«Иккита дўстимни қилмиши учун озодликдан маҳрум қилдим, қолганлар ҳаммасини ўзлари тушуниб олдилар»
Сингапурнинг коррупцияга қарши кураш сиёсати қуйидаги асосий тамойилларга асосланади:
Коррупцияга қарши курашда Сингапур тажрибаси
Жаҳон мамлакатларининг рейтингида Скандинавия давлатларида коррупция кўрсаткичи энг паст даражада эканлиги қайд этилган. Унга кўра, Янги Зеландия, Дания, Сингапур, Швеция, Швейцария, Финляндия мамлакатлари бу борада энг паст кўрсаткичга эга ҳисобланади.
Сингапурнинг собиқ бош вазири Ли Куан Ю (1959–1990): “Қачонки ҳокимият халқ ишончини оқлаш учун эмас, шахсий бойлик орттириш мақсадида фаолият юрита бошласа, бу ахлоқ муаммоси ҳисобланади. Узоқ вақт мавжуд бўлишини истаган жамият ҳалоллик принципига амал қилиши лозим, акс ҳолда жамият яшай олмайди. Коррупцияни тўхтатиб қолишнинг энг осон усули мансабдор шахсларнинг ўз билганларича ҳаракат қилишлари имкониятларини камайтиришда”, деган эди.
Ли Куан Юдан коррупцияга қарши курашининг муваффақияти ҳақида сўралганда: “иккита дўстимни қилмиши учун озодликдан маҳрум қилдим, қолганлар ҳаммасини ўзлари тушуниб олдилар”. Бундай вазиятда жамият аҳли “демак, у коррупцияга қарши жиддий кураш олиб боришга қарор қилган”, деган хулоса чиқарди, деб жавоб берган эди.
Сингапурнинг коррупцияга қарши кураш сиёсати қуйидаги асосий тамойилларга асосланади: қонунчиликнинг самарадорлиги, суд тизимининг мустақиллиги, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат, самарали ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти, самарали давлат хизмати тизими, коррупцияга қарши курашишда кучли сиёсий ирода. Коррупциявий жиноятлар учун жазо 100 000 Сингапур долларигача ($74 000 АҚШ доллари) жарима ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар коррупция жинояти давлат хизматчисининг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ бўлса, жарима 100 000 Сингапур доллари ёки 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси бўлади. Шуни таъкидлаш жоизки, Сингапурнинг коррупцияга қарши сиёсати бу миллий қадриятларга амал қилишдан кўра кўпроқ зарурат туфайли амалга оширилди. Сингапур хорижий инвестицияларни мамлакатга жалб қилиш учун уларни нотўғри мақсадларда фойдаланиш имкониятини йўққа чиқарди. Сингапурда илгари коррупция схемаси бўйича берилган кўплаб лицензиялар ва рухсатномалар бекор қилинди. Коррупцияни йўқ қилиш ва хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш натижасида деярли барча оилалар уй-жой билан таъминланди. Энг ночор фуқароларга ҳам имтиёзли ипотека кредитлари берилди. Мамлакат иқтисоди жаҳон бозорида рақобатдошликка йўналтирилди, нефтни қайта ишлаш, енгил саноат, кемасозлик соҳалари устувор йўналишлар сифатида белгиланиб, уларга кейинчалик электроника ва инновацион технологик соҳалар қўшилди. Ушбу компаниялар беш йил муддатга турли солиқлардан озод этилди. Ислоҳотчи давлат раҳбари Ли Куан Ю Сингапур “Иқтисодий мўъжиза”си асосчиларидан бўлиб тарихга кирди.
Хусусан, Сингапурда мансабдор шахслар ва ташкилотларнинг ходимлари учун мажбурий равишда ҳалолликка ўргатиш дастурлари амал қилади. Фуқаролик жамияти давлат хизматчиларининг мажбуриятлари ва давлат хизматида коррупцияга йўл қўймаслик тўғрисида хабардорлигини ошириш мақсадида ушбу мамлакатларда давлат хизмати этикаси тўғрисида махсус қонунлар қабул қилинган. Уларда давлат хизматчиларининг ахлоқийхулқ-атвори учун жавоб берадиган махсус агентликлар ташкил қилинган.
Сингапурда эса фуқаролик амалдорларини ўзини ҳурмат қилиш тамойилларига ўргатади, коррупция эса уларнинг қадр-қимматини камситиш деб ҳисобланади. Сингапур давлат хизматчилари юридик санкциялардан қўрқадилар ва коррупцияни хавфли хулқ-атвор деб ҳисоблайдилар. Мазкур ноқонуний фаолиятда иштирок этишдан қочадилар.
Сингапур тажрибасида ёш авлод турли замонавий форматлардаги кўп сонли коррупцияга қарши курашиш бўйича тадбирларга тортилади. Барча саъй-ҳаракатлар ҳар бир фуқаронинг ёшлигиданоқ давлатдаги коррупция оқибатларини тушуниши ва жамият ҳаётининг жабҳаларида коррупциянинг олдини олиш, бутун халқ ҳамда инсон шаъни, қадр-қиммати ва маънавий қадриятларини ҳимоя қилиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.
Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб 2023 йилнинг май ойидаги уч кунлик давлат ташрифи чоғида “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсида: “Сингапур ривожланиши тарихи тасодифий эмас, балки у қатор омиллар натижасида, шу жумладан, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида кашшоф авлоднинг машаққатли меҳнати ва жаноб Ли Куан Юнинг моҳирона раҳбарлиги остида асосчи оталаримизнинг узоқни кўзлаб юритган сиёсати натижасида равнақ топди. Тошкент шаҳридан икки бараваргина катталикдаги ва табиий ресурсларга эга бўлмаган мўъжаз шаҳар-давлатда халқимиз учун иш ўринларини яратиш учун инсон капитали ва ҳаётбахш иқтисодиётни ривожлантиришга катта маблағ сарфлашга мажбур бўлган эдик. Биз очиқ иқтисодиётга кўмаклашиш ва хорижий компанияларни Сингапурга сармоя киритишга таклиф қилиш асносида ўзимизнинг Жануби-Шарқий Осиёдаги стратегик ўрнимиздан фойдаландик. Биз эзгу бошқарувни, қонун устуворлиги, меритократия ва ҳалоллик тамойилларини ўзимизга дастуруламал қилиб олдик”, – деган эдилар.
Ялпи ички маҳсулотидан (ЯИМ) уч баробар кўп бўлган савдо ҳажмига эга кичик шаҳар-давлат сифатида Сингапурнинг очиқ ва ташқи дунёга йўналтирилган мамлакат ҳолида қолиши ҳамда имкон қадар кўпроқ давлатлар ва шериклар билан яхши муносабат ўрнатгани бошқа давлатлар учун ибратли ва мўъжизадир.
Коррупция, энг аввало, ҳар қандай мамлакатда давлат аппаратининг халқ олдидаги минимал мажбуриятларини бажаришда ожизлигини англатади. Бу Африка, Лотин Америкаси ва Осиёнинг кўпгина ривожланаётган давлатларини ҳам қамраб олган ва мазкур мамлакатлар учун жиддий муаммолардан бири ҳисобланади. Бу мамлакатларнинг барчасида коррупция халқнинг қашшоқлиги, мамлакатнинг қолоқлигига сабаб бўлмоқда.
Зебо Намозова тайёрлади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0