Ҳиндистонда сунъий интеллект қишлоқ шифокорига айланмоқдами?
Бугун дунёда шундай технология пайдо бўлдики, у шифокорни кутмасдан касалликни аниқлаб бериши мумкин. Энг қизиғи, жараён аллақачон амалиётда ишлаётир.
Жумладан, Ҳиндистонда сунъий интеллект тиббий тасвирлар (рентген, КТ, МРТ)ни таҳлил қилиб, касалликларни жуда эрта босқичда ташхислаяпти. Масалан, сил касаллигини рентгендан автоматик аниқлаш, кўкрак бези саратони скрининги, диабетик ретинопатия (кўз касаллиги) диагностикаси, юрак хасталиги хавфини прогноз қилиш кабиларда жуда қўл келяпти. Бу айниқса, шифокорлар етишмайдиган ҳудудларда аҳолининг ҳаётини сақлаб қолишда асқатмоқда.
Мамлакатда аҳолининг катта қисми қишлоқларда яшайди. Шу боис ҳукумат бундай ҳудудларда телефон орқали шифокор маслаҳати, сунъий интеллект алгоритмлари орқали дастлабки ташхис қўйиш, мобил диагностика машиналари хизмати, фавқулодда ҳолатларда тезкор тиббий ёрдам кўрсатишни йўлга қўйяпти.
Сунъий интеллект касалхоналарнинг жонлантириш бўлимида ҳам «тезкор ходим»га айланган. У оғир беморларни кузатиб, унинг ҳолати ёмонлашадиган бўлса, бу ҳақда шифокорга олдиндан хабар беради.
Ҳиндистон ҳукумати 2047 йилгача мазкур йўналишда йирик дастурни амалга оширишни мақсад қилган. Лойиҳа аҳолини арзон ва сифатли тиббий хизмат билан қамраш, рақамли тиббий карталарни жорий этиш ва тўлиқ рақамлашган соғлиқни сақлаш тизимини яратишни назарда тутади.
Зебо Намозова
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0