ЛУЗУМСИЗ КЎЗЛАРДАГИ ДАҲШАТ ёхуд яна зомбилар ҳақида
Неча замонлардан бери сукунат оғушида ётган кўҳна қабристон қоқ ярим тунда туйқусдан ларзага келди. Аввалига катта-кичик мозорлар бирин-сирин ўпирилиб, чор-атрофни чанг-тўзон қоплади. Сўнгра тобутлар қасира-қусур синиб, ичидан мурдалар қад ростлай бошлади. Уларнинг кўринишлари ниҳоятда қўрқинчли эди. Мадорсизликдан оёқларини зўр-базўр судраб босардилар. Уст-бошлари худди полиз қўриқчилариникидай шалвираб, осилиб турарди. Тош қотган юзларида бирон-бир маъно ифодаси сезилмасди. Кўзлари эса, дунёнинг ишларидан ажабланган кўйи терак шохига илиниб қолган тўлин ойнинг хира нурида совуқ ялтирарди.
Шарпа мисоли сас-садосиз ҳаракатланаётган мурдалар кўп ўтмай бир жойга тўпландилар. Кейин ғойибдан келган топшириқни бажаришга шайланган лашкардек сафга тизилдилар. Тўда-тўда бўлиб, ҳов узоқда кўзга ташланиб турган шаҳар томон йўл олдилар.
Индамаслар мамлакатидаги бу шовқин-суронсиз ғалаёнлардан тириклар мутлақо бехабар эдилар. Чунки айни дамларда улар ғафлат уйқусида ётардилар...
Азиз муштарий, асло ваҳимага берилманг, ортиқча хавотирга ҳам тушманг. Ақл бовар қилмас бунақа даҳшатли воқеа ҳозирга қадар Ер куррасининг бирор нуқтасида рўй бергани йўқ. Иншооллоҳ, рўй бермасин ҳам. Юқорида ўқиганларингиз эса, шунчаки хаёлот маҳсули. Янаям аниқроғи, зомбилар ҳаётига бағишланган “Тирик мурдалар намойиши” фильмидан бир лавҳа, холос.
Бас, шундай экан, қолгани ўз-ўзидан тушунарли, адабий ва тасвирий санъат асарларида олға суриладиган ғоялар баъзан ҳаётийликдан бирмунча йироқ бўлади. Ишониш қийин бадиий тўқималар ва уйдирмаларга қоришиб кетади. Аммо ҳар қандай ҳолатдаям бир нарсани унутмаслик жоиз: нечоғли рост-ёлғонлигидан қатъи назар, миш-мишлар замирида маълум даражада ҳақиқат аломатлари ётади. Масалага шу жиҳатдан ёндашсак, ҳақли бир савол туғилади: хўш, “Тирик мурдалар намойиши” фильмида акс эттирилган мудҳиш манзаралар, юқорида айтганимиздек, бошдан-оёқ нуқул бадиий тўқималардан иборатми? Улардан лоақал бирортаси ҳақиқатга тўғри келмайдими?
Бу каби саволларга жўяли жавоб топиш учун, бизнингча, зомбилар ҳаётини кузатиш, уларни ўз кўзи билан кўрганлар фикр-мулоҳазасини тинглаш фойдадан холи бўлмайди. Ҳар қалай, ҳақиқат баҳсларда туғилади, адолат қиёсларда юзага чиқади, деган гаплар бежиз айтилмаган.
Энди муддаога ўтайлик. Аввало, зомбига айланган одамни учратган Уилям Сибрук сўзларига қулоқ тутайлик.
