Мадуро биринчиси эмас: АҚШ томонидан ағдарилган давлат раҳбарлари
Янги 2026 йил бошланганига бир неча кун бўлганига қарамай, жаҳон сиёсати майдонида қайноқ воқеалар рўй бермоқда. АҚШнинг Венесуэла пойтахтига ҳужум уюштириб, мамлакат президенти Николас Мадурони қўлга олиши ва Нью-Йоркка олиб келиши кўпчиликни ҳайратда қолдирди. Мадуро ва Трамп муносабатлари бир йилдан буён ўта таранг бўлиб турган бўлсада, Қўшма Штатлар бундай кескин ҳаракат кутилмаган эди. Ваҳоланки, ўзи билан адоватда бўлган давлат раҳбарларининг тожу-тахтини кунпаякун қилиш АҚШга янгилик эмас.
Жаҳоннинг биринчи рақамли ҳарбий ва иқтисодий қудрати буни бир неча марта амалга оширган. Уларнинг айримлари НАТО байроғи остида қилинган, бироқ асосий ташаббускор ва ижрочи барибир АҚШ эди.
Саддам Ҳусайн
Саддам Ҳусайн давридаги Ироқ Мадуро Венесуэласига ўхшаб кетарди. Диктатор ҳукмдор, тугаб битмас нефт ва бошқа табиий бойликлар, лекин қашшоқ ҳамда эзилган халқ. 2001 йилги терактдан сўнг кичик Жорж Буш ҳукумати Афғонистонга кирди. Бироқ бунинг ўзи етарли бўлмади. Яқин Шарқдаги режимлардан бири бўлган Саддам Ҳусайн ҳокимияти нишонга олинди. У оммавий қирғин қуролларини сақлашда айбланди. Лекин Бағдод бирдан енгилмади. 2003 йил мартда Ироққа аскар киритган АҚШ апрелда Саддамни қулатди, у шу йил охирида топиб, қамоққа олинди. Судда у осиб ўлдиришга ҳукм этилди. Бироқ кўпчилик тахмин қилганидек, диктаторнинг қулаши Ироққа тараққиёт ва тинчлик олиб келмади.
АҚШнинг аралашуви Ироқда марказий ҳокимиятнинг заифлашувига олиб келди. Мамлакатда турли кучлар бош кўтарди, мазҳаблараро зиддиятлар кучайди. Ироқ уруши ҳозиргача миллиондан ошиқ кишининг ёстиғини қуритгани айтилади. Яна миллионлаб кишилар қочоққа айланди.
Мануэл Норьега
Бир пайтлар Панама президенти бўлган Мануэл Норьегага худди Мадуро каби наркотерроризмни қўллаш айби қўйилганди. АҚШнинг Панамага бостириб кириши (рамзий номи “Адолатли иш”) 1989 йил декабридан 1990 йилнинг январигача давом этди, ҳатто Панама Миллий Ассамблеяси томонидан 15 декабрда АҚШга уруш эълон қилинди. АҚШ Давлат департаментининг расмий баёнотида операция учун қуйидаги асослар келтирилди: Панамада АҚШ фуқароларини ҳимоя қилиш; Панама канали хавфсизлигини ҳимоя қилиш; Демократик йўл билан сайланган Панама ҳукумати амалдорларини қўллаб-қувватлаш;
Генерал Норьегани раҳбарлик лавозимидан четлаштириш ва уни жиноятчи сифатида судга тортиш (АҚШ судлари қарори асосида); Норьега ҳимояси остида фаолият юритувчи халқаро гиёҳванд моддалар савдоси тармоғини йўқ қилиш. Қўшма Штатларнинг Панамага бостириб кириши АҚШ ҳукуматининг назарий асос сифатида “демократияни тиклаш” ва “демократияни сақлаб қолиш” шиорларидан фойдаланган тарихдаги биринчи ташқи ҳужуми саналарди.
Муаммар Қаззофий (Каддафи)
2011 йилда Ливиядаги воқеалар чоғида Қаззофий режимининг қулашида НАТО ҳаво операциялари, жумладан, АҚШ ҳам ҳал қилувчи рол ўйнади. Қаззофий АҚШ томонидан тўғридан-тўғри қўлга олинмаган бўлса-да, халқаро аралашув унинг ҳокимиятдан кетишига йўл очди.
Қаззофий ғоявий жиҳатдан АҚШ хушламайдиган раҳбар эди ва 1969 йилдан буён Ливияни “темир мушти” билан бошқариб келарди. НАТО интервенцияси оқибатида унинг ҳокимияти бир йилга ҳам етмади. 2011 йил октябрида у ўз она шаҳри Сиртда исёнчилар томонидан ўлдирилди. Саддам Ҳусайн сингари Қаззофийдан сўнг Ливияда ҳам марказлашган давлат қарор топмади. Энг катта нефть захираларига эга бўлган Ливия давлатининг ҳозир ҳам бошбошдоқлик ва урушдан боши чиқмаяпти.

Слободан Милошевич (Югославия/Сербия)
АҚШ бошчилигидаги НАТО кучларининг Югославиядаги урушда ҳал қилувчи рол ўйнагани ва аралашуви зиддиятли муносабатларга бой. Айримлар НАТОнинг қонли урушни тезроқ ҳал қилганини олқишласа, айримлар бошқа бир мустақил давлат пойтахтини бомбардимон қилиш халқарор ҳуқуққа тўғри келмаслиги ҳақида бонг урарди.
1999 йилда НАТОнинг Сербияга ҳаво ҳужумлари ва ундан кейинги халқаро босим Милошевичнинг ҳокимиятдан қулашига олиб келди. Қўшма Штатлар ҳарбий ва дипломатик таъсир кўрсатган бўлса-да, ағдарилиш тўғридан-тўғри ҳаракат билан эмас, балки билвосита воситалар билан амалга оширилди.

