Кофе ичадиганларда ёғ камроқ, мушак кўпроқ бўлиши мумкин

13:09 | 22.08.2026
202
Кофе ичадиганларда ёғ камроқ, мушак кўпроқ бўлиши мумкин
Катталаштириш

Кофе нафақат уйғоқлик ва сергакликни оширади. Финляндиядаги Оулу университети олимлари тадқиқоти унинг тана таркиби ва моддалар алмашинуви билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатди.

Олимлар ўртача 46 ёшдаги 2264 нафар инсон маълумотларини таҳлил қилиб, уларнинг кофе истеъмоли, тана таркиби, метаболик кўрсаткичлари ва гормонларини ўрганган.
Натижаларга кўра, кўпроқ кофе истеъмол қилганларда умумий тана ёғи ва қориндаги висцерал ёғ миқдори камроқ, скелет мушаклари эса кўпроқ бўлган. Бу фарқлар BMI кўрсаткичи ўхшаш бўлган иштирокчиларда ҳам кузатилган.

Шунингдек, кофе кўпроқ ичадиганларда қондаги айрим аминокислоталар миқдори пастроқ бўлган. Уларнинг юқори даражаси аввалги тадқиқотларда инсулинга чидамлилик ва 2-тур қандли диабет хавфи билан боғланган.
Гормонал кўрсаткичларда ҳам фарқлар аниқланган.

Эркакларда кофе истеъмоли юқорироқ бўлиши тестостерон ва SHBG даражасининг юқорилиги билан боғланган.

Аёлларда эса асосий фарқлар SHBG ва эркин андрогенлар кўрсаткичларида кузатилган.
Муҳими, тадқиқот кофе ичиш ёғни камайтиради ёки мушакни кўпайтиради, деган сабаб-оқибатни исботламайди. У фақат кофе истеъмоли, тана таркиби, метаболик жараёнлар ва айрим гормонал кўрсаткичлар ўртасида боғлиқлик борлигини кўрсатади.
Олимлар кофе организмга қандай таъсир қилишини ва бу боғлиқликлар ортида қандай механизмлар турганини янада ўрганишда давом этмоқда.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ

Мақолага муносабат

435 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади