Валюта UZS
  • USD

    12 132.48-5.38

  • EUR

    14 360.00-19.72

  • RUB

    159.090.96

+16C

+16C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+16c

  • Hozir

    +16 C

  • 22:00

    +14 C

  • 23:00

    +12 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Payshanba, 19-February

+16C

  • Hozir

    +16 C

  • 22:00

    +14 C

  • 23:00

    +12 C

  • Payshanba, 19

    +16 +20

  • Juma, 20

    +15 +20

  • Shanba, 21

    +7 +20

  • Yakshanba, 22

    +10 +20

  • Dushanba, 23

    +11 +20

  • Seshanba, 24

    +10 +20

  • Chorshanba, 25

    +8 +20

  • Payshanba, 26

    null +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Рамазонда кўп асрлик қадриятлар мужассам

39 23:39 | 18.02.2026 23:39

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратлари билан суҳбат


— Ассалому алайкум, муфтий ҳазратлари! Аввало, халқимиз йил давомида орзиқиб кутадиган ушбу Рамазон ойида юмушларингиз кўп бўлишига қарамай, бугунги суҳбатга вақт ажратганингиз учун ташаккур.


Яхши биламизки, юртимизда муҳтарам Президентимиз томонидан ҳар йили шу муборак ойни муносиб ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади, махсус қарорлар қабул қилинади. Айниқса, бу йил эътибор янада ортиб, бозорлардаги нарх-наволарда ҳам муборак ойнинг файзу баракаси сезилиб туришини алоҳида таъкидладилар. Шундай экан, суҳбатимиз бошида айни кунларда Рамазон ойи муносабати билан амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз, марҳамат.


— Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавоту саломларимиз бўлсин. Рамазон, ҳақиқатан ҳам, барча мўмин-мусулмонлар қалбига хурсандчилик олиб кирадиган ой. Айниқса, кейинги йилларда, гувоҳи бўлганимиздек, Янги Ўзбекистонда Рамазон ҳам, ҳайитлар ҳам ўзгача ўтяпти. Чунки муҳтарам Президентимизнинг олдига қўйган энг катта шиори инсон қадрини юксалтириш. Буни давлатимиз раҳбари 16 февраль куни Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш масалаларига бағиш­лаб ўтказган йиғилишдан ҳам билиш мумкин.


Унда Юртбошимиз муборак ойда нуронийлар, ёлғиз ва эҳтиёжманд фуқаролар ҳолидан хабар олиш, оғир аҳволга тушиб қолган оилаларга амалий кўмак бериш эзгу қадрият эканини таъкидладилар. «Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» шиори остида ишлаб чиқилган эзгу ишларни амалга ошириш учун «Вақф» хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Биласизми, бу меҳр-эътибор туфайли қанча эҳтиёжманд оила­ларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади, қанча ногиронлиги бор кишиларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиёти харажатлари қоплаб берилади?!


Саховат бир қадрият бўлса, Рамазон ҳам бир неча асрлик диний қадриятимиздир. Демак, бу ишларда миллий ва диний қадриятлар уйғунлигини кўриб турибмиз. Ахир бир пайтлар Рамазонни бу даражада кутиш хаёлларига ҳам келмай ўтиб кетган қанча аждодларимиз бор. Рамазон ҳақида гапиролмай, ҳатто рўзадорлигини яшириб яшаб ўтишган улар. Бугун эса мана шундай фаровон, қадриятларимиз қадрланадиган даврда яшаяпмиз. Бу ҳам бизга Аллоҳнинг улуғ бир неъматидир.


Тажрибам ва кузатишларимдан шу нарсани аниқладимки, дунёнинг бирор мамлакатида Рамазон ойини муносиб ўтказишга доир давлат раҳбарининг имзоси билан қарор чиқмас экан. Ҳурматли Юртбошимизнинг қарорларида эса Рамазон ойини юксак инсоний қад­риятлар асосида ўтказиш, қадимдан келаётган урф-одатларимизни эъзозлаш, ҳатто Рамазон ойини саховат ойига айлантириш, муҳтожлар, ногиронлар, толиби илмларга меҳр-мурувват кўрсатиш каби қатор яхшилик­лар акс этмоқда. Яъни, Рамазонни ҳам ибодат, ҳам меҳр-мурувват ойига айлантиришдек эзгу ғоя мужассам бунда.


