Келар йўлларимизга кўзлари нигорон бўлиб кутаётган, опа-сингиллар
Улуғларнинг айтишича, опа-сингилни йўқлаб ҳосилга кириб турган буғдойзор оралаб борилса ҳам гуноҳ бўлмас экан. Ёки йўлда кетаётганда “Анави қишлоқда синглим яшайди”, дея ўша томонга нигоҳ ташлаб қўйган одамнинг юзини дўзах ўти куйдирмас экан.
Мухторжоннинг қўлида гулдай ҳунари бор. Пардозлаш ишларида унинг олдига тушадигани йўқ. Камига уч кунда бир марта қайсидир ташкилотда қоровуллик ҳам қилади.
Шу кунларда синглиси Адолатхон қизини унаштириб, куёвга узатиш арафасида. Мухторжон унинг якка-ю ёлғиз жигари – акаси. У бундай вақтда қўл қовуштириб четдан кузатиб туришни ўзига эп кўрмади.
Бир қарасангиз, қурилиш моллари дўконига шошган, яна бир қарасангиз, синглисининг уйини таъмирлаш билан овора. Бир ҳафта деганда, деворлари нураб, қаровсиз ҳолга келиб қолган уйлар ярақлаб, одамнинг кўзини қувнатадиган даражада файз кирди.
Адолатхон қувончдан ўзини қўярга жой тополмай қолди. Ахир, қувонмай бўладими, тўй арафасида ҳали-бери тугамайдиган ташвишлари ариди. Ёлғизгина акаси, дадасидан қолган ёдгорининг кўмагидан кўзларига ёш инди.
– Тоғдай таянч бўлган, акажоним.., – деди-ю бошқа гапиролмади. Юраги тўлиб, кўзларидан дувуллаб оқаётган ёшлари юзларини ювди.
Шу дамда раҳматли отажониси тирилиб келгандай бўлди.
– Ия, нимага йиғлайсан, кўз ёш қилма, жон синглим. Имкон топиб, тўй базмини ҳам ўзим ўтказиб бераман. Сен фақат ортиқча ташвиш чекма, мен борман, – деди Мухторжоннинг кўнгли бўшаб.
Мана шу бир оғиз гапи синглисининг кўнглини тоғдек кўтарди.
Улуғларнинг айтишича, опа-сингилни йўқлаб ҳосилга кириб турган буғдойзор оралаб борилса ҳам гуноҳ бўлмас экан. Ёки йўлда кетаётганда “Анави қишлоқда синглим яшайди”, дея ўша томонга нигоҳ ташлаб қўйган одамнинг юзини дўзах ўти куйдирмас экан.
Келинг, ҳеч бўлмаганда бугун дунё ташвишларини унутинг-да, опа-сингилларингизни зиёрат қилинг. Сиз билан биз тирикчилик ташвишлари билан бўлиб, уларни эслашни ҳам унутгандирмиз. Улар эса йўлимизга кўзлари нигорон бўлиб бизларни кутаётгандир...
Анваржон ҲАЛИМОВ
“ISHONCH”
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0