– Менинг кўриб турганларим сароб ҳам, туш ҳам эмасди, – дейди у ҳикояси аввалида. – Қаршимдаги мавжудот, хоҳ ишонинг-хоҳ ишонманг, тирик одам эди. Бироқ суратидангина шундай эди, сийратидан эса... Унинг кўзлари бамисоли мурданики мисоли муз қотганди. Улар бир қарашда сўқирга ҳам ўхшамасди. Фақат битта кескин фарқи бор эди – ҳамма нарсани кўриб турса-да, амалда ҳеч нарсани пайқамасди. Ён-атрофга ўта бепарво боқарди. Юзлари ҳам нигоҳлари сингари тунд ва туссиз эди. Ҳар қанча тикилманг, улардан бирор-бир маъно уқиб олишингиз даргумон эди.
Бинобарин, зомбининг қисмати ўта ачинарлидир. Ҳолбуки, аслида у ҳам ҳамма қатори ҳаракатланади, овқатланади, гапиради. Лекин ўз ўтмишини заррача хотирлолмайди. Бугуни ва келажаги ҳақида ҳеч нарсани билмайди-билолмайди. У бир вақтлар кўнгил қўйган одамининг кўзларига тик боқади, аммо танимайди. Ҳатто ўз уйи ёнидан ҳам худди шундай – бепарво ўтиб кетаверади. Негаки, у ақл-идрокдан маҳрум этилган, таъбир жоиз бўлса, робот янглиғ темир одамга айлантирилган. Бир умр оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланишга, мудом чала уйқу ҳолатида яшашга маҳкум этилган. Энг даҳшатлиси, зомбига бу ёзуғни Худо ато этмаган, балки сизу бизга ўхшаган эсли-ҳушли, аммо разил ниятли афсунгарлар раво кўришган.
Америкалик таниқли адиба Зора Херстон зомби-одамни учратиш асноси уни тасвирга туширишга ҳам муяссар бўлган кишилардан. У бизни ўтган аср бошларига тааллуқли аччиқ бир ҳақиқатдан воқиф этади.
Адибанинг ҳикоя қилишича, 1909 йили Гаитида Мария исмли ниҳоятда гўзал қиз бевақт оламдан ўтади. Кутилмаган мусибатдан қадди дол бўлган ота-онаси уни барча расм-русумларини жойига қўйиб, дафн этишади. Лекин орадан беш йил ўтгач, қизнинг собиқ синфдош дугоналари ғалати гап топиб келишади. Гўёки Марияни тасодифан мамлакат пойтахти Порт-о-Пренс шаҳридаги уйлардан бирининг деразаси олдида турган ҳолатида кўришганини айтишади. Фарзанд доғида куйган отанинг қалбида алланечук илинж уйғонади. Излай-излай, ўша хонадонни топади. Уй соҳибига дил дардини айтади. Афсуски, мезбон унга бирон-бир маълумот беришдан қатъиян бош тортади. Бундан баттар ҳадиксираган ота кўнглига ғулғула тушади. У тергов идораларига мурожаат этади. Шунга кўра, ҳукумат вакилларидан иборат текширув гуруҳи тузилади. Гуруҳ аъзолари тинтув ўтказиш учун айтилган манзилга йўл олишади. Бироқ бу ерга етиб келишгач, анча кечикканликларини англашади. Уйда унинг эгаси ҳам, Мария ҳам йўқ эди. Иккиси худди қумга сингган сувдек ўзларидан бирор-бир из қолдирмай, қаёққадир ғойиб бўлишганди.
Қарабсизки, шаҳар бўйлаб бир-биридан ваҳимали миш-мишлар ўрмалай бошлайди: “Эшитдингми, Мария аслида ўлмаган, чалажон ҳолида кўмилган экан. Қандайдир афсунгар унинг мурдасини қазиб олиб, зомбига айлантириб қўйган экан...”
Начора, бадгумонлик иймондан эмас. Айби исботланмаган одам жиноятчи саналмайди. Ахийри, сўнгги чорани қўллашди. Ваҳимада қолган аҳолини тинчлантириш, далил-исботсиз ҳар хил гап-сўзларга барҳам бериш ниятида марҳума қиз қабрини очишди. Очишди-ю, ҳанг-манг бўлиб қолишди. Чунки тобут ичидан Мариянинг эмас, эгнига аёллар либоси кийдирилган новча бўйли, шахси ноаниқ одамнинг суяк қолдиқлари чиқди.
