Жанг майдонидаги сержант: ўнлаб аскарларнинг ҳаётини асраб қолган ит
Тарихда ўзининг ғайритабиий қобилияти, характери ва садоқати билан ном қолдирган жониворлар бор. Ўлимига қадар эгасини кутган ит Хатико бунга ёрқин мисол бўла олади. Қизиғи, итлар фақат садоқат рамзи эмас, қутқарувчи, жангчи вазифаларини ҳам эплаган. Бугун биз бир қизиқ жонивор тарихини кўриб чиқамиз.
У ҳақиқий жангларда қатнашган, дунёнинг энг йирик муҳорабаларидан бири бўлган Биринчи жаҳон уруши майдонларида бўлган. Кўрсатган хизматлари учун эса сержант рутбаси билан тақдирланди. Стабби лақабли ит ўз ҳаракатлари билан бир нечта аскарларни қутқарди ва урушдаги энг машҳур ҳайвонга айланди.
1917 йил июн ойида АҚШ армиясига чақирилган, Коннектикут штатининг Нью-Хейвен шаҳрида жойлашган Йель университети ҳудудида ҳарбий хизмат учун тайёргарликдан ўтаётган Жон Роберт Конрой адашиб қолган итни ўз қарамоғига олди. Кўринишидан Бостон терери ва питбултерер зотига тортувчи ёш ит ўзининг аждодларидан кичкина бўлса ҳам, мушак танаси, кучли жағлари, ажойиб жозибаси ва ақл бовар қилмайдиган ўргатиш қобилиятини мерос қилиб олди. Ит “Калта” маъносини берувчи лақабини у билан деярли барча бўш вақтини ўтказган янги эгасидан олган. Конройнинг қатъияти ва ақл-заковати туфайли Стабби ҳарбийча юришни ўрганди, армиядаги огоҳлатирувчи товуш ва садоларни таний бошлади ва ҳатто ўнг олдинги панжасини ўнг қошига кўтариб салом беришни ўрганиб олди. 1917 йил кузида Жон “Янки” 26-пиёда дивизиясининг 102-полкига қабул қилинди ва “СС Миннесота” кемасида Европага юборилди.
Бортда ҳайвонларнинг бўлиши тақиқланганлиги сабабли, Конрой яширинча, денгизчилар билан тил бириктирган ҳолда итни бортга олиб келди ва уни кўмир жойлаштирилган хонада бир муддат яшириб қўйди. Лекин зобитлар уни барибир пайқаб қолдилар, аммо итнинг ҳарбийча салом бериши уларни ҳайратда қолдирди. Стабби ўз феъл-атвори орқали ҳарбийлар сафига қўшилди ва қўмондонликнинг махсус буйруғи билан аскарларни фронтга кузатиб бориш вазифасини бажара бошлади.
102-полк ўзининг биринчи жангини 1918 йил 5 февралда Суассон шимолидаги Чемин-де-Дам ҳудудида бошлади. Кайзер Германияси қўшинлари душманни илиқ кутиб олишмади ва америкаликлар бир ойни туну кун кучли артиллерия ўқлари остида ўтказдилар. Стабби бу ноқулай муҳитга тезда кўникиб қолди ва доимий шовқин ва яқин атрофдаги портлашларга чидади. Кўп ўтмай, ит ўзининг биринчи жанговар жароҳатини олди - у заҳарланди. Яхшиямки, энг яқин шифохонада ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам унинг ҳаётини сақлаб қолди. Соғайиб кетганидан сўнг, у нафақат махсус итларга мўлжалланган газ ниқоби билан, балки заҳарли моддаларга нисбатан кучли идрок билан ҳам фронтга қайтди.
Навбатдаги газ ҳужуми пайтида, 1918 йил 6 март куни эрта тонгда, ит хандақлардан югуриб ўтиб, жангчиларни бўлажак газ ҳужумидан огоҳлантирди, аскарлар газ ниқобларини кийиб, бошпаналарга яширинишга муваффақ бўлишди. Ўз вақтида кўтарилган сигнал туфайли кўплаб аскарлар заҳарланиш ва ҳатто ўлимдан қутулиб қолишди.
Стаббининг асосий хизмати ҳар бир ҳужум ёки жангдан кейин ярадор аскарларни нейтрал ҳудудда қидириб топиш эди. У инглиз тилида ёрдам сўраганларни, зўрға эшитиладиган овозларни ҳам топарди, уларнинг олдига югурарди ва топилма ҳақида шифокорларга баланд овоз билан хабар берарди. Шундай қилиб, энг камтар ҳисоб-китобларга кўра, ит ўнлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Худди шу тарзда у полк позицияларига яқинлашган немис жосусини ҳам тутди. Жосус тасодифан буталарга тегиб кетган ва ит дарҳол уни пайқаган. Душман аста жўнаб қолишга қарор қилди, аммо бунга эриша олмади, ит унинг оёғини тишлаб олди, йиқитди ва америкалик аскарлар етиб келгунига қадар тинмай баланд овоз билан ҳужумга ўтди. Ушбу жасорати учун қаҳрамон сержант унвонига сазовор бўлди ва шу тариқа АҚШ армиясида бундай шарафга сазовор бўлган биринчи ҳайвон бўлди.
1918 йил апрель ойида Стабби Сешпрега ҳужум вақтида оғир жанглар ўтказди. Немисларнинг кучли қарши ҳужумини қайтариш пайтида ит қўл гранатаси портлаши сабаб кўкраги ва панжаларида кўплаб жароҳатлар олди. Полкнинг севимлиси дала касалхонасига ётқизилди, у ерда ундан барча шрапнеллар олиб ташланди, сўнгра тўлиқ реабилитация қилиш учун Қизил Хоч шифохонасига юборилди, у ерда ҳам ит ярадор аскарларнинг руҳи ва жанговар руҳини кўтаришда давом этди.
1918 йил 18 июлда 102-полк Шато-Тьерри шаҳрини тез ва қон тўкишларсиз озод қилганига миннатдорлик рамзи сифатида аҳоли итга махсус тикилган замш пальто совға қилишди, бу унинг асосий кийимига айланди ва унга кўплаб ҳарбий мукофотларни тикиб қўйишди.
Уруш тугашидан олдин Стабби Марнадаги иккинчи жангда, Меусе-Аргон ҳужумида, Сент-Михаэл жангида ва бошқа 14 та жангда қатнашишга муваффақ бўлди. Уруш тугагач, у яна ноқонуний равишда ватанига олиб кетилган. Қўшма Штатлар аҳолиси думли қаҳрамонни муносиб кутиб олди ва жонивор ёқимли шон-шарафга бурканди. Стабби Америка экспедиция кучлари қўшинлари шарафига ўтказилган ҳарбий парадда қатнашди, президент Вудро Вильсон билан таништирилди, Оқ уйга икки марта ташриф буюрди. Президентлар Хардинг ва Кулиж билан учрашди, Америка ва Франциянинг кўплаб мукофотларига сазовор бўлди: АҚШ Гуманитар Жамиятининг олтин медали, “Бинафша юрак”, Франциянинг “Катта кампанияси” медали шулар жумласидандир.
У Америка легионига аъзо бўлди, Жоржтаун университети футбол жамоасининг рамзига айланди. Шуҳрат хиёбонида унинг шарафига ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди.
Стабби 1926 йил 16 мартда, ёрқин воқеаларга бой ҳаёт кечиргандан сўнг, ўз эгасининг қўлида вафот этди. Жонивор тўққиз йил умр кечирди, аммо тарихда эсланадиган ишларни амалга оширишга муваффақ бўлди.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0