Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига!
МТТлардаги заҳарланишларга ким жавоб беради?
Келажагимиз эгалари бўлмиш болаларга ғамхўрлик, эътибор, хусусан, мактабгача таълим муассасаларида болажонларни овқатлантириш қай даражада?
Фактларга мурожаат қилсак, 2025 йилнинг сентябрида Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон, Пискент ва Бўка туманларидаги боғчаларда 2 мингдан зиёд болалар заҳарланган. Ўтаётган йил 21 февралда эса, Фарғона шаҳридаги учта давлат боғчасидан 62 нафар бола шифохонага ётқизилган.
Албатта, бу каби аянчли ҳолатлар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Узоқ йиллар боғчада ҳамшира бўлиб ишлаган Андижон вилояти, Избоскан туманида яшовчи Маъмурахон Мирзаеванинг айтишича, бир сафар боғчага истеъмолга мутлақо яроқсиз, ичи қорайиб кетган тарвузлар келтиришган. Бошқа сафар эса музлаган, ириган олмаларни «ихтиёрий равишда» қабул қилиб олишган экан.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига саволларимиз қуйидагича:
МТТларда болаларнинг овқатланишига мутахассислар, яъни педиатр-шифокорлар, тажрибали диетологлар жалб этилиши керак эмасми?
Бугун ҳеч кимга сир эмаски, МТТлардан аксариятининг менюсини углеводга бой егуликлар, шакар, ун, макарон ва маргарин каби маҳсулотлар ташкил этади. Менюларда таомлар деярли бир хил, хилма-хиллик йўқ. Ушбу маҳсулотларнинг кўп миқдорда берилишининг тарбияланувчиларга фойдасидан кўра зиёни кўплигини ҳам биламизми? Шу нуқтаи назардан қараганда, боғчалар менюсини кичкинтойлар организми учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан бойитиш вақти келмадими?
Бизнинг иқлим шароитимизда озиқ-овқатлар тезда истеъмолга яроқсиз ҳолатга келади. Бунинг олдини олиш учун озиқ-овқат тайёрланадиган, сақланадиган ташкилотлар ва охирги манзил – болалар боғчалари етарли даражада совиткичлар билан таъминланганми?
Яна бир оғриқли муаммо: болалар боғчаларида ҳаминқадар ойлик маошга ишлаётган (уларнинг кўпчилиги уй бекалари) ошпазларни махсус ўқитиш зарур эмасми? Шунингдек, соҳада шаффофлик етишмаётгани ҳам бор гап. Ҳолбуки, ота-оналар ва кенг жамоатчилик боғчада берилаётган таомлар сифати ва таркиби ҳақида исталган вақтда тўлиқ маълумот олиш имкониятига эга бўлишлари керак. Тизимни очиқ ва жамоатчилик назоратига тайёр ҳолатга келтириш бўйича амалий қадамлар қачон ташланади?
Анваржон ҲАЛИМОВ
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0