аввало, айрим инсонлар препаратларни мутахассис назоратисиз узоқ вақт давомида истеъмол қилади. Иккинчидан, баъзи дорилар вақтинчалик енгиллик бериши сабабли уларни яна ва яна қабул қилиш истаги пайдо бўлади. Учинчидан эса, кўпчилик бу воситалар қарамлик келтириши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмайди. Стресс, турли босимлар, атрофдаги муҳит таъсири ёки оддий қизиқиш ҳам сабаб бўлмоқда. Баъзи ёшлар муаммолардан қочиш учун дориларга мурожаат қилади, бошқалари эса дўстлари таъсирида синаб кўради.
Афсуски, баъзи қўштирноқ ичидаги дорихоналарда рецепт асосида берилиши керак бўлган препаратлар рецептсиз ҳам кўп миқдорда сотилмоқда. Бу муаммонинг урчишига олиб келаётган энг муҳим сабабларидан бири. Бундай ҳолатларни камайтириш учун электрон рецепт тизимини кенг жорий этиш, вазиятни назоратга олиш ва дорихоналарда қатъий ҳисоб юритиш муҳим. Бундан ташқари, аҳолига дориларни ўзбошимчалик билан қабул қилишнинг хавфи ҳақида кўпроқ тушунтириш керак.
Шифокорнинг изоҳлашича, тиббиёт мутахассислари бундай препаратларнинг организмга зарари ҳақида доим эслатишади. Узоқ муддат истеъмол қилиш эса мия фаолиятига катта зарар етказади. Хотира сустлашади, фикрлаш қобилияти пасаяди, юрак, жигар ва асаб тизими зарарланади. Энг хавфлиси, организм ушбу моддаларга мослашиб қолади ва инсон уларсиз нормал ҳаёт кечира олмайди. Вақт ўтиши билан шахсий хулқ-атворда ҳам ўзгаришлар пайдо бўлиши мумкин. Охир-оқибат кучли қарамликка тушиб қолади. Натижада ишидан айрилади, оилавий муносабатлари издан чиқади.
Қарамликни даволаш жараёни ҳам мураккаб ва узоқ давом этади. Сабаби боғлиқлик нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам шаклланади. Даволаш вақтида дори қабул қилиш тўхтатилгандан сўнг, безовталик, уйқусизлик, асабийлик ёки тушкунлик каби ҳолатлар пайдо бўлиши мумкин. Яна бир муаммо – айрим беморларнинг даволанишни тўлиқ давом эттирмаслиги. Шу сабабли жараёнда психологик ёрдам ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўрта ёшдаги беморларнинг тахминан 40–60 фоизи даволанишни тўлиқ давом эттирса ва ҳаёт тарзини ўзгартирса, ижобий натижага эришиши мумкин. Энг муҳим омил, беморнинг ўзи соғайишга қатъий қарор қилиши ва тавсияларга амал қилишидир.
Ана шундай ижобий натижага эришган инсонлардан бири билан суҳбатлашдик:
«Ёшим 40 да. Ҳаётимнинг 7 йилини дори воситаларига қарамлик билан ўтказдим. Бугун эса тўлиқ соғлом ҳаёт кечиряпман. Ҳаммаси оддий қизиқишдан бошланган. Дўстлар даврасида “бир марта синаб кўрсанг, зиёни бўлмайди” деган гапга ишонганман. Кейин аста-секин бу одатга айланди. Ишдаги стресс, ҳаётдаги муаммолар – барчасидан қочиш учун шу йўлдан юра бошладим. Лекин аслида мен муаммоларимни янада катталаштираётганимни билмаганман.
Суҳбатдошимиз даволаниш осон бўлмагани, 2 йил давомида ўзи билан курашганини таъкидлади:
– Баъзи пайтлар таслим бўлгим келарди. Лекин оиламни қайтариш, фарзандларим олдида яна бош кўтариб юриш умиди мени олдинга ундади. Шифокорлар ёрдами, яқинларимнинг қўллаб-қувватлаши жуда катта туртки берди. Агар кимдир шу йўлга кириб қолган бўлса, бир гапни айтаман: қайтиш мумкин, аммо жуда қийин, лекин имкони бор. Энг муҳими – тан олиш ва ёрдам сўрашдан қўрқмаслик керак.
Суҳбат якунида нарколог Рамзиддин Султонов ёшлар ва ота-оналарга муҳим тавсиялар берди:
– Энг аввало, дориларни мутахассис тавсиясиз қабул қилмаслик керак. Ёшлар стресс ёки муаммоларни дорилар билан эмас, балки соғлом усуллар орқали енгишга ҳаракат қилиши лозим. Спорт билан шуғулланиш, яқинлар билан суҳбатлашиш ёки психологик ёрдам олиш анча фойдали. Ота-оналар эса фарзандларининг кайфияти, дўстлари ва кундалик одатларига эътиборли бўлиши зарур. Агар ғайриоддий ўзгаришлар сезилса, мутахассисга мурожаат қилишни кечиктирмаслик керак.
Инсоннинг дориларга боғланиб қолиши нафақат жисмоний, балки ижтимоий ва руҳий муаммоларга ҳам олиб келади. Қарамлик ёшларни ҳаётдан узиб, уларнинг оилавий, ижтимоий ва касбий имкониятларини чеклайди. Бу жараён фақат индивидуал муаммо эмас, балки бутун жамиятнинг хавфсизлиги ва саломатлигига таҳдиддир. Даволаш ва профилактика тизимларини кучайтириш, ота-оналар ва жамиятнинг масъулиятини ошириш орқали ёшлар орасида бундай хавфли одатларни камайтириш мумкин. Руҳий қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва дориларга доимий назорат ижобий натижалар беради.
Зебонисо РАСУЛОВА,
ЎзЖОКУ талабаси




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0