“Ishonch”ни ўқимаган кўп нарса ютқазади
Ҳар гулнинг ўз ифори бўлганидек, телевидение ёки радио, босма ёки электрон нашрларнинг ўз ўрни бор. Улар бир-бирини инкор қилувчи эмас, тўлдирувчи бўлгандагина жамиятга тўлиқ ва хилма-хил ахборот тақдим этилади.
Хоразм вилоятида “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари ижодий ходимлари Алижон Абдураҳмонов ва Дилором Худойберганова иштирокида ўтказилган учрашувда мана шу жиҳатлар эътироф қилинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоева газетада мақолалар, фикр-мулоҳазалар билан қатнашиш инсонни маънан ва руҳан юксалтиришини таъкидлаб, бу борада ҳам фаол бўлишга ундади. Шунингдек, у “Ватан” журнали ҳам ҳақида ўз фикрларини билдирди.
– “Ватан” журнали миллий контент қандай бўлиши керак деган саволга ёрқин жавоб бўлмоқда, - деди Г. Қурбонбоева. – Унинг халқаро миқёсда ҳам севиб мутолаа қилинаётганидан хурсандмиз.
“Ishonch” газетаси ходими Алижон Абдураҳмонов муштарийларни таҳририят фаолияти билан янада яқинроқ таништирди.
– Биз ҳар бир ҳар бир жараённи, воқеа-ҳодисаларни холисона, жамият манфаатларини кўзлаган ҳолда таҳлил қиламиз. Ўқувчини фикрлашга, масъулларни эса муаммони ҳал қилишга ундаймиз, – деди у. – Таҳририятимиз эшиклари, газеталаримиз саҳифалари барчага очиқ. Кенгаш раиси айтганидек, барчангизни ўз мақолаларингиз, фикрларингиз билан фаол қатнашишга чорлаймиз. Таҳририят фақат босма нашр билан чекланиб қолаётгани йўқ. Ishonch.uz сайти, телеграм ва инстаграмдаги каналлар ва YouTube саҳифаси орқали минглаб инсонларга етказилаётган материаллар ахборотни тез, холис ва кенг қамровда етказишда муҳим ўрин тутмоқда.
АСМ ходимлари касаба уюшмаси Янгибозор туман кенгаши раиси Реимбой Шержонов ҳам касаба уюшмалари нашрлари ҳақида ўз фикрларини билдириб, уларда Хоразм юрти ва санъатига доир эълон қилинган таҳлилий мақолаларни ўқиб ниҳоятда таъсирланганини таъкидлади.
– Бугун “Ishonch”ни ўқимаган одам кўп нарса йўқотади, – деди Реимбой Шержонов. – Газетани қўлга олиб, варақлаб ўқишнинг, муаллифга ҳамфикр ёки қарши бўлишнинг, кўнгилда туғилган саволларга жавоб излашнинг завқи бошқача.
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Муяссар Раҳимова “Ishonch” газетаси билан йигирма олти йилдан буён дўстона муносабатда эканини таъкидлади.
- Касаба аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилишга оид кўплаб масалаларни “Ishonch” ёрдамида ҳал қиламиз. У қўлимиз етмаган жойга сўзимизни етказувчи минбардир, -дейди М. Раҳимова. - Кейинги йилларда газета мазмун-мундарижаси ниҳоятда кенг қамровли бўлиб бормоқда. Дунёдаги воқеа ҳодисалар, халқаро майдонда кечаётган жараёнлардан тортиб, энг чекка ҳудуддаги бошланғич касаба уюшма қўмитаси фаолиятигача, барчаси қамраб олинмоқда. Газета тарих ва келажак ўртасида кўприк вазифасини ўтамоқда.
Масъул ташкилотчи ҳар ойда газетанинг бир саҳифасини бирон тармоқ ёки вилоят касаба уюшмалари фаолиятига бағишлаш таклифини илгари суриб, бу ўзаро тажриба алмашишга, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини янада жонлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
– Журналист сифатида ўз ўрнимни топишимда “Ishonch”нинг ҳиссаси катта. Талабалик давримда таҳририятда кўп бўлганман, устозлар сабоғини олганман. “Ishonch”да мақолам чоп қилиниши мен учун байрам эди. Бугун ҳам газетани мунтазам ўқиб бораман. Унда эълон қилинаётган танқидий-таҳлилий мақолалар, саволлар қанчадан қанча муаммоларга ечим бўлаётганини кўряпмиз, - дейди ХДП Хоразм вилоят кенгашининг матбуот котиби Назокат Машарипова.
Умуман, Хоразмдаги ижодий учрашув шу каби фикр-мулоҳазаларга бой кечди. Иштирокчиларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб қайтарилди.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0