«Қафас»даги дарахтларни ким қутқаради?
Ўйлаб кўринг, танаси қуёш нуридан маҳрум бўлган, кўзга хунук кўринмаслиги учун ҳар кўйга солинган дарахт кўпга бормаслиги тайин-ку? Юқоридаги ҳолатдан туман экология бўлими хабардорми? Савдо шохобчалари қуришдан аввал қандай талаблар қўйилган?
Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани марказида жойлашган истироҳат боғи атрофидаги кўп йиллик чинорларнинг таг қисми асфальт ва бетон қопламаси билан ёпиб ташланганини кўриб, мақсад дарахт экишми ёки уни нобуд қилишми, деб ўйлаб қоласиз.
Бу ҳам етмагандек, истироҳат боғи атрофида савдо шохобчалари қурилгач, айрим дарахтлар дўкон ичида қолди. «Қафас»да қолган дарахтларнинг тақдири ҳам дўкон эгасининг қўлида қолгандек гўё. Манзарадан кўринадики, дўкон ичидаги дарахтларнинг соғлом ўсишига йўл қўйилмаган, у худди «декаратив»га айлантирилгандек. Энди ўйлаб кўринг, танаси қуёш нуридан маҳрум бўлган, кўзга хунук кўринмаслиги учун ҳар кўйга солинган дарахт кўпга бормаслиги тайин-ку?
Юқоридаги ҳолатдан туман экология бўлими хабардорми? Савдо шохобчалари қуришдан аввал қандай талаблар қўйилган? Дарахтларни дўкон ичида қолдириш қанчалик тўғри? Қизиғи, таг қисми бетонлаб, асфальтланган ва дўкон ичида қолган дарахтлар туман ҳокимлигидан нари борса, 300 метр узоқликда жойлашган.
Ҳар бир дарахт – туман аҳолиси учун соғлом муҳит ва тоза ҳаводир. Агар табиатни асраб-авайламасак, миллионлаб дарахт экишдан ҳам маъно йўқ. Ўйлаймизки, туман мутасаддилари ҳали чинорлар қуриб қолмасидан мазкур ҳолатни назоратга олишади.
Жамшид ЭРГАШЕВ
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0