Касаба уюшмаси ходимлари музейда
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши ходимлари учун Навоий давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейига саёҳат ташкил этилди.
Ташриф чоғида иштирокчилар музей экспозицияларида намойиш этилган тарихий ёдгорликлар, миллий қадриятларни ифодаловчи артефактлар, халқ амалий санъати намуналари, қадимий қўлёзмалар ҳамда археологик топилмалар билан яқиндан танишдилар.
Музей директори Хуршид Қурбонов уларга вилоятнинг кўҳна тарихи, маданий мероси, турли даврларга оид артефактлар ва музейда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳақида атрофлича маълумот берди.
– Музейга саёҳат нафақат билим, балки янги таассуротлар манбаи бўлди, – дейди бўлим етакчи мутахассиси Сарвиноз Қодирова. – Очиғи, биз ўзимизни тарихий жараёнларнинг бир қисмига айлангандай ҳис қилдик. Кенг қамровли маълумотлар эса маданият ва тарихга бўлган қизиқишимизни янада оширди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бу каби саёҳатлар белгиланган режа асосида давом эттирилади. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Навоий давлат педагогика институти тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги 936-сонли қарори асосида ташкил қилинган.
Умид Худойқулов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0