Ана энди бояқиш ота-онанинг аҳвол-руҳиясини ўзингиз бир тасаввур қилиб кўраверинг. Миш-мишлар қанчалик авж олганини эса, айтмай қўя қолайлик.
Шунга қарамай, Мариянинг ота-онаси, “Ноумид – шайтон!” деган ақидага амал қилишди. Қидира-қидира, қизларини топишди. Сўнгра уни доимо сукут сақлаб юришга онт ичган роҳиба қиёфасида Гаитидан номаълум томонларга олиб чиқиб кетишди.
Мутахассислар фикрича, бунақа ҳодисалар айнан Гаитида тез-тез учраши бежиз эмас. Ушбу мамлакат ҳудудлари бир вақтлар Франция вассаллигида бўлган. XVIII аср охирларида бу ерга Дагомея (ҳозирги Бенин)дан 400 мингдан зиёд африкалик қоратанли қул бадарға қилинган. Улар асосан вуду динига сиғинишган. Шу боис киндик қонлари тўкилган ватанларидан ва оилаларидан айро тушган бўлсалар-да, онг-шуурларига она сути каби сингиб кетган урф-одатларини унутмаганлар. Тўғри, вақти келиб, аксарияти католикликни қабул қилган. Шундай эса-да, барибир, унга ўз диний маросимларидан айримларини киритганлар. Албатта, Франция ҳукумати ғайритабиий кучларга ишонишга даъват этувчи вуду динини тақиқлади. Бироқ бу тақиқ амалда тескари самара берди, вуду дини янада оммавийлашишига, унга ихлос қўювчилар кўпайишига олиб келди.
Вудуда икки йўналиш бор. Биринчиси – ота-боболари сиғинган худога шак келтирмаслик ва унга эътиқод қўйиш. Иккинчиси эса тасаввуфий моҳиятга эга бўлиб, жодугарлик сирларини ўрганишдан, афсунгарлик билан шуғулланишдан, мўъжизаларга, жумладан, ўликларнинг қайта тирилишига ишонишдан иборатдир. Ушбу дин маросимларидан энг кўп тарқалгани тўнғизларни, товуқларни ва хўрозларни қурбон қилиш бўлган.
Вуду таълимотига кўра, одамзод жон таслим қилгач, руҳоний киши вужудни тарк этган руҳ учун ягона макон – муқаддас ҳисобланган махсус қути ясайди. Ота-боболарнинг ана шу қутига жойлаштирилган жони гўёки оила аъзоларини турли бало-қазолардан асрайди. Мушкул вазиятларда уларга маслаҳатлар бериб, йўл-йўриқлар кўрсатиб туради. Бироқ танани тарк этган жон янги маконига кўчиб ўтиш жараёнида баъзан иблиснинг ёки илоҳий қора кучлар воситасида мурдага жон киритувчи жодугарнинг қўлига тушиб қолиши ҳам мумкин. Бу ҳолда у бошқа бировнинг иродасига сўзсиз бўйсунишга мажбур бўлади. Афсунгарлар марҳумларни улардан қасос олиш ёки оғир қишлоқ хўжалиги ишларида арзон ишчи кучи сифатида фойдаланиш мақсадида қайта тирилтирадилар.