Ўз ўрнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ҳам Рамазонга пухта тайёргарлик кўрилди. Биласизми, мана, икки-уч йилдан бери дунёнинг бирор давлатида йўқ амалиёт бизда бўляпти. Бу йил таровеҳда 1760 та масжидимизда хатми Қуръон бўлади. Бу нима дегани? Бу Қуръонни бошидан охиригача, аввалидан охиригача намозда, таровеҳда туриб ўқиш, эшитиш имконияти дегани. Яқин-яқингача ҳам хатм саноқли жойларда бўларди. Ҳозир республика бўйича ҳамма масжидларимизда Лайлатул қадр кечасида, 26-дан 27-га ўтар кечаси хатмона бўляпти, яъни хатм тугайди. Ўзбекистон бўйлаб Қуръоннинг саҳифалари, жузлари, поралари ҳар куни ва ҳар бир масжидда бир хил ўқилади. Айтайлик, Қорақалпоғистонда бир масжидда таровеҳда қатнашган одам бирон юмуш билан Тошкентга келиб, пойтахтимизнинг исталган масжидига кирса, Қуръони каримни ўша Нукусда келиб қолган жойидан эшитиб, давом этиб кетади. Бу тадбиримиз ҳам дунёнинг бошқа жойларида кузатилмайди. Аслида бу ҳам муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари. Ва бу ҳолатни кўрган, эшитган дунё уламолари ҳайрат ва ҳавас билан: «Ахир бу ер Имом Бухорийнинг юрти-да!» дейишмоқда.


— Ҳурматли муфтий ҳазратлари, бу фикрларингизни эшитиб, юртимиздаги файзу барака ҳам мана шу дуолар, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги билан эканига амин бўламиз.


Бозорларимиздаги тўкинчиликни кўриб, кўпчилик ҳайратга тушади. Шу билан бирга, тушуниб-тушунмасдан баъзи ҳамюртларимизнинг саҳарлик ё ифторликларни ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилиш ҳолатлари, айрим тадбиркорларимизнинг эса мавсумдан фойдаланиб нарх-наволарни оширишга уринишлари ҳақида эшитиб қоламиз. Бундай оғриқли масалаларга ҳам озгина тўхталиб ўтсангиз, менимча, фойдадан холи бўлмасди.


— Рамазон — риёзат ойи. Бу дегани нафсни тарбиялаб оладиган фурсат деганидир. Бу асло маишат ёки бойлик орттириш ойи эмас. Одам ўзи очликни ҳис қилса, бошқа қорни очни тушуна бошлайди. Айни пайтда қорни тўқ бўлиб юриш ҳам неъмат эканини анг­лайди. Шундай экан, ифторликда ҳам, саҳарликларда ҳам маишатбозликка, дабдабабоз­ликка берилмаслик керак. Қолаверса, дас­турхонини ижтимоий тармоққа жойлаш, бошқаларга кўрсатиш макруҳ иш. Эътибор қилинг, мўътабар китобларимизда ҳам кўчаларда, атрофдагиларга кўз-кўз қилиб таом ейишдан қайтарилганмиз. Қолаверса, бу бизнинг миллий маданиятимизга, ахлоқимизга ҳам зид.


Рамазон — закот, садақа, хайр-эҳсон ойи деймиз. Айни саховатни, садақани ҳам жой-жойига бериш лозим. Ҳар хил дабдабабоз­ликлар кибр, манманликдан келиб чиқади. Бу эса гуноҳи азимдан бошқа нарса эмас.


Мана, юрт раҳбари ўзлари бош бўлиб битта анъанани йўлга қўйдилар. Ҳар йили ажойиб бир ифторлик ташкил қилиб бер­яптилар. Оилада, одатда ота бутун оила аҳлини, бола-чақа, набираларини баъзи-баъзида бир дастурхонга тўплайди. Нима учун? Меҳр — кўзда, деб. Чунки дийдорда гап кўп. Албатта, Юртбошимиз бош бўлган ифторликдан кўзланган маъно-мақсад ҳам шу. Ҳатто, унда бошқа дин вакиллари ҳам келиб қатнашади. Кам таъминланган оилалар вакиллари, беморлар, ногиронлиги бор бўлган юртдошларимиз, ҳатто аравачаларда келганлар бир жойга тўпланиб, юртнинг Отаси ҳузурида дийдорлашади. Ифторлик мана шунақа чуқур маънога эга бўлиши керак. Ифторликлар қадримизни, ўзаро оқибатимизни, бир-биримизга меҳримизни оширишга хизмат қилиши зарур. Уларни ихчам қилиб, кўпроқ муҳтожлар ва етим-­есирларнинг ҳол-аҳволидан хабар олиб, уларнинг уйларида ўтказиб берсак, янада гўзал бўлади.


