Кайфият фасли
Фасллар алмашаётган кезларда инсон умрининг нақадар ўткинчи эканлиги ҳақида ўйлайсан киши беихтиёр. Шу маънода, сентябрь кузнинг бошқа ойларидан фарқли ўлароқ, жуда кўп жиҳатлари билан ҳар томонлама фарқланиб туриши эътиборлидир.
Айримлар сентябрни кексалик томон қўйилган илк қадамга қиёслашади. Йўлдаги тасодифий ҳамроҳим мактабга боришни истамай, зўрға қадам ташлаётган жажжи болакайнинг қўлидан тутиб, судраб кетаётган меҳрибон опага ўхшатганда нималарни ҳис қилгани ёлғиз ўзига аён.
Бир дўстимнинг «Сентябрга ҳузун ярашади. Ҳузунимизга эса дуо муносиб», дегани ёдимга тушади.
Сентябрь ҳар кимнинг тасаввурида ўзига хос из қолдиргани учун ҳам янада жозибалидир балки...
Баҳорни ёмғирсиз тасаввур қила олмаймиз. Баҳор ёмғирларида ҳатто соябонсиз ҳам қувнаб, яйраш мумкин. Лекин нимага сентябрь ёмғирининг кишига таъсири ундан-да кучли? Ахир сентябрда ёмғир ёғаётганда ҳеч ким рақсга тушмайди-ку. Ёки қувонч ва қайғу ҳақида узундан-узоқ ҳикоялар айтадими бизга сентябрь ёмғирлари?
Қия очилган деразадан ташқарига қараб ёмғирли кунда кўрганингиз – онда-сонда она дарахтни ноилож тарк этаётган яшил барглар, юзларингизга изнсиз урилаётган томчилар, қўшни аёлнинг пуштиранг кўйлакда йўлакка чопиб чиққанча қайтиб, қалинроқ кийиниб кўриниш бергани – ҳамма-ҳаммаси сирли воқеалар сингари кайфиятингизга таъсир қилади...
Сентябрь ёмғирлари ҳақида фикрини сўраганимда бундан йигирма йиллар олдин уни ёлғончи ошиққа ўхшатган энг яқин инсонларимдан бири «Меҳр сўзланмайди», деганди менга қатъий... Бу жавоб менга жуда манзур бўлган бўлса-да, қандайдир, балки фақатгина мен учун ҳамон мавҳум ва сирлидай туюлаверади...
Шундан буён сентябрь кайфият фасли эканлигига ҳар доим ишониб келаман. Бу ишонч шу даражадаки, ҳатто сокин хиёбонлардаги (менинг тасаввуримда) маҳзунлик ҳам менга қувончдан унсиз ҳикоялар сўзлаётгандек туюлаверади.
Ниҳоят, хиёбон бўйлаб ёлғиз ва пиёда сайр қиларканман, телефонимдан ҳар доим эшитиб юрадиганим, «Наҳотки яна куз?!», дея бошланадиган шеър сеҳридан яна мутаассир бўламан. Бутун таассурот ва туйғуларим кузнинг дийдорига маҳлиё бўлиб, жозибали овози билан бу фаслни мукаммал тавсифлашга эришган шоира қизнинг ҳайратларига қўшилиб кетади...
Шерзод АБДУСАМАДОВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0