“Жаҳаннам дарвозаси” ёхуд Туркманистондаги синоат
Дунёда ғаройиб ҳодисалар жуда кўп учрайди. Уларнинг баъзиларини кўриш учун узоққа бориш ҳам шарт эмас. Ўзбекистонга қўшни бўлган Туркманистон давлатидаги “Жаҳаннам дарвозаси” бунга мисол бўла олади. Ўн йиллар давомида бу ерда газ кратери бир маромда, тўхтамасдан ёниб турибди. Унинг кўриниши маҳобатли ва ўзига хос бўлгани сабабли шундай ном берилгани айтилади. Қуйида ушбу жойнинг тарихи ва бугунига юзланамиз.
Туркманистондаги Қорақум чўлининг марказида 50 йилдан ортиқ вақт давомида ёниб келаётган Дарвоза газ кратери жойлашган. Кўпчилик уни “Жаҳаннам дарвозаси” ёки “Дўзах дарвозаси” деб ҳам аташади. Дарваза газ кратери (туркманча Дервезе) Туркманистонпойтахти Ашхободдан тахминан 260 км шимолда ва Эрбент қишлоғидан 90 км узоқликда жойлашган. Машҳур кратер қумли Қорақум чўли билан ўралган. “Дўзах дарвозаси” тарихи 1971 йилда тадқиқотчилар туркманларнинг Дарвоза қишлоғи яқинида қидирув бурғулаш ишлари давомида ер ости газ конларини аниқлаган пайтдан бошланган.
Бошқа қидирув қудуғини бурғулаш чоғида ишчилар катта ер ости ғорига (тошдаги бўшлиқ) дуч келишди, бунинг натижасида бурғулаш қурилмаси остидаги ер қулаб тушди (бурғулаш минораси барча жиҳозлар ва транспорт билан бирга қулаган). Бу диаметри 60-70 метр ва чуқурлиги тахминан 30 метр бўлган жарликни ҳосил қилди, унинг остидан эса ер ости гази чиқиб кетди. Геологлар одамлар ва чорва моллари учун хавфли бўлган газлар чиқиб кетмаслиги учун ёқиб қўйишга қарор қилишди. Тез орада олов ўз-ўзидан ўчиб кетиши кутилган эди. Кейинчалик маълум бўлдики, бу ердаги газ конлари мутахассислар кутганидан анча кўп бўлиб чиқди, чунки газ кратери ҳамон кечаю кундуз ёниб туради.
Газ кратерининг салбий таъсири оқибатлариданқочиш мақсадида 2004 йилда ўша пайтдаги Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов Дарвоза аҳоли пунктини тугатишни буюради. 2010 йилда эса янги раҳбар Гурбангули Бердимуҳамедов кратерга ташриф буюрди ва маҳаллий ҳокимият органларига уни йўқ қилиш йўлларини топишни ёки яқин атрофдаги газ конларини ўзлаштиришгахалақит бермаслигинитаъминлашни буюрди. 2013 йилда президент қарори билан Қорақум чўлида Дарвоза кратерини ўз ичига олган давлат қўриқхонаси ташкил этилди.
2013 йил ноябр ойида канадалик таниқли тадқиқотчи ва саргузаштчи Жорж Коронис 30 метр чуқурликдаги газ кратери тубига тушган дунёдаги биринчи одам бўлди. Экспедицияни қисман National Geographic журнали молиялаштирди ва унинг мақсади кратер тагидан тупроқ йиғиб, бундай шароитда ҳар қандай организм омон қолиши мумкинлигини аниқлаш эди. Канадаликнинг сўзларига кўра, экспедицияга тайёргарлик кўриш учун бир ярим йил вақт кетган, чунки улар рухсатномалар олишлари, жиҳозларни тайёрлашлари ва жамоа йиғишлари керак эди.
Бундан ташқари, сафар олдидан улар маҳаллий дарё дараси устида пухта машқ қилишлари, иссиққа чидамли костюм, нафас олиш аппарати ва махсус альпинизм жиҳозлари таққан осилган арқон бўйлаб пастга тушишларини синаб кўришлари керак эди. Натижада тадқиқотчи кратер тубида у ерда яшовчи ва юқори ҳароратда кўпаядиган бактерияларни топишга муваффақ бўлди.