Зомбини фақат жодугаргина ярата олади. Шу ниятда қоронғи тушгани ҳамоно олдиндан мўлжаллаб қўйган қурбони уйига йўл олади. У ерга боргач, бирор тирқишга лабларини босиб бояқишнинг руҳини сўриб олади ҳамда уни шиша идишга жойлаштиради. Шундан сўнг кўп ўтмай қурбон хасталанади, озиб-тўзиб жон беради. Дафн маросимидан кейин – ярим тунда жодугар ёрдамчилари ҳамроҳлигида қабристон сари отланади. Гўрни очиб, руҳ қамалган шиша идишни қайта тирилтириладиган мурданинг димоғи остига тутади. Сўнгра уни ўзи яшаган уйи ёнидан олиб ўтадилар. Айтишларича, шундай қилинса, қурбон ҳеч қачон истиқомат қилган уйини эслолмас ва унга қайтиб боролмас экан. Зомбилаштиришнинг кейинги босқичида қурбон жодугарнинг уйига келтирилади ва унга махсус тайёрланган дамлама ичирилади.
Англиялик антрополог Френсис Хаксли бир зомби ҳақида ғаройиб ҳикояни сўзлаб берган. Унинг айтишича, ўша зомби ўз қишлоғи бўйлаб узоқ вақт мақсадсиз дайдиб юрган. Охир-оқибат полиция маҳкамасига келтирилган. Шунда бу ерда ишловчилар унинг аҳволини кўриб, ниҳоятда қўрқиб кетганлар ва кўчага ҳайдаб юборганлар. Орадан бир неча соат ўтгач, аллаким ичи ачиганидан унга шўр сув беради. Салгина ўзига келган зомби минғирлаган куйи ўзининг ва уни ўғрилаган сеҳргарнинг исмини айтади. Учинчи куни иккинчи бор бандаликни бажо келтиради ва абадул-абадга дафн этилади.
Турган гап, гаитиликлар одамни зомбига айлантирувчи сеҳргар-жодугарлардан қаттиқ қўрққанлар. Қандай бўлмасин, улар мурдаларни ўғрилаб кетмасликлари олдини олишга интилганлар. Шу сабабли ўзига тўқ хонадонлар соҳиблари яқинлари қабрини бетонлаб қўйишган. Камбағаллар эса қазо қилган жигарлари мурдасини ҳовлиларига ёки серқатнов йўллар бўйларига кўмишган. Зомбига айлантириш учун асосан янги ўлик зарурлиги боис қариндош-уруғлар қабр олдида маълум муддат кеча-кундуз навбатчилик ҳам қилишган. Баъзан эса майитни гўёки эскириб, айниб қолгандай қилиб кўрсатиш ниятида бошини бирор нарса билан атай тешганлар ёки жисмига заҳар юборганлар.
Бир замонлар Афлотун одамларни кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган воқеадан хабардор қилганди: “Памфилиялик Эр исмли аскар жангда шаҳид бўлганди. Унинг жонсиз танасини ўн кун деганда аранг топишди. Хайрият, қаттиқ совуқ туфайли мурда ҳали айнимаган экан. Уни ўз уйига келтиришди. Ювиб-тараб сўнгги манзилга кузатиш учун ҳозирлашди. Шунда қизиқ ҳодиса кузатилди. Гулхан учун тахланган ўтинлар устида ётган мурдага бирданига жон кирди...”
Англиялик ҳурматга сазовор роҳиб Беденинг гапига қараганда, Нортамбрайнсда Каннингем деган бир одам дабдурустдан дардга чалинади. Даво муолажалари унга кор қилмайди. Аҳволи кун сайин оғирлашаверади. Ниҳоят, дилгир бир оқшом жони узилади. Тонгда эса мўъжиза рўй беради. Марҳумга қайтадан жон битади. У қўққисдан оёққа қалқади. Маъракага йиғилганлар қўрққанларидан чор-тарафга тумтарақай бўладилар. Бечора Каннингемнинг ёнида ҳаяжондан қалт-қалт титраётган биргина инсон – эрини жондан ҳам ортиқ кўрувчи хотини қолади, холос.
