Дунёдаги энг бой ёзувчи ёки Гарри Поттерни “кашф қилган” аёл
У жаҳоннинг энг бой ёзувчиси деган номга эришиш учун узоқ йўлни босиб ўтди. Дастлаб онасини йўқотди, биринчи турмуш муваффақиятсиз кечди, оддий котиба бўлиб ишлади, аммо тўхтаб қолмади.

Қаҳрамонимиз, британиялик ёзувчи Жоан Роулинг китоб ёзиб миллиардер бўлишга яққол мисол саналади. Кўпчилик биладиган адабий қаҳрамон Гарри Поттернинг маънавий “онаси” саналган ёзувчи аёлнинг бугунги бойлиги 1 миллиард доллардан ошади.
Жоан Роулинг 1965 йил 31 июлда Англиянинг Йейт шаҳрида оддий оилада дунёга келган. Унинг отаси Питер Жеймс Роулинг Rolls-Royce компаниясида ишлаган, онаси Энн Роулинг эса уй бекаси эди. Бўлажак ёзувчи икки ёшга тўлганида синглиси Диана дунёга келди. 1969 йилда оила Винтербурн қишлоғига кўчиб ўтди. Қизчанинг болалиги деярли ташвишсиз ўтган, буни Жоаннинг кўплаб фотосуратлари тасдиқлайди. Роулингнинг ўзи ҳам болалигини ҳар доим табассум билан эслайди, чунки ота-она ўз болаларига жуда ғамхўр эди. Айнан улар қизда адабиётга муҳаббат уйғотишган.
Жоан ўзининг биринчи ҳикоясини олти ёшида ёзган ва ҳеч қачон ёзишни тўхтатмаган. 1974 йилда Роулинг оиласи Тутшилл қишлоғига кўчиб ўтди. Бу кўчиш тўққиз ёшли қиз учун ҳақиқий зарба бўлди, чунки Жоан мактабдаги дўстларини жуда яхши кўрар ва қадрларди. Олти йил ўтгач, ёш ёзувчининг ҳаётида фожиали воқеа юз берди: онаси склероз билан касаланди. Кейинги ўн йил ичида касаллик авж олди ва у вафот этди. Энг яқин инсонини дафн этгандан сўнг, 1990 йилда Жоан Тутшиллни тарк этиб, Лондонга кўчиб ўтишга қарор қилди. Француз тилшунослиги бўйича диссертациясини тугатгандан сўнг, у Amnesty International ташкилотида котиба лавозимига ишга кирди. Шу даврда Роулинг биринчи марта оила қурди ва улар Манчестерга кўчиб ўтишди. Ёзувчи айнан Манчестердан Лондонга кетаётган поездда машҳур думалоқ кўзойнак таққан сеҳргар бола — Гарри Поттерга ўхшаш чеҳрани учратганини ва уни китобларида тасвирлаганини айтади.
Айнан Гарри Поттер ёзувчи фаолиятининг чўққиси ва пойдеворига айланди. Роулингнинг карьераси биринчи китоб – “Гарри Поттер ва файласуф тоши” (1997) нашр этилиши билан бошланган деб ҳисобланади. У дастлаб мингта нусхада сотилди. Шу йил ноябрда кутилмаганда бу китоб Nesyle Smarties китоб мукофотига сазовор бўлди. 1998 йилда Роулинг халқаро миқёсда тан олинган Вritish Book Award мукофотига сазовор бўлди. Унинг асарининг бундай муваффақияти ва эътирофидан сўнг, Қўшма Штатларда ким ошди савдоси ўтказилди, унда “Фалсафа тоши” нашриёт ҳуқуқи сотувга қўйилди. АҚШ нашриёти Scholastic Incorporation 105 000 доллар тўлаб, тендерда ғолиб чиқди. 1998 йил ёзида эса асарнинг давоми бўлган “Сирлар хонаси” нашр этилди; 2000 йилда учинчи китоб – “Гарри Поттер ва Азкабан асири” нашр этилди. Тўртинчи китоб – “Олов қадаҳи” барча савдо рекордларини янгилади ва 24 соат ичида 373 000 нусхада сотилди. Машҳур асарнинг бешинчи қисми “Гарри Поттер ва Феникс ордени” 2003 йилда нашр этилди. Икки йил ўтгач, олтинчи китоб “Гарри Поттер ва зоти паст шаҳзода” 24 соат ичида 9 миллион нусхада сотилиб, аввалги барча савдо рекордларини янгилади. 2007 йилда сеҳргар бола ҳикоясининг еттинчи қисми “Ўлим туҳфалари” якунланди.