Сальвадор Альенде
АҚШ фақатгина диктаторларни ағдармаган. Тарихда Америка томонидан қўллаб-қувватланиб ҳокимиятни эгаллаб олган авторитар давлат етакчилари ҳам бор. Шулардан бири Аугусто Пиночет эди. У расмий Вашингтоннинг кўмаги остида демократик йўл билан сайланган президент Сальвадор Альендени бошқарувдан четлатганди. Альенде социалист эди, ҳокимиятга келгач, йирик корхоналарни давлат ихтиёрига ўтказиш ҳаракатини бошлади. Табиийки, бундай ислоҳотлар АҚШни дарғазаб қила бошлади. Чилига қарши бир қатор иқтисодий чекловлар қўлланилди. Аммо мамлакат президенти тинч йўл билан ҳокимиятни топширишга рози бўлмагач, вазиятга ҳарбийлар аралашди.
Шу тариқа 1973 йил 11 сентябрда Чилида ҳарбий хунтага раҳбарлик қилган ва Америка Қўшма Штатлари кўмагида ҳокимият тепасига келган генерал Аугусто Пиночет томонидан ҳарбий тўнтариш амалга оширилди. Альенде Ла Монеда президентлик саройида вафот этган. Айрим талқинларга кўра, у ўз жонига қасд қилган бўлиши ҳам мумкин.
Жан-Бертран Аристид
Гаитининг бу президенти нақ иккита марта ағдарилган ва бир марта ҳокимиятни қайтариб олишга муваффақ бўлган. 2004 йил феврал ойида Гаити президенти Жан-Бертран Аристид мамлакатдан олиб чиқиб кетилганди (Мадуро каби). У 1991, 1994 ва 1996 йилларда Гаитини бошқарган ва 2001 йилда қайта сайланган. 2004 йил бошида мухолифат уни коррупцияда айблаган ва бутун мамлакат бўйлаб ҳукуматга қарши намойишлар бошланган. Президентнинг рақиблари барча йирик шаҳарларни эгаллаб олди ва “Гаити озодлик фронти”ни туздилар. Ўша йили 29 февраль куни Аристид америкалик ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинган ва АҚШ ҳарбий самолёти бортида Марказий Африка Республикасига олиб кетилди. Унинг мазкур мамлакатга ўтказилишида Канада ва Франция расмийлари ҳам иштирок этгани маълум.
Аристид ўзининг вазиятини “давлат тўнтариши ёки замонавий одам ўғирлаш қурбони” деб таърифлаган. У аввал Марказий Африка Республикасида, кейин Жанубий Африкада сургунда яшади. 2011 йил март ойида Вашингтон норозилигига қарамай ватанига қайтди, аммо сиёсий фаолиятини давом эттирмади.
Муҳаммад Мосаддиқ
Эрондаги Муҳаммад Мосаддиқ ҳукуматининг ағдарилиши АҚШ иштирок этган классик операциялардан саналади. Бироқ бу тўнтаришдан кўпроқ Буюк Британия манфаатдор эди. У 1953 йилда содир бўлган. Эроннинг демократик йўл билан сайланган бош вазири Муҳаммад Мосаддиқ 1953 йилда АҚШ ва Британия разведка агентликлари томонидан “Аякс” операцияси доирасида уюштирилган тўнтариш натижасида, унинг собиқ Британия назоратидаги нефть саноатини миллийлаштиришга уриниши ортидан ағдарилди. Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг режимини қўллаб-қувватлаган тўнтариш монархияни мустаҳкамлади, аммо Эронда Ғарбга қарши кайфиятни сочди, кўпчиликнинг фикрича, мазкур аралашув вақти келиб 1979 йилги Ислом инқилобига замин ҳозирлади. Мосаддиқ Англия-Эрон нефть компаниясини (AIOC) миллийлаштириб, ўз даромадлари устидан назоратни йўқотган Британияни ғазаблантирди. АҚШ эса Эроннинг СССРга яқинлашиши ва бу минтақадаги кучлар мувозанатига таъсир қилиши мумкинлигидан қўрқарди. Ғарб давлатлари нефть ресурслари устидан назоратни тикламоқчи бўлиб, шоҳ ҳокимиятини чеклашга уринаётган Мосаддиқнинг таъсирини сусайтирмоқчи эди.

АҚШ “йиқита олмаган” раҳбар
Шуни таъкидлаш керакки, АҚШнинг барча уринишлари муваффақиятли бўлмади. Айрим таҳлилчилар Куба собиқ раҳбари Фидель Кастро ҳокимияти Вашингтон босимида дош бера олганини иддао қиладилар. Фидель Кастро, Вашингтоннинг бир неча ўн йиллик сиёсий, иқтисодий ва разведка босимига, шунингдек, кўплаб эҳтимолий суиқасд уринишларига қарамай, ҳокимиятда қолишга муваффақ бўлди. Бу факт АҚШ таъсири ҳар доим ҳам ўз самарасини бермаслигининг ёрқин намунаси сифатида тарихга кирди. АҚШнинг турли даврларда амалга оширилган бевосита ва билвосита аралашувлари халқаро муносабатлар тизимида чуқур из қолдирди. Венесуэла билан боғлиқ сўнгги воқеалар халқаро ҳуқуқнинг самарасизлиги ва буюк давлатлар ўз муаммоларини куч йўли билан ҳал қилишни афзал кўраётгани ҳақидаги долзарб муаммони яна бир бор кўтарди.
Аброр Зоҳидов,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0