Ўлган одамнинг қайтадан тирилиши билан боғлиқ сир-синоатларни тадқиқ қилувчи мутахассислар бундан анча йиллар бурун жонли бир фаразни олға сурдилар. Бу фаразнинг туб моҳияти қуйидагича: одам жисмидаги биологик жиҳатдан фаол талай нуқталар нурлантирилганда, танада бир-бирининг ичига солинган ёғоч қўғирчоқларни эслатувчи пардалар ҳосил бўлади. Бундан инсон вужуди кўзга кўринмайдиган ядролардан иборатлиги аёнлашади. Ўлим рўй берганда, ана шу ядролар емирилади. Бироқ бу жараён бирданига амалга ошмайди. Ядроларни ўраб турган пардалар батамом йўқолгунча, аниқроғи, мия томирларининг сўнгги марта уриши қайд этилишига қадар орадан 40 кун ўтади. Шу вақт оралиғида улар ташқаридан туртки-қувват олса, яна жонланади. Бу демак, марҳум ҳаётга қайтади.
Масалага шу жиҳатдан қарасак, зомби ҳаёт шами ҳали буткул сўнмаган, балки чуқур ўлим ҳолатига келган бўлади, нафас олиши сезилмайди. Ҳаял ўтмай, териси кўкариб, кўзлари ойнадай ялтираб қолади. Малакаси камроқ шифокор бу ҳолатни ўлим рўй берганига йўйиши ҳеч гап эмас. Жодугар-афсунгар эса худди ана шу вазиятдан унумли фойдаланади. Фурсатни қўлдан бой бермай, чала ўликни қабрдан кавлаб олади ва уни тирилтириб, зомбига айлантиради.
Тадқиқотчи-адиба Зора Херстон ёзади: “Биз зомбилар пайдо бўлишига доир назариянинг амалий якунларини узоқ вақт кузатдик. Пировардида ҳақиқий ўлим топганлар ҳеч қачон тирилмаслигига қатъий ишонч ҳосил қилдик. У ҳолда зомби ким дерсиз? У бор-йўғи чинакам ўлим ҳолатига жуда яқинлашиб қолган одамдир. Жодугарлар бизга номаълум қандайдир дорилар ёрдамида уни ҳаётга қайтарадилар. Ушбу дориларни тайёрлаш усули Африкада яратилган ва авлодлардан-авлодларга мерос бўлиб қолган. Дорилар, шубҳасиз, миядаги ақл-идрок ва нутқ толаларини заҳарлаб, ишдан чиқаради. Шу боис зомби фикрлаш қобилиятидан айрилади. Фақат бошқаларнинг хоҳиш-иродаларига итоат этадиган бўлиб қолади.
Хўш, бу қанақа дори? Харвард дорилфунуни этноботаниги У.Девис 1982 йили Гаитига ташриф буюрди. Шунда маҳаллий жодугарлар лотинчада доидон христрикс ёки сферидес тестудинеус деб аталувчи балиқдан оғу тайёрлашларини аниқлади. Бу балиқ болалар ўйнайдиган ҳаво шарчаларига ўхшаб кетади. Усти шохли-нинасимон тангалар билан қопланган. Улар асабни фалаж қилувчи заҳарга эга. Агар терига сурилса, узоқ ухлаш хасталигини келтириб чиқаради. Тайёрланган заҳар цианли калийга нисбатан 500 баробар кучлидир. У Гаитида салкам 400 йил муқаддам кашф қилинган. Ундан қуллар баъзан ўз душманларини ва зулмкор хўжаларини ўлдириш мақсадида фойдаланганлар”.
...Бу ўткинчи дунёга аслида ҳаммамиз ҳам беш кунлик меҳмону мезбонмиз. Эҳтимол, Аллоҳ одамзод ҳеч нарсадан тап тортмаслигини ҳисобга олиб, унинг умрини қисқароқ қилиб белгилагандир. Акс ҳолда, ким билади, бу дунё беқарору бесабр инсоннинг қилмишлари туфайли аллақачонлароқ алғов-далғов бўлиб кетармиди?
Абдунаби ҲАЙДАРОВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0