Бугунги кунга қадар фантастик достоннинг барча етти қисми бир неча ўнлаб тилларга таржима қилинган. Бундан ташқари, Роулингнинг романлари ажойиб фильмларга мослаштирилди, уларни режиссёрлар Крис Колумбус, Альфонсо Куарон ва Дэвид Йейтслар экранлаштирди. 2016 йил ёзида Лондонда “Гарри Поттер ва лаънатланган бола” спектакли премьераси бўлиб ўтди. Кўплаб миш-мишлар ва мухлисларнинг тахминларидан фарқли ўлароқ, бу асар романнинг тўлиқ саккизинчи қисми эмас, балки театрлаштирилган спектакль сценарийси эди. “Лаънатланган бола”нинг асл муаллифлари Жек Торн ва Жон Тиффанидир. Асар “Ўлим туҳфалари” воқеаларидан 19 йил ўтиб содир бўлган янги ҳикоя саналади.
Гарри Поттер ҳақидаги романлардан ташқари, муаллиф бошқа асарлари билан ҳам танилган. “Фантастик махлуқлар ва уларни қаердан топиш мумкин” – бу Нют Скамандер тахаллуси остида нашр этилган ягона китоб саналади. Бу гўёки сеҳрли зоология бўйича дарсликдир. Роулинг китоб савдосидан тушган маблағнинг катта қисмини (тахминан 13 миллион фунт стерлинг) йирик болалар хайрия ташкилотларига хайрия қилган.
Роберт Гелбрейт тахаллуси билан нашр этилган хусусий детектив Корморан Страйк ҳақидаги асарлар ҳам катта шов-шувга сабаб бўлди. Бу туркумга “Ипак қурти”, “Ёвузлик хизматида” ва “Бузуқ қон” ва бошқа асарлар киради. 2016 йилда ушбу сериянинг дастлабки учта китоби “Страйк” телесериалига мослаштирилиши эълон қилинди. 1-мавсум премьераси 2017 йил августда бўлиб ўтди.
2020 йилда ёзувчи мухлислари унинг Гарри Поттердан кейинги биринчи болалар романи “Икабог”ни юқори баҳоладилар. Жоаннинг ўзи айтганидек, бу асар деярли 10 йил олдин, Поттер ҳақида китоблар чиққан вақт оралиғида ёзилган. Романни тугатгандан сўнг, муаллиф ижодий танаффус қилишга қарор қилди ва уни нашр этишни кейинга қолдирди, фақат фарзандларига ўқиб берди. 2021 йил апрель ойида британиялик ёзувчи янги болалар китобининг чиқарилишини эълон қилди. Ҳикоя йўқолган севимли ўйинчоғини қидириш учун йўлга чиқадиган Жек исмли боланинг саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилади.
2024 йил май ойи бошида Роулинг ўзининг Корморан Страйк ҳақидаги детектив сериясига яна олтита китоб қўшишни режалаштираётгани ҳақидаги эълон билан мухлисларини хурсанд қилди. Time нашрига берган интервьюсида британиялик ёзувчи биринчи китоб устида иш бошлаганини, қолганлари эса кейинроқ ёзилишини тан олди. “Гарри Поттер” муаллифи шунингдек, янги ҳикоялар учун ғоялар кутилмаган жойларда ва вазиятларда, масалан, ошхонада овқат пишираётганда пайдо бўлишини таъкидлади. Бу изоҳ бошқа бир машҳур ёзувчи Агата Кристининг детектив ҳикоялари учун сюжетларни идиш юваётганда ўйлаб топиш ҳақидаги сўзларини эслатади.
Жоан Роулингнинг энг катта муваффақиятларидан бири ёзувчиликдан катта молиявий фойда топа олгани саналади. Роулингнинг адабий мероси қиймати юзлаб миллиардлаб долларга етади ва Гарри Поттер брендининг ўзи 15 миллиард долларга баҳоланган.
2010 йилларнинг охирларида, унинг катта хайрия ишлари туфайли (ўша пайтга келиб, муаллиф болалар хайрия ташкилотларига 160 миллион доллардан ортиқ хайрия қилган эди), у вақтинча миллиардерлар рўйхатидан чиқиб кетди. Аммо тез орада нашрлар, фильм сценарийлари ва бошқа даромадлар туфайли ўз мавқеини қайтариб олди. 2021 йилда The Sunday Times Роулингнинг шахсий бойлигини 1,1 миллиард долларга баҳолади. Миллиардер аёл Шотландиядан XIX асрга оид қаср ва Лондоннинг бой маҳалласидан 57 миллион долларга уй харид қилган. Роулинг шунингдек, ҳашаматли яхта сотиб олди (бу яхтанинг аввалги эгаси машҳур актёр Жонни Депп бўлган).
Ёзувчининг асосий севимли машғулоти саёҳат қилиш ҳисобланади. Ижодкор интервьюларидан бирида бунинг учун маблағни аямаслиги ҳақида гапириб ўтган. 2025 йил июл ойида 60 ёшини нишонлаган Ж.К. Роулинг янги асарлар устида ишлашда давом этмоқда. Шунингдек, унинг аввалги асарларига нисбатан ҳам жамоатчиликнинг қизиқиши кучли бўлиб қолаётир.
Аброр Зоҳидов
Ishonch.uz







