«Ватан» журнали АҚШдан хушхабар олди: энди уни Америкадаги ватандошларимиз ҳам ўқийди
АҚШнинг Филаделфия шаҳрида фаолият юритаётган “Vatan Global Alliance” жамоат ташкилоти ва “Ватан” журнали таҳририяти ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Мазкур келишув ўзбек миллий нашрининг Америкада истиқомат қилаётган ватандошларимизга мунтазам етиб боришида муҳим қадам бўлди.
Меморандумга кўра, энди “Ватан” журнали АҚШда яшаётган юртдошларимизга доимий равишда етказиб берилади. Бу хабар океан ортида истиқомат қилаётган ватандошларимиз учун қувончли воқеага айланди. Зеро, Ватандан узоқда яшаган инсон учун юрт нафасини, ундаги янгиликлар ва миллий ҳаётни акс эттирган нашрни қўлга олиш алоҳида аҳамият касб этади.
АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар “Ватан” журнали саҳифалари орқали юртимиздаги воқеалар, замондошларимиз ҳаёти, миллий қадриятлар, маданият ва маънавият, шунингдек, мамлакатимиздаги янгиланишлар ҳақида мунтазам хабардор бўлиб боради.
Энг қувонарлиси, “Vatan Global Alliance” мутасаддилари журналга келаси йил учун обуна ташкил қилишни ўз зиммасига олди. Бу эса “Ватан”нинг Америкадаги ватандошларимиз хонадонларига бир марта эмас, балки мунтазам равишда кириб боришини таъминлайди.
Шу маънода, “Ватан” журнали АҚШда истиқомат қилаётган ўзбеклар учун доимий ўқиладиган ўзбек миллий нашрларидан бирига айланиши кутилмоқда. Бу эса миллий матбуотимиз аудиториясининг хорижда ҳам кенгайиб бораётганидан далолатдир.
Ўз навбатида, “Ватан” журнали таҳририяти ҳам хориждаги ватандошларимиз ҳаётига бефарқ эмас. Энди АҚШда яшаётган юртдошларимизнинг фаолияти, ютуқлари, ташаббуслари, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш йўлидаги эзгу ишлари журнал саҳифаларида мунтазам ёритиб борилади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0