73 ёшли отахон 1000 туп банан парваришламоқда
"Бирни кўриб фикр қил,бирни кўриб шукр", деган нақл бор халқимизда. Касби туманининг Жизза қишлоғида истиқомат қилувчи, 73 ёшли Тўра ҳожи Дониёров фаолияти кўпчиликни фикр қилишга ундаса ажабмас. Отахон бугун ҳам фаол меҳнат билан банд.. Нафақада бўлишига қарамай, у киши бекорчиликни ўзига эп кўрмай, самарали фаолият олиб бормоқда.
У раҳбарлик қилаётган “Тўра Асл Асали” сабзавотчилик фермер хўжалигида турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Хусусан, отахон 10 сотих ерда барпо этилган иссиқхонада банан етиштиришни йўлга қўйган.
Икки йил аввал Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидан олиб келинган 250 туп банан кўчати бугун мўл ҳосил бермоқда. Ўтган йили бананлар ҳосилга кириб, кўчатлар орасига экилган бодринг билан биргаликда яхши даромад келтирди. Ҳозирда иссиқхонада 1000 тупга яқин банан кўчати баравж ривожланмоқда.
– Банан етиштиришнинг ҳам ўзига яраша меҳнати бор, - дейди отахон. – Мутахассисларнинг тавсияси асосида иш ташкил этилса, кўзланган натижага эришилади. Бизнинг шароитимизда ҳар бир туп ниҳол 20-30 килограммгача ҳосил беради. Ўзимизда етиштирилгани четдан олиб келинадиган бананлардан анча мазали. Харидори кўп. Ниҳоллари тез кўпаяди.
Шунингдек, у яна 15 сотих ерда янги иссиқхона қуриб, лимон етиштиришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Фермер хўжалиги ҳудудида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, парваришланмоқда.
Хўжаликда паррандачилик ҳам йўлга қўйилган. Яқинда 5 тоннадан ортиқ товуқ гўшти маҳаллий бозорларга етказиб берилди. Ҳозирда 6 минг дона жўжа парваришланиб, уларнинг белгиланган вазнга етиши учун зарур шароитлар яратилган.
Баҳодир Ҳалимов, Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0