2022 йил бошида Туркманистонпрезиденти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳукуматга ёнаётган газ кратерини ўчириш ечимини қидиришни топширди. Давлат раҳбари буни “Жаҳаннам эшиклари” кратеридаги улкан газнинг ёниши инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга зарарли чиқиндиларничиқараётгани билан изоҳлади. Бундан ташқари катта миқдорда табиий газ бекордан бекорга ёниб кетаётгани омили ҳам кўздан қочирилмади.
Янги зеландиялик собиқ технолог Иан Орчарднинг сўзларига кўра, агар биз “Дўзах дарвозаси” ёнишининг сайёрамизга глобал таъсирини ҳисобга олсак ва чуқур тубидаги аланга ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, ёнаётган газ кратерининг зарари оддий нефть платформасидагигаз оловидан кўп эмас.
Дарвоза кратеридаги метаннинг ёниши атроф-муҳитга жиддий хавф туғдирмайди.Ёниш натижасида карбонат ангидрид (атмосферанинг юқори қатламларигатез кўтарилади) ва зарарли аралашмаларсиз сув ҳосил бўлади. Шу сабабдан “Дўзах дарвозаси” оловини ўчириш маъносиз, чунки у атроф-муҳитга ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Бундан ташқари, ёнғинни тўхтатиш атмосферага метан сизиб чиқишига олиб келиши мумкин, бу эса анча хавфлидир. Шунинг учун кратер ёндирилган.
“Дўзах дарвозаси”ни ўчириш мумкин, аммо бу муаммони ҳал қилмайди. Чуқурликдан чиқиб кетаётган газ тўпланишда давом этади ва ҳар қандай туташув манбаси, хоҳ у учқун бўлади, хоҳ сигарет қолдиғи бўлсин, алангани қайтадан ёқиб юборади. Мақсадли ядровий портлаш (Ўзбекистонда уч йил давомида ёнган “Ўрта-Булоқ машъаласи”ни ўчиришда фойдаланилганидек) ёки кўпикли тозалаш (газ конларида ёнғинларда қўлланганидек) кутилган натижани бермайди. Бу усуллар юқори босим остида ёнғинни ўчиришда қўлланилади ва Дарвозада газ эса катта чуқурликдан сокин равишда чиқиб кетмоқда. Кратерни бетон қуйиш орқали ёпиш янада хавфлироқ, чунки бу газнинг тўпланиши давом этиши туфайли портлашга олиб келиши мумкин.
Техник жиҳатдан кратерни махсус гумбаз билан қоплаш ва фойдаланиш учун газни чиқариш мумкин. Аммо лойиҳанинг кўлами ва мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда, харажатлар ва хавфлар фойдадан кўпроқ бўлиши мумкин.

Дарвоза кратери яна қанча вақт ёниб туради, деган савол кўпчиликни қизиқтиради. Олов асрлар, балки минг йиллар давомида ёниши мумкин. Ернинг чуқур қисмидан газ оқими унинг узлуксиз ёнишини таъминлайди. Масалан, ОзарбайжондаЯнардағ тоғи ҳозир ҳам ёнмоқда ва у 700 йилдан ортиқ вақт давомида, жумладан италиялик машҳур сайёҳ Марко Поло даврида ҳам мавжуд бўлгани ҳақида маълумотлар бор.
Газ босими ниҳоятда юқори бўлиши ва ҳалокатли ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган йирик газ конларидан фарқли ўлароқ, Дарвоза тинч, кичик газ оқимини юзага чиқаради. Шунинг учун олимларнинг фикрича кратердан газ қазиб олишга уриниш катта иқтисодий фойдани ваъда қилмайди. Ҳа, ярим асрдан ортиқ вақтдан бери ёниб келаётган Дарвоза олов кратери ҳам мафтункор, ҳам қўрқинчли — бу ҳақиқатан ҳам ажойиб жой. Бироқ, “Дўзах дарвозалари”нинг келажаги ноаниқлигичақолмоқда. Бу оловли кратерни нима кутмоқда? У сайёҳлар диққатга сазовор жойига айланадими ёки ўчириладими? Ва агар у ўчириладиганбўлса, қандай қилиб? Жавоблардан кўра, саволлар кўпроқ.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0