Рамазон ойида озиқ-овқат маҳсулотларини сунъий равишда қиммат қилиб юборишдан ҳам сақланиш керак. Мана, бу йил Рамазонда озиқ-овқат маҳсулотларини арзонлаштирилган нархларда сотувчи ярмаркалар ташкил этилди.


Озиқ-овқат савдоси билан машғул бўлган тадбиркорларимиз Рамазон ойи баракасидан умид қилиши керак. Барака нима дегани? Биз бошқа ойда 10 сўмлик фойда қилсак 10 сўмлик барака бўлса, рамазон ойида ўша 10 сўмлик савдомизнинг баракаси 100 сўмликдан кам бўлмайди. Бунда жуда гап кўп. Аксинча, тадбиркорларимиз бу ойда ҳар доимгидан-да арзонлаштириш пайида бўлишлари лозим. Бунда катта савоб, беқиёс барака бор. Қолаверса, бунинг яна бир эзгу жиҳати, одамлар рамазонни орзиқиб кута бошлайди. Кўряпсизми, буни яхшилаб тушуниб, англаб олишимиз жоиз.


— Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида сўнгги йилларда юртимиз мўмин-мусулмонларига Ҳаж ва Умра сафарлари жуда гўзал тарзда ташкил этилмоқда. Ҳаж квоталари сони анчага ошган. Умра зиёратига бориб келиш эса йилдан-йилга осонлашяпти, арзонлашяпти. Лекин битта жиҳат одамни ўйлантиради. Ўзингиз ҳам яқинда бу мавзуда чиқишлар қилдингиз. Мен Умра ва Ҳаж зиёратларини кўз-кўз қилиш, муборак масканларда мусулмон аҳлига жоиз бўлмаган ҳолатларнинг бўлиши, ижтимоий тармоқлардаги ноўрин чиқиш­ларни назарда тутмоқдаман. Назаримда, бу муқаддас зиёратларга ҳар бир мусулмон аввал руҳан ва қалбан тайёр бўлишига эътибор қаратмоғимизга эҳтиёж мавжуддек кўринади. Сиз бу ҳолатларга нима дейсиз?


— Одамзод баъзан ўтмишни унутиб қўяркан. Баланд тоғда яшаётган одам ўша тоғнинг салобатини тўла ҳис қилмагани каби... Узоқдан кўрганлар эса: «Ҳа, бу тоғ ҳайбатли», деркан. Биз мисоли неъмат тоғларининг чўққисида яшаб, баъзида ношукрлик қилиб қўйяп­миз. Буни тан олишимиз керак. Айниқса, мана шу Ҳаж ва Умрада. Бир пайтлар юртимиздан Ҳаж зиёратига саноқлигина одам борган. Умра тўғрисида тугал тасаввурнинг ўзи бўлмаган. Ҳозир муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан ҳар йили 15 000 одам Ҳажга боряпти.


Ҳаж — фарз амал. Лекин кимга, қачон фарз бўлади? Иқтисодий имкони етарли бўлган, Ҳажга сарф қилса ва кетса, бола-чақаси қийналиб қолмайдиган, бориш-келиш йўли очиқ, зиммасидаги бошқа масалалардан қутулган бўлса, бу одам Ҳажга бориши фарз бўлади.


Ёки, мана олинг, бир одамга рамазон ойи­­да шифокорлар: «Сиз рўза тутсангиз, соғлиғингизга зарар етади», деса, у одам рўза тутмаслиги лозим. Агар ўзининг саломатлигига зиён етишини билиб ҳам рўза тутса, у шу иши учун гуноҳкор бўлади. Чунки бунда жонига қасд қилиш, соғлиғини хатарга қўйиш бор. Ҳаж ҳам худди шундай — агар соғлиғи ёки бошқа сабаб билан киши Ҳаж қилолмаса, эртага қиёматда узрли саналади. Ҳамма имкони бўлган одамга ҳам Ҳаж бир мартагина фарз қилинган.


Умра эса суннат амал. Лекин бу ҳам имконияти бор одамга. Баъзилар жонини жаб­борга бериб, қарз-ҳавола қилиб бўлса ҳам бориш ёки ота-онасини юбориш ҳаракатида бўлмоқда. «Фалончи юбордими, мен ҳам юборишим керак», деган тушунча тарқалган. Бу қандай гап?


