Иш вақти тугаса ҳам раҳбарингиз сизни ишда қолишга мажбурлаяптими? Бу вазиятда қонун нима дейди?
Савол: Иш вақтим соат 18:00 да тугайди, лекин раҳбарият деярли ҳар куни "иш кўп" деб соат 20:00 гача қолишни талаб қилади. Бу иш вақтидан ташқари иш ҳисобланмайдими? Бунинг учун қўшимча ҳақ тўланиши керакми?
Саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилоят кенгаши бош мутахассиси Рустам Насимов жавоб берди.
— Бу ҳолат иш вақтидан ташқари иш ҳисобланади. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 262-моддасида иш вақтидан ташқари ишнинг бир кундаги биринчи икки соати учун камида бир ярим ҳисса миқдорида, икки соатдан ортиқ қисми учун камида икки ҳисса миқдорида (меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда — ҳар бир соати учун камида икки ҳисса миқдорида) ҳақ тўланади.
Жамоа шартномасида касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра иш берувчи томонидан қабул қилинган ички ҳужжатда, меҳнат шартномасида иш вақтидан ташқари иш учун қўшимча тўловларнинг юқорироқ миқдорлари назарда тутилиши мумкин.
Ходимнинг хоҳишига кўра иш вақтидан ташқари иш учун оширилган ҳақ тўлаш ўрнига иш вақтидан ташқари ишлаб берилган вақтнинг давомийлигига мувофиқ келадиган қўшимча дам олиш вақтини бериш билан компенсация қилиниши мумкин. Бундай ҳолда иш вақтидан ташқари иш учун бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади, дам олиш вақти учун эса ҳақ тўланмайди.
Иш берувчининг "иш кўп" деган важи сизни бепул ва розилигингизсиз қўшимча ишлатишга асос бўлмайди.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0