Илмий ишончсизликда Ўзбекистон дунёда топ-10 таликка кирди
Буни қарангки, дунёда илмий мақолалар ишончсизлиги бўйича ҳам ўзбек тадқиқотчилари етакчилик қилмоқда. Ўзбек тадқиқотчилари томонидан дунё дурдона журналларига тақдим этилган мақолаларнинг ишончсизлиги сабабли журналлар томонидан қайтариб юборилган ҳолатларда ҳам мамлакатимиз энг юқори ўринларда.
2025 йилнинг сўнгги маълумотларига кўра, Ўзбекистон илмий мақолалари халқаро илмий базалардан энг кўп “қайтариб олинган” давлатлар орасида дунё бўйича топ-10 таликка кирган. Илмий адабиётларда retraction деб аталадиган бу жараён – чоп этилган мақоланинг илмий талабларга жавоб бермаслиги, ишончсиз ёки нотўғри деб топилиши натижасида расман бекор қилиниши ҳисобланади. Мазкур хулосалар Ҳиндистонлик тадқиқотчи Achal Agrawal томонидан юритилаётган PostPub Retraction Dashboard платформаси маълумотлари асосида тайёрланган таҳлилда келтирилган.
Ўзбекистонлик тадқиқотчи Бобир Муратов эса масалага нисбий кўрсаткичлар нуқтаи назаридан ёндашиб, янада жиддий хулосага келади. Унинг таъкидлашича, агар қайтариб олинган мақолалар сонини умумий чоп этилган мақолаларга нисбатан фоиз ҳисобида олсак, Ўзбекистон дунё бўйича 1-ўринда туради. Бу эса мамлакат илмий маҳсулоти ишончсизлиги бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этилганини англатади. Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда илмий мақолалар энг кўп қайтариб олинган даврлар 2015 ва 2023-йилларга тўғри келади. Хусусан:
2015 йилда ҳар 1000 та мақоладан 11 таси,
2023 йилда эса ҳар 1000 та мақоладан 9 таси халқаро илмий базалардан олиб ташланган.
Қайтариб олиш сабаблари йиллар кесимида фарқ қилади. Жумладан:
• 2023 йилда асосий сабаб — research, яъни тадқиқотнинг илмий талабларга жавоб бермаслиги (маълумотлар хатолиги, нотўғри таҳлил ёки ишончсиз хулосалар);
• 2024 йилда эса асосий муаммо — integrity, яъни илмий ҳалоллик қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ бўлган.
Олий таълим муассасалари кесимида олиб борилган таҳлилга кўра, энг кўп қайтариб олинган мақолалар Бухоро давлат университети ҳиссасига тўғри келади ва уларнинг барчаси тадқиқот сифати пастлиги сабабли бекор қилинган. Кейинги ўринда Тошкент давлат иқтисодиёт университети туради — бу ерда чоп этилган мақолаларнинг аксарияти илмий ҳалоллик талабларига мос келмаган. Топ-3 таликни эса “миллий тадқиқот институти” мақомига эга Тошкент ирригация институти якунлаб беради.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, асосий муаммо — кўплаб тадқиқотчиларга илмий иш моҳияти, уни бажариш усуллари ва халқаро талаблар тизимли равишда ўргатилмаётганидир. Кўп ҳолларда уларга халқаро илмий базалар билан ишлаш, мақолаларни ўқиш ва таҳлил қилиш имконияти берилмайди, бироқ барибир мақола топшириш талаби қўйилади. Олий таълим муассасаларида сифатдан кўра мақолалар сонига устувор аҳамият берилиши эса, охир-оқибат, Ўзбекистонни салбий, бироқ “етакчи” илмий рейтинглар қаторига олиб кирмоқда.
Айниқса, докторантлар учун SCOPUS (Q1, Q2) журналларида мақола чоп этиш мажбурийлиги сақланиб қолар экан, мамлакатнинг ушбу салбий рейтингда янада юқорилаш эҳтимоли юқори экани қайд этилмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0