Бизни ҳам ташвишга солаётган, ўйлантираётган нарса — аслида юртимиз номидан бораётган ҳамма ҳам маънавий тайёрми шу ибодатга? Кечирасизу, жуда кўплар қаерга, нима учун бораётганини яхши ҳис қилмаяпти. Бориб, ўзини суратга олиш билан овора. Масалан, кимдир онасини олиб боряпти-да, ҳаммага кўрсатиб, видеога олиб, ўша жойда оёғини ўпиб: «Онажон, мендан розимисиз, шу ерга олиб келганимга?» деяпти. Саҳна зўр. Ҳамма кўрса, ҳавас қилади. Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор. Бу ёқда онаси бемор бўлиб, унинг дори-дармони учун зўрға пул топаётган йигитнинг қалбига ханжар уряпти-ку у. Бошқа бир йигит буни кўриб, ўз волидаси ёки отаси олдида ўзини жуда ноқулай сезмайдими? Бу, аслида оддийгина, ҳар бир инсон тушуниши, англаши лозим бўлган жиҳат.


Кейин нима бўлади, бояги ночор йигит «Нима учун бу йигит қилган нарсани мен қила олмайман», деб ўзини ўтга-чўққа уриб бўлса ҳам шу ишни қилишга киришяпти. Ҳолбуки, Пайғамбар алайҳиссалом: «Жаннат оналар оёғи остидадир», дея ота-онани рози қилиш билан жаннатга кириш имконияти масофаларга, сафарларга боғлиқ эмаслигини айтиб кетганлар.


Қолаверса, «Қайси амални қилсам, кўпроқ савоб бўлади?» деган ниятдаги одамга Пайғамбар алайҳиссаломнинг яна бир ҳадислари бор. У зот: «Бир мусулмоннинг дунё ташвишини кетказиш учун бир қадам босиш менинг масжидимда, яъни Масжиди Набавийда бир ой эътикоф ўтиришдан яхшироқ», деганлар.


Шундай экан, киши ортиқча маблағ топса, уни бир яқини, қўшниси ё кам таъминланган, хасталиги бўлган кишиларга йўналтирса, юқоридаги ҳадисга мувофиқ иш тутган бўлади. Савоби чандон-чандон кўпроқ бўлади. Модомики, гап очилган экан, шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, илмга чанқоқ ёшларимиз кўп, лекин ҳаммасининг ҳам нуфузли олий ўқув юртларида ўқиш имкони йўқ, шуларга саховат қилинг, савобнинг тагида қоласиз, биродарлар. Ўзингиз илм олган мактабгадир, институтгадир 4 та яхши китоб совға қилинг, бунинг-да савоби бисёр.


— Самарқанд вилоятида Имом Бухорий зиёратгоҳининг бутунлай қайта қурилиши ёки Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши тарихий воқеаларга айланди. Ҳар иккала гўзал иншоот моҳиятида ота-боболаримизнинг ҳам Исломга, ҳам дунё тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси акс этиб турибди. Бизнинг мана шу икки иншоот, менинг назаримда, ҳам зиёлиларимизнинг, ҳам уламоларимизнинг қалбларига катта ғурур-ифтихор беради. Айни пайтда зиммамизда жуда катта масъулият борлигини ҳам эслатиб туради. Бу бизнинг мана шу улуғ меросимиз, аждодларимизга муносиб бўлиш, зиммамизга улуғ ниятлар, баланд режаларни олиш. Шундай эмасми, ҳазрат?


— Имом Бухорий ҳазратларининг муборак марқад (мақбара, даҳма)лари узра қайта бино қилинган муҳташам мажмуа, Ислом цивилизацияси маркази — булар нафақат Ўзбекистон халқи учун, балки мусулмон уммати учун ҳам муҳтарам Президентимиз томонидан тақдим этилган ноёб туҳфа, деб биламан. Чунки бу мажмуалар фақат бизга эмас, бутун умматга хизмат қилади.


Президентимиз доим бир гапни айтади: «Бино қуриш — масаланинг бир жиҳати. Ундан-да муҳимроқ масала — унинг ичини мазмун билан тўлдириш. Ўнлаб масжидлар қурмоқдамиз, минг шукр, лекин унинг меҳроби-чи, меҳробида турган даъват, у ердаги маънавият нима бўляпти?». Шу каби саволлар билан у киши доим бизни сергаклантириб турадилар. Шунга биноан Ислом цивилизацияси марказининг ичкарисини ҳам унинг ташқи маҳобатига яраша қилишга эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари бир анжуманда «Биз бебаҳо меросимиз билан фахрланамиз, аммо улуғ аждодларимизни етарлича ўзимиз ҳам билмаймиз. Нима учун Имом Бухорий зиёратгоҳи, Ислом цивилизацияси маркази қурилиши узоқ давом этяпти? Биласизларми, биз бу икки муаззам иншоотни шундай ният билан қурмоқдамизки, токи унга кириб чиққан ҳар бир хорижлик бу миллатга, бу заминга таъзим қилсин. Мана шунда биз улуғ аждодларимизнинг юксак мартабасини кўрсата олган бўламиз», деган гапни айт­дилар.


