Кореяда аҳоли сони қисқармоқда
Мамлакатда сўнгги икки йилда туғилишлар сони ўсиш суръатини кўрсатаётганига қарамай, аҳолининг умумий сони камайишда давом этмоқда. Бу ҳақда Маъмурий ишлар ва хавфсизлик вазирлиги маълум қилди.
Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили мамлакат бўйлаб туғилишлар сони 258 минг 242 нафарни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2024 йилдаги 242 минг 334 нафарга нисбатан қарийб 15 мингга кўп. Бироқ шу даврда вафот этганлар сони 366 минг 149 нафарни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 5 минг нафарга ошган.
Натижада, вафот этганлар сони туғилганлардан 107 минг 907 нафарга кўп бўлиб, мамлакатда табиий аҳоли қисқариши давом этмоқда.
2025 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, мамлакатдаги доимий рўйхатга олинган аҳоли сони 51 миллион 117 минг 378 нафарни ташкил этди. Бу 2024 йилга нисбатан қарийб 99 минг нафарга кам. Шу тариқа, мамлакат аҳолиси 2020 йилдан буён кетма-кет олтинчи йил камайиб бормоқда.
Ёш таркибига назар ташланса, аҳоли орасида 50 ёшдагилар улуши энг катта — 16,89 фоиз. Ундан кейин 60 ёшдагилар (15,50%), 40 ёшдагилар (14,83%), 70 ёш ва ундан юқори аҳоли (13,76%) жой олган. 10 ёшгача бўлган болалар улуши эса атиги 5,79 фоизни ташкил этган.
Болалар ва ёшлар сони кескин камайиб бормоқда. Хусусан, 0–17 ёшдаги болалар сони 6 миллион 644 минг нафар бўлиб, бу бир йил ичида 231 минг нафарга камайган. Ёшлар ва ёш катталар сони ҳам юз минглаб қисқарган. Айни пайтда 65 ёшдан юқори аҳоли сони 10 миллион 840 минг нафарга етиб, бир йилда 580 минг нафарга ошган.
Шу билан бирга, мамлакатда пойтахт ҳудуди ва бошқа ҳудудлар ўртасидаги аҳоли тафовути тобора кенгайиб бормоқда. Пойтахт ҳудудида аҳоли сони бир йилда 34 минг нафарга ошган, бошқа ҳудудларида эса 133 минг нафарга камайган. Айрим туман ва қишлоқларда аҳоли сони ошган бўлса-да, умумий манзарада ички миграция пойтахт томон йўналганлигини кўрсатмоқда.
Мутахассислар ушбу демографик жараёнлар узоқ муддатли иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни қайта кўриб чиқиш, туғилишни қўллаб-қувватлаш ва ҳудудлар ўртасидаги номутаносибликни камайтириш зарурлигини яна бир бор кун тартибига чиқараётганини таъкидламоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0