“Ishonch” саволи Ўзбекистон республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги диққатига!
ЎЗБЕК ЧОЙИ ҚАЧОН ДУНЁ ЮЗИНИ КЎРАДИ?

Чойхўрликда дунёнинг манаман деган чой шинавандаларини ҳам ортда қолдирсак керак. Аммо ушбу шифобаҳш маҳсулот юртимизга асосан хорижий ўлкалардан импорт қилинади. Ўзбекистонимиз чойни қадоқлашга ихтисослашган корхоналарга эга бўла туриб, бу ерда чой палантацияларини ташкил этиш ҳаёлотлигича қолмоқда.
Яширишга не ҳожат. 2018 йилда мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларида чой плантациялари ташкил этиш, бу ўсимлик майдонини 283 гектарга етказиш ҳақида маълумот берилганди. Ўша даврдаги режалаштиришга мувофиқ ушбу майдонларда етиштирилган маҳсулот ҳисобидан 2025 йилгача 189 тонна сифатли чой ишлаб чиқарилиш ваъда қилинганди.
Кейинчалик, аниқроғи 2022 йилда Япон чойларининг навлари Ўзбекистон шароитида синовдан ўтказилиши, кейинчалик тоғ ва тоғолди ҳудудларида майдонлар ташкил этиш мақсад қилинганлиги ҳақидаги хабарларга ҳам кўзимиз тушган.
Аммо негадир бу ташаббуслар қумга синган сувдек беиз кетгандек. Ҳар бир ўзбек оиласига севимли бўлган чойлар қачонгача хориждан харид қилинади? Серқуёш заминимизда бу маҳсулотни етиштиришга шароит йўқми ёки ҳафсала?
Нурилла Шамсиев,
Ishonch.uz