Имом Бухорий ҳазратлари қандай улуғ зот бўлганини ҳаммамиз ҳам билмас эдик. Ул зот ўз ватанимда қадр топаман, унга хизмат қиламан, деб қайтиб келганларида ҳам уни ­қадрламадик. Ўз юртида турли фитналарга дуч келди. Ва алалоқибат Самарқанд музофотининг Хартанг қишлоғида оламдан ўтдилар. Демак ўтган юз йилликлардан кейин ҳам ҳали бу буюк бобомизга муносиб ҳурмат кўрсата олдик, дея олмаймиз. Мен мана шу бунёдкорликни кўп бор кузатиб келган инсон сифатида айта оламанки, Шавкат ­Миромоновичдек миллати, Ватанини бу қадар юракдан сева оладиган бошқа одамни кўрмадим.


Муҳтарам Президентимиз Имом Бухорийнинг ҳақиқий қадрини қайтарди. Шундай қилиндики, мажмуага кирганлар Имом Бухорийни нафақат зиёрат қилсин, балки ул зот қолдирган улкан илмий ва маънавий меросни ўргансин, деб ёнида бир гўзал музей барпо этилди. Аниқроғи, оддий музей эмас, катта бир илмий мажмуа бунёд бўлди.


Ўтган йили Муҳтарам Президентимиз бизга Имом Бухорий орденини бердилар. Ичимда бир гап бўлдики, аслида мана шу Имом Бухорий орденига лойиқ зот, аввало, муҳтарам Юртбошимизнинг ўзлари. Чунки муносиб хизматни У кишининг ўзлари қилмоқдалар.


— Ҳурматли муфтий ҳазратлари, суҳбатимиз якунида муборак ой остонасида халқимизга, юртимиз мўмин-мусулмонларига кўнглингиздан кечаётган тилак­ларни билдирсангиз.


— Рамазон — бу Аллоҳнинг раҳмати ёғиладиган ой. Айниқса, ўша саҳарлигу ифторлик пайтларида дуолар мустажоб бўлади. Шундай экан, бу ойда кўп-кўп дуо қилиш керак. Қилинаётган хайрли ишларни, яхшиликларни тилга олиб, лоқайд ё ношукр бўлаётганларга англатиб ҳам туриш лозим. Мен муфтий ўлароқ илтимос қилган бўлардимки, юртдошларимиз дуоларида халқимизни, Ватанимизни ҳам дуо қилсинлар. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом айтганларки, агар бир одам ғойибдан бир дўстига, бир биродарига дуо қилиб: «Аллоҳим, унга барака бер, умр бер, ризқ бер, мол-дунё бер, бахт бер», деса, бир фаришта дуо қилиб: «Ўша нарсадан сенга ҳам икки ҳиссаси бўлсин», деб тураркан.


Иншааллоҳ, мен халқимиздан умид қиламанки, ифторлик ва саҳарликларда ҳурматли Юртбошимиз ҳақларига, давлатимиз раҳбари ҳақига, халқимиз ва гўзал Ватанимиз ҳақига дуо қиладилар. Ўша дуо қилаётганлар ичида дуоси ижобат бўладиганлар бисёр. Бунинг исботини ёғингарчилик сўраб дуолар қилганимизда кўрдик. Агар халқимиз биргалашиб саҳарлик ва ифторликларда юрт, Ватан, юртбоши ҳақига дуолар қилаверса, юртимиз равнақи, фаровон кунларимиз бундан-да зиё­­да бўлиши шубҳасиз. Рамазондаги энг катта ютуғимиз ҳам мана шу саҳарлик ва ифторлик кезларида қилган хайрли дуоларимиз билан бўлади, иншааллоҳ.


— Катта раҳмат, муфтий ҳазратлари. Бугунги суҳбатингиздан кўп минг сонли газетхонларимиз катта маънавий қувват оладилар, деб ишонаман. Бошланган муборак ой кутганимиздан-да файзли, ҳақиқий мурувват ва саховат ойи бўлсин. Юзларимизни Яратганнинг Ўзи икки оламда ҳамиша ёруғ қилсин. Сизга ҳам сиҳат-саломатлик, ишларингизга барака ва ривож тилаймиз.


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ҳусан ЭРМАТОВ суҳбатлашди


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид